Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:12

Афғонлар келажак хавфсизлигидан чўчимоқда


2001 йилда Афғонистонни ишғол қилган халқаро кучлар мамлакатдан чиқиб кетишга ҳозирлик бошлаган айни кунларда маҳаллий кучлар хавфсизлик учун масъулиятни ўз зиммасига олмоқда. Ғарб қўшинларининг Афғонистонни тарк этиш режаси муайян гуруҳлар томонидан олқишланмоқда. Айни пайтда¸ оддий афғонистонликлар маҳаллий кучларнинг хавфсизликни сақлаб қола олишга қодир эмаслигидан қўрқмоқда.

Ҳозирда АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кучлари 2014 йил охирига қадар Афғонистондан чиқиб кетиш тараддудини бошлади. Бу жараëндан руҳланган кўплаб афғонистонликлар мамлакатнинг хориж ҳарбийлари ишғолидаги тарихини ëпишга чоғланмоқда.

АҚШ аскарлари Қуръон нусхаларини ëқиб¸ Америка аскари 17 нафар афғонистонликни отиб ташлаганидан сўнг¸ айниқса¸ хориж қўшинларидан афғонлар тупроғини тарк этиш талаблари кучайди.

Бу урушнинг асосий ташаббусчиси АҚШда ҳам солиқ тўловчиларнинг аксар кўпчилиги Афғонистондан Америка аскарларини уйга қайтариш талабини кучайтирмоқда.

Хориж қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши мамлакат хавфсизлигини сақлаш масъулиятининг тўлиғича афғон армияси ва хавфсизлик кучларига топширилишини англатади.

Аммо Толибон ва Ал-Қоида жанггарилари Афғонистонда ҳамон фаол бўлиб қолаëтган бир пайтда¸ мамлакат миллий кучлари хавфсизликни назорат қилишни эплай оладими?

Озодликнинг Афғонистондаги мухбирлари ўтказган сўровда қатнашганларнинг бир гуруҳи¸ бу саволга комил ишонч билан “Ҳа!” деб жавоб берган бўлса¸ аксар кўпчилик хориж давлатларининг энг сўнгги ҳарбий жиҳозлар билан қуролланган 130 минглик қўшини чиқиб кетгач¸ на рисоладагидай қуролланган ва на тегишли ҳарбий машқдан ўтган кам сонли афғон армияси Толибон ва Ал-Қоида таҳликасини бартараф қилишга қодир эмаслигидан ташвиш билдирди.

Жанубий Ҳелманд вилоятида фермерлик қиладиган Абдулла 173 минг аскар ва 130 минг полициячиси бор Афғонистон хавфсизлик кучларининг НАТО қўшинлари чиқиб кетгач¸ хавфсизликни таъминлай олишига ишонмайди.

- Афғон кучлари молиявий жиҳатдан ëмон таъминлангани боис¸ бизни ҳимоя қила олишига кўзим етмайди. Биринчидан¸ уларнинг сони оз. Иккинчидан¸ улар лозим даражада қуролланмаган. Шу боис¸ улар хавфсизликни таъминлашга тайëр эмас. Ҳозирча Толибон жанггариларини НАТО учқичлари ҳаводан тўхтатиб турибди. НАТО қўшинлари чиқиб кетиши билан¸ Толибон бутун Афғонистонни қайта ўз қўлига олади¸ дейди Абдулла.

Яқинда 17 нафар тинч аҳоли Америка аскари томонидан ўлдирилган Қандаҳорда хориж кучларининг чиқиб кетишини талаб қилувчилар сони кўпроқ.ж

Аҳвол хориж ҳарбийлари чиқиб кетгач ўнгланишини айтаëтган Гул Биби каби аксар қандаҳорликлар¸ афғон хавфсизлик кучларининг вазиятни назорат қила олишига ишонади.

- Биз америкаликларнинг ватанимизда ортиқ қолишларини истамаймиз. Бизнинг ўз ҳаëтимиз бор. Ўзимизнинг армиямиз бор ва Афғонистонни қайта қуришни ўзимиз эплаймиз. Аскарларимиз бизни ҳимоя қила олади. Америка бизга дўст эмас. Улар бу ерга биз билан дўст бўлиш учун келгани йўқ. Толиблар ҳам афғон ва улар ҳам биз каби халқ билан¸ ҳарбийларимиз билан тинчликда яшай олади¸ дейди қандаҳорлик кекса аëл Гул Биби.

Афғонистоннинг Покистонга туташ шарқий ҳудудларидаги аҳоли Ғарб давлатларининг ҳарбий ва молиявий кўмагисиз Афғонистон яна уруш ва анархия домига тортилишидан қўрқадилар.

Кунар вилоятида яшовчи Ҳумейра¸ афғон аскарлари на ўзлари ва на бошқаларни ҳимоя қила олмаслиги боис¸ НАТО чиқиб кетгач яна Толибон ҳокимиятга қайтишидан қўрқади. Бу эса¸ дейди ëш аëл¸ хотин-қизлар учун на ўқиш ва на ишлаш имкони қолди¸ демакдир

- Агар хориж ҳарбийлари бизнинг вилоятдан чиқиб кетса¸ афғон кучлари якка ўзи Афғонистонни мудофаа қила олмайди. Чунки бизнинг аскарларда Ғарб ҳарбийларидаги нарсаларнинг ҳеч бири¸ айниқса¸ кучли қурол йўқ. Толибон халқаро кучлар Афғонистондан чиқиб кетишини пойлаб ўтирибди. НАТО бу ердан кетиши билан¸ улар яна ҳокимиятга қайтади. Толибон келса¸ қизлар яна мактабсиз¸ опа-сингилларимиз яна ишсиз қолади¸ дейди Ҳумейра.
XS
SM
MD
LG