Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:55

Гулнора Усмон Қуръони нусхасини Дубайга олиб борди


Ўзбекистон Маданияти ва санъати жамғармаси Дубайда Ўзбекистоннинг қадимий ва ноёб қўлёзмаларини намойиш қилди.


Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида “Ўзбекистон хаттотлик, миниатюра ва анъанавий санъати” кўргазмаси очилди.

Расмий хабарларга кўра, кўргазмага ўзбек амалий санъати намуналари, қадимий ва ноёб қўлёзма китоблар, шу жумладан, Усмон Қуръони нусхаси қўйилган.

Мазкур кўргазма Ўзбекистон Маданияти ва санъати жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилди.

Жамғармадан олинган маълумотга кўра, Султон Бин Али ал-Увайс Маданият жамғармаси биносида бўлган очилиш маросимини Дубай амирлиги шаҳзодаси шайх Мажид бин Рашид Ал-Мактум билан бирга Ўзбекистон Маданияти ва санъати жамғармаси раҳбари Гулнора Каримова очиб берган.

Расмий маълумотга кўра, кўргазма уч қисмдан иборат. Унда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ва мамлакатдаги бошқа хусусий коллецияларда бўлган қадимий қўлёзмалар ва мамлакатнинг турли вилоятларидан йиғилган халқ амалий санъати намуналари қўйилган.

Ушбу кўргазма ичидаги аксар экспонатларнинг илк бор хорижда намойиш қилинаётгани ҳам айтилди.

Кўргазма марказида Бирлашган Араб Амирликларига илк бор келтирилган Усмон Қуръони нусхаси бўлган.

Маълумотларга кўра, дунёда Халифа Усмон топшириғи билан терига битилган жами 4 дона Қуръон нусхаси бор.

Шунингдек, ушбу кўргазмада қадимий кийимлар, хусусан, Бухоро амирлиги даврида саройда кийилган хос кийимлар ҳам намойиш қилинмоқда.

Исломга эътиқод қилувчи ва кўплаб олимлари билан дунёга танилган Ўзбекистондан борган бундай ноёб кўргазманинг БАА да жуда катта қизиқиш уйғотгани айтилмоқда.

Бу кўргазма очилиш маросимида эса Ўзбекистон Маданияти ва санъати жамғармаси таклифи билан Россиядан борган таниқли маданият арбоблари ҳам иштирок этгани айтилди.

Жумладан, Christi's кимошди савдо уйининг Москвадаги минтақавий директори Гай Весининг тадбирда иштирок этгани хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG