Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:57

Путин Россиядаги сиёсий гуруҳларни бирликка чақирди


Путин уни яна президентликка олиб келган сайловдан кейин гуруҳлар ўртасида авж олган "сиёсий кураш"ни бир четга суриш вақти келганига ишорат қилди.

Россия президентлигига қайта сайланган Владимир Путин бугун Давлат думаси депутатлари олдида ҳукумат раҳбарлигидаги фаолияти бўйича ҳисобот берди.

У нутқи давомида мамлакатда парламент ва президент сайловларидан бери кузатилаётган тарангликни кўтариш учун сиёсий кучларни ҳамкорликка чақирди.

Унга кўра, ҳозир мамлакатни ривожлантиришнинг энг тезкор йўли сиёсий гуруҳлар иттифоқидир.

- Ҳар қандай озчилик кўпчиликнинг қарорини ҳурмат қилиши лозим. Тўғри, бу борада мавжуд тартибларни балки яхшилаш керакдир. Бунинг учун эса ҳаммамиз бирга ишлашимиз керак, - деди Владимир Путин.

Бош вазир Путин депутатлар олдида ҳисобот берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:11 0:00


Путин 2000-2008 йиллар оралиғида бир бор Россияга президент бўлган. Унинг эндиги 6 йиллик муддат учун инагурация маросими 7 май кунига белгиланган.

Унинг ўз ўрнига — яъни, мамлакат бош вазирлигига Дмитрий Медведевни тайинлаши кутилмоқда.

Бош вазир сифатидаги охирги йиллик чиқишида сўзлаган Путин ўз ҳукуматининг асосий ютуғи сифатида мамлакат иқтисодининг барқарорлашганини тилга олди.

Шунингдек, Путин Россияда ҳануз ечимсиз қолаётган йирик муаммо сифатида аҳоли қатламлари даромадидаги фарқланишни тилга олди.

Россияда ўтган йили декабрда бўлган парламент сайлови ва бу йил мартда бўлган президентлик сайловидан бери сайлов натижалари сохталаштирилганини даъво қилаётган мухолиф гуруҳларнинг норозилик ҳаракатлари давом этмоқда.

Бу ҳаракатларга ишорат қилган Путин сайловлардан кейинги "сиёсий кураш"ни йиғиштириб, энди мамлакатни ривожлантириш ҳаракатига тушиш кераклигини таъкидлади.

- Биз ҳаммамиз ягона Россия учун курашяпмиз ва унинг замонавий, илғор ривожи тараққиёт йўлида ҳаракатланаётган барча сиёсий гуруҳларни бирлаштирувчи мақсад бўлиши лозим, - деди Путин.

У 2008-2009 йиллардаги иқтисодий инқирозни тилга олди. Унинг оқибатлари Россия ривожига жиддий таъсир кўрсатгани, аммо ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ўтган йили иқтисодий кўрсаткичлар ошгани, хусусан, ички ялпи маҳсулот ҳажми 41 миллион рублга ошганини алоҳида урғулади.

- Россия ривожига оид барча муҳим кўрсаткичларда ижобий динамика кузатилмоқда. Бу ижобий силжишлар айрим Европа давлатлари ва бошқа минтақалардаги давлатларда инқироз сурункали тус олган ва узоққа чўзилган рецессияга айланган бир даврда кузатилмоқда, - деди Владимир Путин.

Шунингдек, Путин Россияда аҳоли сонининг 143 миллионлик маррадан ўтганини ҳам ўз бош вазирлигидаги муҳим кўрсаткичлардан бири сифатида таъкидлади.

Унга кўра, иккинчи ва учинчи фарзандни кўрган аёллар сони 45 фоизга ошган ва 2008-2011 йилда туғилган болалар сони 7 миллионга етган.

Владимир Путиннинг бу нутқидан бир неча соат аввал мухолиф гуруҳлар вакиллари Россия Давлат думаси биноси ёнига йиғилишга ва намойиш ўтказишга уринди.

Аммо, уларга полиция қаршилик қилди ва бир неча кишини ҳибсга олди.
XS
SM
MD
LG