Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:52

ЎИҲ Покистон қамоқхонасига ҳужумга масъулиятни иддао қилмоқда


Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг етакчиси Усмон Одил.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг етакчиси Усмон Одил.

Ҳаракатнинг расмий сайтидаги баёнотда ЎИҲ жанггарилари Покистоннинг Банну шаҳридаги қамоқхонага 15 апрел куни уюштирилган ҳужумда иштирок этгани айтилган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Покистонда қамоқхонага уюштирилган ҳужум учун масъулиятни олиб тарқатган баёнотида жумладан бундай дейилган:

"Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг мужоҳидлари минтақадаги ўз ансорлари билан ҳамкорликда ҳижрий қамарий 1433 йил, жумадул аввал ойининг 22 дан 23 га ўтар кечаси, якшанба кеча (14 дан 15 апрелга ўтар кечасида) Покистоннинг шимоли‑ғарбидаги Банну шаҳрида катта жиҳодий амалиёт ўтказдилар.

Шу шаҳарда жойлашган Покистон тоғут ҳукуматининг 4000 дан зиёд асирлар сақланаётган қамоқхонасига ҳужум уюштирилиб, қамоқдагиларнинг барчаси озод этилди. 3000 дан ортиқ мазлум ва мазлумалар ўша онда ҳар томонга тарқалиб, 1000 га яқини мужоҳидлар сафига қўшилдилар", дейилади ЎИҲ нинг расмий сайтида берилган баёнотида.

Ҳаракат баёнотида жангарилардан бирор кишига талофот етмагани, фақат икки киши жароҳатлангани айтилган.

Шунингдек, расмий нотиқ Яҳё Ҳикматий номи битилган баёнотда "ЎИҲ бундан кейин ҳам жиҳодни давом эттириши" билдирилган.

Гранатамёт ва автоматлар билан қуролланган жанггарилар Покистон шимоли-ғарбида жойлашган Банну шаҳри қамоқхонасига якшанбага ўтар кечаси ҳужум қилган ва натижада 384 нафар маҳбус қочиб кетган эди.

Покистон расмийларининг Озодликка айтишича, жанггарилар собиқ президент Парвез Мушаррафга қарши суиқасд қилиш уринишида иштирок этган Аднан Рашидни озод қилиш мақсадида қамоқхонага ҳужум қилган.

Покистон полицияси 384 маҳбус қочишга муваффақ бўлганини тасдиқлади.

Толибон ҳаракати матбуот вакили Асим Маҳсуд ҳужумни толиблар амалга оширганини иддао қилди.

Маҳсуд қамоқхонага уюштирилган ҳужумда 150га яқин “худкуш” иштирок этганини айтди.

Эндиликда Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўз жанггарилари бу амалиётда иштирок этгани ва ҳаракат вакилларидан талофот берилмаганини айтмоқда.

Лекин Толиблардан фарқли равишда ЎИҲ 4000 дан зиёд одам сақланган қамоқхонанинг барча маҳбуслари озод этилгани ва уларнинг жанггари гуруҳлар сафига қўшилганини иддао қилмоқда.
XS
SM
MD
LG