Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:30

Қозоғистонда 47 нафар диндор қамалди


Атирауда судланган диндорларнинг яқинлари, 2012 йилнинг 18 апрели.
Атирауда судланган диндорларнинг яқинлари, 2012 йилнинг 18 апрели.

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида террорчиликда айбланган 47 киши устидан маҳкама жараёни бўлиб ўтди.

Ўтган йил октябридаги портлаш бўйича судланган беш кишига 6 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси тайин қилинди. Бошқа 42 айбланувчи эса 5 йилдан 15 йилгача қамалди.

Атирау вилоят прокуратураси масъули Ғалимжан Қулмановга кўра, судланганлар ўз айбларига тўла иқрор бўлганлар ва қилган ишларидан пушаймон эканларини билдирганлар. Бироқ судланганларнинг яқинлари Озодлик радиоси қозоқ хизматига улар ўз айбларини тан олмаганлари, судланганларга нисбатан қуйилаётган айбловлар эса уйдирилган эканини айтганлар.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ҳам бу икки маҳкаманинг ёпиқ равишда ўтгани кўплаб саволлар пайдо қилаётган ва суд қарорлари холис бўлганига шубҳа туғдираётганини айтганлар.

23 ёшли судланувчининг қариндоши (у ўз яқинининг исм-шарифини айтишни истамади) Салтанат акасига 10 йил берилганини айтади. Бу йигитнинг Атирауда хотини ва икки ёш боласи қолган. Салтанатнинг айтишича, суд акасининг терговга фаол кўмак кўрсатганини ҳам инобатга олмаган.
- Уларни худди террорчини тутгандек тутиб кетишган. Хотини билан бирга ушлаб, асфалтга ётқизишган. Кейин бир яшар боласи билан машинага тиқиб кетишган. Бу рўза (Рамазон ойи) тугашига икки кун қолганда содир бўлган. Улар бир кеча-кундуз қаерда бўлганини ҳеч ким билмайди. Июл ойида жиянчамиз икки ёшга тўлади. Қизалоқ ҳалигача гапирмайди, 28 август куни содир бўлган воқеадан сўнг одамлардан қўрқиб қолган. Қаерга бормайлик, ҳамма жойда оғзимизга уриб, жим бўлишимизни буюришаяпти, - дейди Салтанат.

Унинг айтишича, акаси бундан олти-етти йил муқаддам динга астойдил берилган. Расман у ҳеч қаерда ишламаган, уяли телефонларни таъмирлаш билан шуғулланиб юрган. Салтанат акасининг ишга жойлашишига миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари имкон бермаганини айтади.

- Улар учун ўзлари қилаётган ишлар бошқача кўринарди. Диннинг жуда нозик чегаралари бор. Феълида ёшларча максимализм устиворлик қилган йигит эса Қозоғистондаги бутун адолатсизликларни кўриб, яшаётган оламини ўнглаш истагида бўлиши табиий. Айнан шундай йигитларни сохтакор домлалар топиб олади, - дейди Салтанат.

Террорчилик амалиётлари билан боғлиқлиги айтилган бу икки ёпиқ суднинг бири Атираудаги вилоятлараро махсус жиноий суд биносида, иккинчиси эса Атирау шаҳар тергов ҳибсхонасида ўтказилган. Суд бу ишларни қарийб бир ой давомида кўриб чиққан.

Атирау вилоят ҳокимият биноси яқинида ва Сариарқа мавзесидаги уй ҳовлисида содир бўлган портлашлар бўйича биринчи иш юзасидан беш киши судланган.

Атирау вилояти ва Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида терактлар тайёрлаш юзасидан иккинчи иш бўйича эса 42 киши суд қилинган. Ахборот агентликлари судланувчилар ёши 22 дан 32 гача эканини ҳақида ёзмоқдалар, бироқ маҳаллий ҳуқуқ фаоллари қора курсида ўтирганлар орасида 17-18 яшар болалар ҳам бўлганини айтмоқдалар.

Аввалроқ Атирауда чиқадиган “Ақ Жайиқ” газетаси судланувчилар орасида икки нафар ўзбекистонлик ҳам борлиги ҳақида ёзганди.

Судланувчиларнинг яқинларига кўра, улар орасида Саудия Арабистон ва Мисрда таҳсил олган йигитлар бор. Улардан бири эса “ядро физикаси” мутахассислиги бўйича Қозоғистон Давлат университетини “аъло”га битирган.

Атираудаги “Демос” ҳуқуқни ҳимоя қилиш бирлашмаси раиси Тўғжан Кизатова суд пайтида судланувчилар яқинларидан биронтаси ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилмаганини айтади. Унинг тахминича, бу одамларга босим кўрсатилган. Кизатовага кўра, маҳкама пайтида судланувчиларнинг адвокатларидан бири ўз ҳимояси остида бўлган кишига босим кўрсатилгани ҳақида прокуратурага ариза ёзган, бироқ кейинроқ судланувчи бу даъводан қайтган.

- Менга улар қўрқишаётганини, уларга таҳдид қилинганини айтишди. Боз устига, “Агар матбуотга, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилсангиз, болаларингиз қамалиб кетади”, деб уларни огоҳлантиришган. Табиийки, бу ота-оналарни чўчитган. Улар: “Болаларимиз ўша ердан соғ чиқса бўлди”, дейишаяпти, - дейди Тўғжан Кизатова.

Ҳуқуқ фаолининг фикрича, судланувчилар орасида айбдорлар ҳам, айбсизлар ҳам бўлиши мумкин, чунки сўроқ қилиш учун Атирау олийгоҳларида ўқийдиган талабаларни ҳам чақирганлар, бу иш ўрганилаётган пайтда миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларида соқол қўйган, калта шим кийган ва масжидларга қатнаб юрган кишилар алоҳида қизиқиш уйғотган.

Атирауда диндорларни ҳибсга олиш ўтган йил 31 октябрида содир бўлган икки портлашдан кейин бошланиб кетган. Портлаш чоғида 23 ёшли Бауржан Султанғалиев ҳалок бўлган. Тергов тахминича, у эҳтиётсизлик билан қўлбола бомбани ҳаракатга келтириш оқибатида ўлган. Бу воқеадан кейин Интернетда аввал ҳеч кимга маълум бўлмаган “Жундул-Хилафат” (Халифалик аскарлари) гуруҳи мурожаатномаси пайдо бўлиб, унда мазкур гуруҳ Атирауда содир этилган портлашлар учун масъулиятни ўз бўйнига олганди.
XS
SM
MD
LG