Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:19

Қорасувлик аксар ўзбеклар газдан қарзга чиқарилди


Қишни газсиз ўтказган қорасувлик ўзбекларга газ учун минг-минг сўмлик жарима солинмоқда.
Қишни газсиз ўтказган қорасувлик ўзбекларга газ учун минг-минг сўмлик жарима солинмоқда.

Қорасув шаҳрида яшовчи бир гуруҳ ўзбекларнинг Озодликка билдиришича¸ шаҳарда бораëтган газ ҳисоблагичларни янгилаш жараëни баҳонасида ўзбек оилаларига бир неча минг долларлик жарима солинмоқда.


Қорасув газ идораси ҳисоблагичларни янгилашга қарор қилди

16 апрел куни Озодликка мурожаат қилган қорасувликлар шаҳарнинг Нурохунов кўчасида яшовчи ўзбеклардир. 2010 йил июнида Қирғизистон жанубида юзага чиққан қонли миллий низо ва ундан сўнг ўзбек жамоасига нисбатан давом этаëтган қонунбузарликлар боис¸ суҳбатдошлар ўз исмлари сир қолишини маъқул кўришди.

Уларга кўра¸ шаҳар газ идораси бундан бир ҳафта илгари газ ҳисоблагичларни янгилаш асосида газ қувурлари кўзини бойлаб¸ эскиларини олиб кетган. Янги ҳисоблагич учун эртасига газ идорасига борган ўзбекларнинг аксарига минг-минг сўмлик жарима солишган.

Нурохунов кўчасида яшовчилар орасида нисбатан энг кам жаримага тортилган оила вакили гапиради:

- 9 апрел куни газдан келиб счëтчигимизни чиқариб “Горгазга олиб боринглар. Текширамиз¸ лабораториядан ўтказиб, сизларга янги счëтчик қўйиб берамиз” дейишди. Чиқариб битта салафанга солиб счëтчикни, ўзлари пломбалаб кетишди. Счëтчигимизнинг пломбалари, ҳамма ëғи яхши экан. “Ҳамма ëғи яхши экан. Ойналари синмаган экан” деб акт тузиб, битта актни бизнинг қўлимизга берди, битта актни счëтчикка қўшиб салафанга солиб, салафанни пломбалаб кетишди.

Кейин биз 10 апрел куни олиб чиқдик Ўшга. “Қисқаси, счëтчигинг ичидан яхши ишламай қолган экан. Номерлари яхши нима бўлмаган экан” деб туриб калкуляторга солиб “1640 сўм шртаф тўлайсан” деди¸ дейди 9 апрел куни бошланган жараëнга ойдинлик киритган қорасувлик йигит.

Газ идораси томонидан эски газ ҳисоблагичи нобоп деб топилиб¸ жаримага тортилганлардан яна бирининг Озодликка айтишича¸ атиги икки одамдан иборат бу оилага 301 000 қирғиз сўми ëхуд 6500 АҚШ доллари миқдорида жарима солинган.

- Ўзи “Яхши ишлаяпти, ишлаши нормалний” деб бу ердан чиқариб кетган. У ëққа боргандан кейин “Ëмон ишлаяпти экан. Орқасини очган экансан” деб, туҳматда энди. Бугун мен борсам, “Счëтчигинг ëмон ишлайди” деяптида. Ҳар ой тўлаганман, ҳатто 1000-1500 сўмгача тўлаган кунларим бўлган. Уни ҳисобга олишмаяпти. 500 сўмлик ëқамиз. 12-13 долларлик ëқамиз. Ўзи икки кишимизда оилада. Икки одам ëзилган. Газни фақат овқатга ишлатамиз, чой қайнатгани ишлатилади холос. Ишлатмаган газимизга унча пул тўламаймизда биз. Товуқнинг кетидай жойда яшаймиз ўзи¸ дейди Нурохунов кўчасида яшовчи кичик оила соҳиби.

Квитанция ва акт инобатга олинмаëтир

Озодликка мурожаат қилган қорасувликларнинг айтишича¸ уларнинг қўлида 2003 йилда бугунда эскирган деб топилган газ ҳисоблагичлар ўрнатилганидан бери газ учун тўловни муттасил тарзда амалга ошириб келганликларини тасдиқловчи квитанциялар бор. Бу қоғозлар¸ қолаверса¸ эски ҳисоблагичларни узаëтиб тузилган актда ускунанинг созлиги тасдиқланиб¸ ҳужжатлаштирилганига қарамай¸ газ идораси масъуллари ҳеч бир далил-ҳужжат тақдим қилмаган ҳолда¸ ҳисоблагичларни носоз деб топмоқда. Ҳисоблагич носоз деб топилгач¸ чиқарилаëтган жарима миқдорининг қаердан¸ нимага асосланиб ҳисобланиши ҳақида ҳам аҳолига ҳеч қандай тушунтириш берилмаëтир¸ дейди қорасувликлардан яна бири:

- Мен берганим йўқ. Берадиган пулим ҳам йўқ. Мен мартникини ҳам тўлаганман. Ҳеч қарзим йўқ эди. 45 минг девди, вой десам, кейин 25 минг деди, энди 4600 сўм деяпти. Мен тўламадим. Қандай тўлайман? Тўлайдиган пулим ҳам йўқ менинг.

Қарзим йўқ менинг. Ўзи газ ҳам бўлмайди. Ëндирганимда ҳам майли эди. Икки кўзли кичкина газим бор. У ҳеч қанча айланмайди эканда ўзи. Газ бўлса, битта-иккита чой қайнатиб қўяман. Бўлмаса чой ҳам қайнатавермасдим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда аввалига 45 000 қирғиз сўми¸ ундан 25 000 ва 16 апрелга келиб¸ 4600 сўмлик жарима тўлашга амр этилган аëл.

"Жаримага тортилган қирғизни кўрмадик"

Озодликка мурожаат қилган қорасувликларни газ ҳисоблагичларни янгилаш баҳонасида жаримага тортилаëтганларнинг аксари ўзбеклар экани ташвишга солмоқда.

- Қирғиз нималаримиз кирса, тўполон қилиб бир сўм пул тўламасдан чиқиб кетаяпти. Ўзбеклар борса, устидан тепалаб ўйнаяпти.

- Бу маҳаллада битта қирғиз ҳам бўлгани йўқ. Счëтчиги соғ, деганларники ҳам сўраб-суриштириб кўринглар. Катта хотинлар ҳам борди. Ҳеч ҳам қирғиз хотин деган нарса кўрмадик, қирғиз болани ҳам кўрмадик. Ҳамма ўзбекларни шунақа қилаяпти¸ дейди Озодлик суҳбатлашган қорасувлик ўзбеклар.

Озодлик мухбири қорасувликларнинг мазкур шикоятига муносабат олиш мақсадида Қорасув шаҳар мэри Аҳмад полвон Раҳимов билан боғланди.

Жараëннинг Озодликка боғланган қорасувликлар айтган тарзда бораëтганини тасдиқлаган шаҳар ҳокими¸ бу шикоятлардан хабари борлиги ва унинг ижобий ечими устида ишлаëтганини билдирди.

- Биз Горгазнинг бошлиғини чақириб, жума куни булар билан мажлис ўтказганмиз. Биз документ билан борган эдик, Горгазнинг катталари бўлмади. Буни энди полижительний ҳал қиламиз¸ элларни ҳимоя қиламиз¸ деди Озодлик билан суҳбатда Қорасув шаҳар ҳокими Аҳмад Раҳимов.


"Газ идораси хатосини тузатишга ваъда берди"

Қорасувликларнинг газ ҳисоблагичларни янгилаш жараëнида жаримага тортилаëтганларнинг аксари ўзбеклар экани ҳақидаги даъвосига муносабат билдирган шаҳар ҳокими¸ бу баëнотнинг у қадар тўғри эмаслигини таъкидлади.

- Энди ундай десак тўғри бўлмаса керак. Нимага деганда ҳозир бутун Қорасувни янги счëтчикка ўтказамиз деб текшираяпти. Тўғри, ҳамма ерда яхши-ëмон одам бор. Унча-мунча ўзимиздан ҳам ўтаяпти. Лекин ҳозир 300 минг сўм нотўғри бўлиб қолганлиги учун Горгазнинг каттасини чақириб келдик. Горгазнинг каттаси “Бу нарсани мен билмабман. Текшириб, гаплашиб, ечиб бераман” деган ваъдаси бор.

Шикоят қилган одамларнинг ҳаммасини бўлмаса ҳам¸ 30 одамни олиб келдик. Мэриянинг мажлис залига чақириб, Горгазнинг ходимларини чақириб, Горгазнинг бошлиғини чақириб, шу нарсаларни жиндай гаплашиб, Горгазнинг каттасининг ваъдасини олдик. “Агар бизнинг ходимларимиздан нима кетган бўлса, яхши томонга ўзгартириб бераман” деган ваъдасини олдик¸ дейди Қорасув шаҳар ҳокими Аҳмад Раҳимов.

Озодлик бу воқеа ривожини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG