Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:46

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли товламачиликда айбланмоқда


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг фарғоналик фаоли Эркин Қўзиев товламачилик ва пора берганликда айбланаяпти.

“Эзгулик” жамияти тарқатган маълумотга кўра, ташкилотнинг Фарғона вилоят Ўзбекистон тумани раиси бўлган Эркин Қўзиев туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Адҳамжон Ҳамдамов билан биргаликда гўё товламачилик йўли билан фуқаро Муҳаммаджон Бойматовдан 3200 АҚШ доллари миқдорида пул олганликда айбланаяпти.

Маълумотларга кўра, шу йил 2 январида Муҳаммаджон Бойматов ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза ёзганидан сўнг айбланувчи Адҳамжон Ҳамдамов унга пулларни қайтариб берган.

“Эзгулик”нинг ёзишича, шу билан ҳуқуқ фаоли Эркин Қўзиевга дахли бўлмаган бу иш ёпилиши керак эди. Боз устига, фуқаро Бойматов ўзининг Қўзиевга эътирози йўқлигини билдирган.

Мазкур иш бўйича туман ҳокимининг ўринбосари Адҳамжон Ҳамдамов амнистия билан қутулган, бироқ Эркин Қўзиев иши судга юборилган.

“Эзгулик” фаоли Қўзиев ўзининг айбсизлигини айтаркан, унга қарши бу иш маҳаллий ҳокимият қиш мавсумида аҳолини газсиз қолдиргани ҳақида юқори ташкилотларга арз қилганидан кейин қўзғатилганини таъкидлайди.

Агар судда Қўзиевнинг айби исботлангудек бўлса, унга 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Эркин Қўзиевга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини урғулаган “Эзгулик” жамияти судни адолатли қарор чиқаришга ундаган.
XS
SM
MD
LG