Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:48

Афғонистонда ЎИҲнинг яна бир аъзоси ўлдирилди


ЎИҲнинг Қундуз вилоятидаги жанггарилари.
ЎИҲнинг Қундуз вилоятидаги жанггарилари.

Афғонистон ҳарбийлари ва Халқаро коалиция кучлари Таҳор вилоятида ўтказган ҳарбий амалиёт пайтида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) аъзоси йўқ қилинди.


Халқаро кучлар матбуот хизмати 14 апрел кунги рейдда ўлдирилган ЎИҲ аъзосининг исмини ошкор қилмади.

Рейд давомида жанггари эканликда гумон қилинган яна бир неча шахс қўлга олинган, уларга тегишли автоматлар ва гранаталар тортиб олинган.

Сўнгги икки ой давомида ЎИҲнинг Афғонистондаги бир неча юқори лавозимли лидери йўқ қилинди.

8 апрел куни Форёб вилоятининг Алмар минтақасида маҳаллий афғон ҳарбийлари ва халқаро коалиция кучлари ўтказган рейдда ЎИҲ етакчиларидан бири Усмон Соҳиб ўлдирилган эди.

Халқаро кучлар маълумотига кўра, Соҳиб Афғонистон шимолидаги ЎИҲ террорчиларини қуроллар, ўқ-дори ва бошқа зарурий нарсалар билан таъминлаган.

У 2006 йилда икки афғон ва Ярашиш бўйича вилоят комиссиясининг икки аъзоси нобуд бўлган Форёб вилоятидаги ҳужум учун қўлга олиниб, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, аммо қамоқ жазосини атиги олти ой ўтаган.

Усмон Соҳиб 4 апрел куни Маймана шаҳрида худкуш ҳужум уюштирганликда ҳам гумон қилинган. Ҳужум оқибатида олти афғонистонлик, АҚШнинг уч аскари нобуд бўлган, 26 одам яраланган.

Соҳиб Афғонистон ва Халқаро кучлар Форёб вилоятининг Ширин Тағоб туманида 26 март куни ўтказган рейдда ўлдирилган Маҳдум Нусратнинг ўрнини яқинда эгаллаган эди.

Нусратга қарши ўтказилган амалиёт пайтида яна икки исёнчи қўлга олинган. Уларга тегишли бўлган гранатомётлар, автоматлар ва гранаталар тортиб олинган.

Халқаро кучлар расмийларига кўра, Маҳдум Нусрат ЎИҲнинг Афғонистонда фаолият юритган энг юқори лавозимли етакчиси бўлган.

Нусрат сўнгги саккиз ой давомида Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида ҳукумат ва халқаро коалиция аскарларига қарши ҳужумлар уюштиришни бошқариб келган.
XS
SM
MD
LG