Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:04

Давлат ва жамият қурилиши Академияси ректори алмашди


Фалсафа фанлари доктори Қиёмиддин Назаров.
Фалсафа фанлари доктори Қиёмиддин Назаров.

25 апрель куни президент Ислом Каримов фармойиши билан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академияси ректори алмаштирилди.

Президент фармойишига кўра, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академияси ректори, фалсафа фанлари доктори 60 ёшли Қиёмиддин Назаров лавозимидан четлатилди.

Мазкур ҳужжатда қайд қилинишича, эндиликда Академия қайта ташкил этилади, унинг ўқув базаси қайта шакллантирилиб, хўжалик бўлимлари қисқартирилади.

Эртага матбуотда эълон қилиниши кутилаётган ушбу ҳужжат ҳақида Озодликка исмини очиқламаслик шарти билан Ўзбекистон Либерал Демократик партияси сиёсий кенгаши вакилларидан бири маълум қилди.

Унга кўра, Либерал Демократик партиясининг сиёсий кенгаш котибларидан бири бўлган Назаров энди партияда ўз фаолиятини кучайтиришга ҳаракат қилади.

Президент Фармойиши билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида раҳбарлик қилиб келаётган Абдужаббор Абдувоҳидов Академия ректори этиб тайинланган.

Сиёсий фанлар номзоди, доцент 55 ёшли Абдувоҳидов 2011 йилнинг 29 июлига қадар Тошкентдаги Халқаро Вестминистр Универститети ректори, сўнгра Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимларида фаолият юритган. Абдувоҳидов Президент девонида ҳам бир неча йил ишлаган. Шунингдек, у АҚШда илмий малака оширган.

Фалсафа фанлари доктори, профессор Қиёмиддин Назаров 1996-2001 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти директори, 2001-2012 йилларда ЎЗбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академияси ректори, 1995 йилдан Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти раиси лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Ислом Каримовнинг 1995 йил 25 майдаги 167-сонли қарори билан маҳаллий ҳокимиятлар, вазирликлар ва бошқа давлат идоралари амалдорларининг профессионал малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган.

Академия 5 кунлик семинарлардан тортиб, 12 ойлик курсларгача бўлган машғулотлар чоғида Ўзбекистон ҳукуматидаги етакчи лавозимларда ишлайдиган дипломли мутахассислар тайёрлаб беради.
XS
SM
MD
LG