Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:05

Ўзбекларни Россияга қайси йўллар элтмоқда


Қозоғистонда 51 ўриндиқли автобусда 108 ўзбек фуқароси Россияга кетаëтганида тўхтатиб қолинди. Техник носоз уловларда тиқилинч бўлиб Россияга кетаëтган ўзбеклар карвони сафлари эса қуюқлашиб бормоқда.

Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида 10 апрел куни ўзбеклар тушган икки автобус тўхтатилди.

51 ўриндиқли автобусга 108 киши жойлаштирилгани Қозоғистон йўл полицияси эътирозига сабаб бўлди.

Ҳайдовчилар жаримага тортилди. Ўзбекистондан Россияга ишлаш учун кетаëтган автобус йўловчилари эса автобусдан тушириб қолдирилди.

Полициячилар уларга бошқа транспорт воситасида Қозоғистондан чиқиб кетишни таклиф қилди.

Бундан олдин Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида лиқ тўла автобус юкхонасида одам олиб кетаëтган ўзбек ҳайдовчиси жаримага тортилган эди.

Кунлар исиган сари Ўзбекистондан Россияга иш ахтариб кетаëтганлар карвони эса, полиция чекловларига қармасдан, гавжумлашмоқда.

Учоқ ва поездларга чипталар олдиндан сотиб бўлинган, автобуслар ва енгил автомашиналарда Россияга кетаëтганлар эса кўпайгани кузатилади.

Ўзбеклар қайси йўллар ва қандай машаққатлар билан Россияга етиб бормоқда?

Ана шу савол жавобини бу йўлларда бир икки пойабзални кўпроқ йиртганлардан сўрадик.

21 йилдан бери ўзининг Волга машинасида Ўзбекистон ва Россия ўртасида юзлаб марта бориб келган ўзбекистонлик тадбиркор Усмон Баротов ўз ҳамюртларининг Россияга етиб бориш учун барча воситалардан фойдаланаётганини айтади.

- Учоқ, поезд, автобус ва таксида келишади. Тошкент ва Самарқанддан учоқ учади, Тошкентдан поезд юради. Хоразм ва Бухородан автобусларда келишмоқда. Кейинги пайтда Урганч ва Бухородан таксилар ҳам бориб келиб турибди.

Суҳбатдошга кўра “Газел”, ”Хюндай” русумли микроавтобуслар ҳам Россияга Ўзбекистондан одам ташимоқда.

- Автобуслардаги ўриндиқлар сонидан кўра йўловчиларнинг икки баравар кўплиги одатий ҳолга айланган, дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра, айни пайтда ўзбек мардикорлари учун қиммат бўлса ҳам қулай восита учоқдир

Самолёт

Асли андижонлик 29 яшар Нилуфар беш-олти йилдан бери Мурманскда ишлайди. Топиш-тутиши яхши бўлгани боис Нилуфар Ўзбекистондан Россияга самолёт воситасида келади.

Самолёт ичи ўзбек гастарбайтерлари билан тўлиқ бўлади, дейди Нилуфар.

Суҳбатдошга кўра, Тошкент аэропортидан самолётга чиқишгача бўлган масофа жуда азобли.

- Ëмон текшириб қўйишади. Айниқса, Россия фуқаролигини олган ўзбекларни. Кейин турли аэропорт ходимлари ўз “хизматларини” таклиф қилавериб безор қилишади. Самолётга чиққандан кейин тин олиб атрофга қарасам уч тоифа ўзбекларни кўраман, дейди Нилуфар.

- Булар иш излаб энди чиққан ўзбеклар, Россияда муқим ишлаб юрган ўзбеклар ва Россия фуқаролигини олган ўзбеклар. Бу ўзбекларни бир қарашда дарров бошқалардан ажратиб оламан, дейди Нилуфар.

Поезд

58 яшар Облоқул ака мана 20 йилдирки Тошкент Москва поездида проводниклик қилади.

Ўзбек меҳнат муҳожирларининг гоҳ сусайиб, гоҳ кучайган оқими ҳақида Облоқул ака яхши билади.

- Ўзбеклар ўзи азалдан Москвага поездда боришган. Совет пайтида Самолёт билети 50 сўм бўлганида поезд 30 сўм эди. Одамлар 20 сўм тафовути учун поездни танлашар эди. Ҳозир ҳам иложи бўлса, кўпчилик поездда юради.

Облоқул ака поездни сўнгги 20 йилда ўзбекистонликларни иқтисодий муаммолардан қутултирган нажот йўли бўлганига ишонади.

- Торпеда қовун олиб келиб қайтишда дори олиб кетиб тирикчилик қилишганини биламан. Кейин қоп-қоп кўрпа жилд, чойшаб ташиб Россияда сотишди. Ҳозир эса қуруқ қўл билан ишлашга келишяпти. Қайтганда ҳам қуруқ қўл билан қайтишяпти. Пулларни банкдан жўнатиб қайтишмоқда.

Самарқандлик Раҳимжон Россиядаги қурилишлардан бирида ишлайди. У доимо поездда келишини айтади.

- Илгари чипта олмаган йўловчилар кўп бўларди. Ҳозир анча тартибга тушиб қолди. Фақат поездни бир камчилиги бор бекатда сизни текшириб ушлаб қолишса, поезд кутиб турмайди. Автобус эса то муаммонгиз ҳал бўлгунга қадар кутиб туради.

Автобус

Самарқандлик Раҳимжон айтган ҳолат, яъни автобусда Россияга қатнаш нисбатан янги давр маҳсули. Совет даврида Ўзбекистон ва Россия ўртасида автобус қатнови бўлмаган.

Бу автобуслар 90–йилларда пайдо бўлди, дейди 1991 йили Россиядаги ўзбекларнинг илк уюшмаси “Ватандош”ни ташкил қилган Усмон ака Баротов.

- Автобуслар арзон бўлгани боис ўзбекларни ўзига жалб қилмоқда. Лекин бу автобусларда 5000 километр йўлни ўн кун ичида босиб ўтиш гўр азобига айланган, дейди суҳбатдош.

Усмон ака ўз енгил машинасида Ўзбекистонга кетаëтиб кўрган фожеасини сира унутмайди.

- 2006 йилнинг қишида Устюрт биëбонида бир автобус бузилиб қолган. Автобус ичидаги 33 йўловчи музлаб ўлган эди. Умуман Автобусда Қозоғистондан ўтиш жаҳаннам азоби, дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Қозоғистон ёки Россияга ишлаш учун кетаётганда ҳаракатланиш воситаси сифатида автобусларни танлашади.

- Ҳайдовчиларга одам қанча кўп бўлса, шунча яхши, шунинг учун имкон қадар кўпроқ одам олишга ҳаракат қилади. Йўловчиларга ҳам энди уларни 120 долларга Ўзбекистондан бу ерга Москвага ҳеч ким келтирмайдику,- дейди Москвада киракашлик қилаётган хоразмлик Азамат.

Унинг айтишича, кўп ҳолларда ҳайдовчилар пулга учиб хавфсизлик қоидаларига риоя қилмайди, бунинг оқибатида автоҳалокатлар тез-тез рўй бериб туради.

Бундан бир йилча олдин Жамбил вилоятида рўй берган автаҳалокатда 20 киши ҳалок бўлган ва уларнинг аксари Ўзбекистон фуқаролари бўлган эди.

Икарус автобусида Россияга 15 кунлик саëҳат ўзбек баҳшилари тилида қўшиқ бўлиб янгради.

Такси

Бухородан Москвага қатнаëтган таксилар пайдо бўлди, дейди самарқандлик Раҳимжон:

- Нексиялар қатнаяпти. 7 минг рублдан киши бошига. Бухоро ва Урганчдан Москвага келишяпти.

Раҳимжоннинг айтишича, Москвага бир бориб келган ҳайдовчи минг долларга яқин фойда кўради.

Усмонжон ака эса, шу пайтгача Ўзбекистондан одам қатнаб бойиган таксичини кўрмаганини айтади.

Йўл азоби гўр азоби

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги масофани автомобилда босиб ўтаëтганимда бу мақол ҳар доим эсга тушади дейди Усмон ака Баротов:

- Мен кейинги 20 йил мобайнида Россияга Ўзбекистондан қайси йўл билан келиб кетиш мумкин бўлса, ҳаммасини синаб кўрдим. Самара орқали Устюрт устидан машаққатли аммо яқин йўл бор. Урал тарафдан борадиган йўлни сифати яхши аммо узоқ. Умуман йўллар Сталинград жангидан кейинги вайроналарга ўхшайди.

Ўлик йўловчилар

Ўзбекистондан Россияга бораëтганлар сони кўпайган сайин ҳар турли сабаблар билан ўлган муҳожирлар сони ҳам кўпайгани кузатилди.

“Ватандош” жамияти раҳбари бўлган Усмон Баротов кейинги пайтда жасад транспортировкаси кўпайганини айтади.

- Пули борлар самолётда жасад жўнатади. Пули камлар поездда. Қиш пайтида автобус ва енгил машинада ҳам олиб кетишяпти ўлган ўзбекларнинг жасадларини. Аммо ëз пайтида мурда сасиб йўловчиларни беором қилиши мумкин.

Баротовга кўра, автобус ва енгил автомашиналар жасад учун тирик одамдан қанча пул олишса шунча олишади:

- Самолет ва поездда груз 200 деган қатъий нарх бор. Иложи бўлмаганлар ўз яқинларини Россияда кўмиб қўя қолишяпти.

Бу йўллар кўп қадим йўллардир

Бугунги суҳбатдошларимизнинг барчаси Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги беш минг километрлик йўлни ҳар турли воситаларда босиб ўтишган.

Бир вақтлар туя карвонлари юрган йўлларда бугун эски автобуслар, янги нексиялар Ўзбекистондан Россияга одам ташимоқда.

Ўзбек шоири Ғафур Ғулом 1931 йилда бу йўлларга бағишлаб мана бу мисраларни ëзган эди.

Бу йўллар кўп қадим йўллардир.
Беш миллион, ўн миллион нафар қуллар ва туллар
Нон дея нон дея гезариб лаби, босароқ кечмишдир.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:47 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG