Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:00

Фарғонада мактаб директорлари ўғриликда айбланмоқда


Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги икки мактаб директори давлат мулкини талон-тарож қилиш ва ўғриликда айбланмоқда.

Туман прокурори А.Aбдураҳимовнинг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, 15-мактаб директори Қаюмбек Давронов ва 23-мактаб директори Сойибжон Мадаминов сўнгги уч-тўрт йил мобайнида ўқитувчиларга тегишли маош ва мукофот пулларини ўзлаштириб келган.

Халқ таълими мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан давлат мулкини талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноий иш қўзғатилган.

Прокуратурага кўра, 15-мактаб директори Қ.Давронов ўқитувчиларга “Директор жамғармаси” ҳисобидан тайинланган 12 миллион сўмга яқин мукофот пулини ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштирган.

23-мактаб директори С.Мадаминов эса ўқитувчиларнинг 6 миллион сўмга яқин маошини ўмарган.

Мамлакатдаги халқ таълими тизими мутасаддилари биринчи марта ўғриликда айбланаётгани йўқ.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг февралида Тошкент шаҳри Ҳамза туманидаги 206-мактаб директори Хосият Муқимова айни шу жиноятда айбланиб, 3 йил шартли қамоқ ва жарима билан жазоланган.

2012 йил январда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги 25-мактаб директори Ҳамдам Пардаев жуда катта маблағни ўзлаштириш айби билан прокуратурага сўроққа чақирилиши ортидан ўз жонига қасд қилган.
XS
SM
MD
LG