Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:11

Тошкентдаги дов-дарахтлар хавф остида


Зараркунанда ҳашаротлар хуружи туфайли Тошкент шаҳридаги дарахтлар хавф остида қолаётгани айтилмоқда.

Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси қошидаги мутахассислар гуруҳи бир неча тумандаги дов-дарахтни синчиклаб текшириб чиққан.

Тафтишларда бевосита иштирок этган, экология мавзусига ихтисослашган журналист Наталия Шулепинанинг Sreda.uz нашри орқали маълум қилишича, зараркунандалар ҳужумидан танаси илма-тешик бўлган чинор, эман, заранг, арча каби дарахт ва буталар аниқланган.

Илгари пўстлоқхўр қўнғизлар асосан юмшоқ танали дарахтларга қирон келтирган бўлса, эндиликда зараркунандалар қаттиқ танали дарахтларга ўтгани айтилмоқда.

Азим чинорлар нидоси


Пойтахтнинг Муқимий кўчасига йўли тушганлар кўкка бўй чўзган азим чинорларга кўзи тушмай қолмайди.

Мутахассислардан иборат гуруҳ кўрик пайти бу ердаги аксар чинорлар танасига зараркунанда ҳашаротлар ин қурганини қайд этган.

Шунингдек, экспертлар Чилонзор тумани Қатортол мавзесидаги чинорларни ҳам кўздан кечирган.

– Одамлар янги уйларга кўчиб келган пайтда, бу ўтган асрнинг 60-йиллари эди, чор-атроф тақир чўлдек эди. Янги кўчиб келган аҳоли ҳудудга чинор эккан. Бу дарахт ўсиш суръати бўйича теракдан кейинда туради. Кўчатлар бир йилда 1,5-2 метр ўсади. Икки минг йилгача яшайди, - дейди журналист Шулепина.

Мазкур туманда яшовчи Абдуворис исмли отахонга кўра, чинорлар бу ҳудуд микроиқлимини мўътадил сақлашга хизмат қилмоқда.

– Соя-салқин беришда чинорга тенг келадигани кам. Танаси бақувват, шохлари тарвақайлаб ўсади, ерга тангадек офтоб нури туширмайди. Ундан ташқари, яхшигина микроиқлим яратади. Агар эътибор берсангиз, Қатортолда ҳаво ҳарорати ҳатто саратонда ҳам марказга қараганда салқинроқ бўлади. Буям шу чинорлар шарофатидан, – дейди Абдуворис ота.

Шулепинага кўра, Қатортолдаги чинорлар орасида ҳам ҳашаротларга ем бўлганлари талайгина.

Озодлик билан суҳбатлашган зоолог олим бир неча йил олдин Амир Темур хиёбонидаги чинорлар кесилишидан тегишли хулоса чиқариб, қолганларини асраш зарурлигини айтади.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилнинг ноябрида Тошкентнинг Амир Темур хиёбонидаги 100 ёшдан ошган чинорлар ҳеч бир изоҳсиз арралаб ташланганди.

“Импорт” бўлаётган зараркунандалар


Соҳа олимларига кўра, “червец” деб аталган ҳашарот илгари Тошкентда учрамаган.

Маҳаллий журналист ушбу зараркунанда импорт қилинаётган кўчатлар билан бирга келаётганини тахмин қилади.

– Червец Тошкентда пайдо бўлиб қолганига кўп бўлгани йўқ. У чет элдан келтирилган ниҳоллар билан биргаликда кириб келди. Тез урчиш хусусиятига эга. Айниқса, бу ҳашарот игнабарглиларни еб битиради, - дейди Шулепина.

У четдан келаётган ўсимликларни жиддий текширувдан ўтказиш зарурлигини таъкидлайди.

Кимёвий дорилаш тўхтатиб қўйилган


Исми ошкор қилинишини истамаган зоолог олимга кўра, охирги пайтларда Тошкент шаҳридаги дарахтларни кимёвий дорилаш деярли тўхтатиб қўйилган.

– Дарахтларни битталаб текшириб чиқишга тўғри келади. Касал текканларини даволаш, қолганларини кимёвий дорилаш зарур, - дейди зоолог олим.

2003 йилга қадар Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси таркибида ўсимликларни муҳофаза қилиш хизмати фаолият юритган.

Журналист Шулепина дарахтларни асраш чораларини кучайтириш учун ўсимликларни муҳофаза қилиш хизматини тиклаш зарур, деб ҳисоблайди.

Соҳа мутахассиси эса одамлар соғлиғи ўсимликлар саломатлигига боғлиқ эканини урғулайди.

– Яшил ўсимликлар бу мисоли шаҳарнинг ўпкаси. Тоза ҳаво, кислород беради-да. Тасаввур қилинг, битта чоғроқ дарахт йилига 40 кг, қалин шох-шаббалиси 68 кг гача чанг-тўзонни ютади. Демак, битта дарахт касал бўлса, бундан ўнлаб одам зарар кўради! - дейди зоолог олим.

Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасига кўра, пойтахтнинг 35 фоиз ҳудуди ёки 15200 гектар ер яшил майдонлардан иборат.

Шаҳарда 220 дан зиёд дарахт ва бута ўсади. Арча, чинор, эман, жўка, терак, қайрағоч ва каштан кенг тарқалган дарахтлар саналади.

Эътиборсизлик – жиноятга тенг


Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ўсимликлар олами зарарланишига эътиборсизлик жиноят, дея малакаланади.

Жиноят кодексининг 199-моддасига кўра, ўсимликлар зараркунандалари билан кураш талабларини бузиш энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима, 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
XS
SM
MD
LG