Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:43

Туркманистонда ҳамма физкультура қилмоқда


Жорий ҳафта Туркманистон дўконлари пештахтасидан спиртли ичимликлар олиб ташланди.
Жорий ҳафта Туркманистон дўконлари пештахтасидан спиртли ичимликлар олиб ташланди.

Халқаро майдонда Жаҳон саломатлик куни сифатида нишонланадиган 7 апрел арафасида Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов мамлакат аҳолиси орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳақида кўрсатма берди. Бу кўрсатма ортидан 2-8 апрел кунлари Туркманистонда “Соғлиқ ва бахтиëрлик ҳафтаси” деб белгиланди.

Президент Бердимуҳаммедовнинг “Соғлиқ ва бахтиëрлик ҳафтаси” ташаббусини бир овоздан маъқуллаган туркман расмийлари жорий ҳафта давомида мамлакат бўйлаб турли спорт мусобақалари уюштириб¸ туркманистонликларни соғлом яшашга даъват қилмоқдалар.



Аҳолини актив ҳаëт тарзига тарғиб қилиш доирасида¸ Туркманистонда расмийлар соғлом турмушга қирон келтирувчи¸ деб белгилаган маҳсулотлар савдоси тақиқланди.

Озодликнинг Туркманистондаги ўз мухбирига кўра¸ 2 апрелдан бошлаб мамлакатдаги озиқ-овқат ва ичимлик сотувчи дўкон пештахталаридан спиртли ичимликлар йиғиштириб олинган.

- Мен ўзим одатда савдо қиладиган дўкондаги йигитдан бунинг сабабини сўрасам¸ 9 апрелгача спиртли ичимлик сотишга рухсат йўқлигини билдирди¸ дейди Озодлик мухбири.

“Соғлиқ ва бахтиëрлик ҳафтаси” давомида спиртли ичимлик сотишни тақиқлаш ортидаги мантиққа кўра¸ ароқ каби алкоголлик ичкиликлар инсон саломатлиги ва бахтиëрлиги учун энг катта таҳдидлардан биридир. Тўй-маъракаларда меҳмонларни спиртли ичимлик билан сийлаш нафақат узоқ муддатда улар соғлиғига зиëн еткизади¸ балки кўплаб бахтсиз ҳодисаларга ҳам баҳона бўлади¸ дейишмоқда бу кампанияни тарғиб қилаëтган туркман расмийлари.

Айтилишича¸ 2-8 апрел орасида нафақат дўконларда спиртли ичимлик сотиш тақиқланди¸ балки шу кунлар ичида тўй ва бошқа байрам маросимлар ўтказадиган фуқароларнинг ўз дастурхонига бу ичимликларни тортишига ҳам рухсат берилмайди.

“Тақиқ меваси ширин” деганларидек¸ спиртли ичимликларнинг очиқ савдодан олиб ташланиши¸ бу маҳсулотларнинг қора бозорга кўчишига йўл очади¸ дейди Озодликнинг Туркманистон ичкарисидаги мухбири.

- Бу қатағон билан боғлиқ ҳолда энди спиртли ичимликлар яширин тарзда¸ қиммат баҳода пештахта остидан сотилишга ўтишини кутиш мумкин. Тўй-маъракаси учун спиртли ичимлик оламан деган одам энди ноиложликдан уларни бир неча баробар қимматга олишга мажбур бўлади¸ дейди Озодлик мухбири.

Унга кўра¸ бутун Туркманистон бўйлаб “Соғлиқ ва бахтиëрлик ҳафтаси” бошланиши олдидан халққа бу ҳафтага оид ҳеч қандай тушунтириш¸ хусусан спиртли ичимликлар савдосининг тақиқланишига оид ахборот берилмаган.

Шунинг натижасида туркманистонликлар орасида бундай “бахтиëрлик”ка қарши чиқувчилар ҳам анчагина¸ деб қўшимча қилади Озодлик мухбири.

- Соғлиғимни асраш-асрамаслик менинг шахсий ишим. Хоҳласам ароқ ичаман¸ хоҳламасам¸ ичмайман. Бу ишга давлатнинг аралашиши нотўғри¸ дегувчилар ҳам бор¸ дейди Туркманистондаги Озодлик мухбири.

Туркманистоннинг давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари “Соғлиқ ва бахтиëрлик ҳафтаси”да оддий туркманлар учун ўрнак бўларли¸ нусха кўчургулик қаҳрамон ҳаëтини тинимсиз тарғиб қилмоқдалар.

Уларга кўра¸ бугун туркманистонликларнинг бари президент Қурбонқули Бердимуҳаммедовдан илҳомланиб¸ ундан ўрнак олмоқлари даркор.

“На ичиб¸ на чекадиган туркман сардори бўш вақтида чавандозлик билан шуғулланади”¸ деб ëзмоқда туркман ахборот воситалари.

Дунë бўйлаб инсон эркинлари вазиятини кузатиб келувчи Freedom House каби ташкилотлар Туркманистонни Шимолий Корея билан бир қаторда фуқароларнинг аксар эркинликлари ялпи поймол қилинадиган энг ëпиқ давлат сифатида баҳолаб келади.
XS
SM
MD
LG