Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:08

Россияда "ўзбекча" интим хизматлар таклиф қилиняпти


Сакнт Петербург кўчаларида пайдо бўлган эълонда "Бугун кўришишга тайёрман. Эркакалар учун оромли рохатбахш дам" дея ёзилган.
Сакнт Петербург кўчаларида пайдо бўлган эълонда "Бугун кўришишга тайёрман. Эркакалар учун оромли рохатбахш дам" дея ёзилган.

Россиянинг Москва ва Санкт Петербург каби йирик шаҳарлари автобус ва метро бекатларида ўзбек тилидаги эълонлар пайдо бўлди. Бу эълонлар “ишга оламиз” ё “квартира ижарага берилади” қабилида бўлганида унчалик эътиборга молик бўлмас эди. Лекин юрак ичига “эркакалар учун оромли рохатбахш дам” деб ёзилган эълонлар Москва ёки Санкт Петербургнинг туб аҳолисига аталмаганини англаш қийин эмас. Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар миллионларни ташкил этиши инобатга олинса, буни маълум хазматлар кўрсатилувчи соҳа вакилларининг маркетинг стратегияси деб атаса бўлади.

Пуштиранг қоғозга чоп қилинган, юрак ичидаги “эркакалар учун оромли рохатбахш дам” деган ёзувли эълонларни, Россия матбуотига кўра, Санкт Петербург кўчаларида кўп учратиш мумкин.

Буни Россия шимолий пойтахтида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони шу даражада кўпайганки, энг қадимги касб эгалари потенциал мижозларни ўзбеклар орасида қидимоқда, дея тушуниш мумкин. Ёки буни мазкур “соҳа хизматчилари” орасида ўзбеклар ҳам кўпайиб қолган дея талқин қилиш мумкин.

Санк Петербургдаги ўзбеклар диаспораси раиси Алижон Ҳайдаров иккинчи талқинни қўллаб-қувватламайди. Унинг фикрича, бу интим хизматлар соҳасининг маркетинг стратегиясидир.

- Бу шунчаки реклама акциясидир. Улар Ўзбекистондан келган мардикорлар кўп деб ўйлаб, мижозимиз кўпаярмикин, деган мақсадда бундай эълонларни ўзбек тилида ҳам чоп этишмоқда. Ҳозир нафақат интим хизматлар ҳақидаги эълонлар, балки бошқа ташкилотлар ҳам ўзбек тилида эълонлар бермоқда.

Лекин, дея қўшимча қилади Алижон ака, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўпайиб қолган бўлса-да, улар пуллик интим хизматлардан унчалик фойдаланмайди ва мазкур стратегия самарасиздир.

- Ватандошларимиз ишдан кейин шунчалик чарчайдики, бундай ишларга хафсаласи қолмайди. Ҳатто олдига қип яланғоч қизни солиб қўйсангиз ҳам, орқасини қилиб ётиб олади, дейди Алижон Ҳайдаров.

Айни пайтда “эркаклар учун оромбахш” хизматларни ўзбек тилида таклиф этувчи эълонлар Москва кўчаларида ҳам пайдо бўлгани айтилмоқда.

Тўрт йилдан бери Москвада қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланадиган 25 ёшли Ҳусниддиннинг айтишича, бундай рекламанинг ўзбек тилида пайдо бўлаётгани нафақат ўзбек мардикорларнинг кўпайгани, интим хизмат соҳасида ўзбек аёллари сафи кегаяётгани билан ҳам боғлиқ.

- Ҳа, ўзбек қизлари ҳам кўп. Ўзбек қизлари бор, 3000 рубл деяпти бир кечаси. 100 долларда энди.

Озодлик: Қизлар неча ëшда?

- Ҳар хилда энди. 18, 20, 25 ёши ҳам бор.

Озодлик: Шунақа эълонлардан фойдаланиб турасизларми?

- Фойдаланамиз ака. Ҳозир энди иш билан фойдаланмаяпмизда.

Ўзбек диаспораси вакилидан фарқли ўлароқ, Ҳусниддиннинг айтишича, ўзбекистонлик миллионлаб меҳнат муҳожирлари орасида интим хизматлардан фойдаланадиганлар топилади. “Бўлмаса нархи 100 доллар бўлармиди”, дея қўшиб қўйяди у.

Кейинги 10-15 йил ичида нафақат Россия, балки Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Исроил, Жанубий Корея, Тайланд, Малайзия, Туркия ва Осиёнинг бошқа мамлакатларида фоҳишалик қилаётган ўзбекистонлик аёллар сони кўпайгани кузатилади. Уларнинг бу мамлакатларда қўлга олингани ҳақидаги хабарлар сўнгги пайтларда тез-тез пайдо бўлмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати бундай аёлларнинг кўпчилиги одам савдоси қурбони бўлганини айтиб келади ва бу муаммога қарши кураш бўйича давлат дастурларию турли чора-тадбирлар кўрилаётгани айтилади.

Ҳусниддиннинг Россияда ҳам ўзбек қизлар кўп, деган сўзларини Москвада интим хизматлар соҳасида ишлаётган самарқандлик суҳбатдошимиз тасдиқлади. Унинг исмини “Гулнора” деб ўзгартирдик. Бундай қизларнинг кўпчилиги, дейди “Гулнора”, ўз хоҳишига кўра, тирикчиликнинг бошқа иложи қолмаганидан шу йўлга киради.

- Ҳа, жуда кўп. Мана 16да ҳам келади қиз. Менинг дугонам келади. Биз бу ерда, хоҳласангиз, любойингиз келинг. Бизнинг уйимизда ўзи хоҳласа ишга чиқади, хоҳламаса чиқмайди. Чиқса ўзининг чўнтаги учун чиқади, чиқмаса квартира пулисиз, нонсиз кўчада қолади.

“Гулнора”нинг айтишича, Россияга тирикчилик илинжида “эркаклар учун оромбахш” хизматларни сотаётган аёллар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келади. Улар орасида бу иш билан оилалари розилиги билан шуғулланаётганлари ҳам бор, дейди “Гулнора”.

- Ҳамма жойдан келади, ўзлари келади. Эри бори ҳам ишлайди бизда. Эри бор. Эри бошқа квартирада яшайди, хотини бу ерда. Ўзининг эри сотади. Бу ерга келиб 15 минг ойлик олиб бир ой ишлаб қизлар, 3000 квартира пули, 3000ни йўлкира қилиб қолгани нима 100 доллар уйга жўнатадими? дейди самарқандлик “Гулнора”.

Ўзбекистонда фоҳишабозлик ноқонуний ҳисобланади ва бунинг учун маъмурий жазо кўзда тутилган. Ҳукумат одам савдоси ва ўзбекистонлик аёлларнинг хорижда фоҳишалик билан шуғулланишига қарши кўраётган чора ўлароқ мамлакатдан ташқарига чиқаётган 18-35 ёшдаги аёллардан хорижда фоҳишалик билан шуғулланмаслик тўғрисида тилхат олиш амалиёти жорий қилинган. Бундан ташқари 18-35 ёш оралиғидаги аёллар хорижга чиқиш визасини олишлари учун маҳалла қўмиталаридан характеристикани ҳам тақдим этишлари талаб қилинади.
XS
SM
MD
LG