Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:39

Усама бин Ладинни абботободликлар ҳамон ёдга олмоқда


Усама бин Ладин яшаган уй вайроналари орасида бузуқ қувурдан оқиб турган "муқаддас" сув.
Усама бин Ладин яшаган уй вайроналари орасида бузуқ қувурдан оқиб турган "муқаддас" сув.

Бундан бир йил аввал Покистоннинг Абботобод шаҳарчасида АҚШ махсус кучлари операцияси натижасида Усама бин Ладин ўлдирилган эди. Ал-Қоида етакчиси яшаган уй февралда Покистон ҳукумати тарафидан ер билан яксон қилинди. Лекин бу уй турган жойни одамлар ўзлари учун зиёратгоҳга айлантириб, у ердаги қувурдан оқиб турган сувни "муқаддас" дея ичишни одат қилишди. Шунга қарамай, абботободликлар орасида бин Ладин ўша уйда яшаганми, йўқми, деган шубҳалар сақланиб қолмоқда.

Покистон шимолидаги Абботобод шаҳарчаси, 2011 йилнинг 2 май куни АҚШ махсус кучлари Усама бин Ладинни йўқ қилиш операциясини амалга оширганда, жаҳон матбуоти диққат марказида қолди.

Орадан бир йил ўтиб, Ал-Қоида собиқ етакчиси бу шаҳарчадаги уйда яшаганини эслатувчи унсурлар ҳукумат томонидан йўқ қилинганига қарамасдан, у ҳамон шаҳар аҳли оғзидаги асосий мавзу бўлиб қолмоқда.


Абботобод, орадан бир йил ўтиб
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:27 0:00
Бевосита линк


Абботобод шаҳридаги Усама бин Ладин яшаган уйдан вайрона қолган холос. Бин Ладин уч хотини ва болалари билан яшагани айтилган уй шу йилнинг 25 февралида Покистон хавфсизлик кучлари томонидан ер билан яксон қилинди.

Бу ерда бир пайтлар Ал-Қоида етакчиси яшаганини эсалтувчи унсурлар йўқ қилиб ташланганига қарамасдан, орадан бир йил ўтиб ҳам, террорчи номер 1 номи билан танилган кишини хотирлаётган зиёратчилар кўпайган.

Ғулом Наби исмли бу ёш йигит чўккалаб ўтириб, уй қолдиқлари орасида қувурдан жилдираб оқаётган сувни кафтига олиб ичмоқда.

Набининг айтишича, у бин Ладин яширинган икки қаватли, тиканли симлар билан ўралган, ҳозир бузиб йўқ қилинган ховлидан сал нарироқда яшайди.

Абботободга 8 ой аввал кўчиб келган 20 яшар бу бир йигит бин Ладин яшаган уй вайронаси остида тешик қувурдан оқиб чиқаётган сувни кўпчилик “муқаддас” деб билгани боис бу ерга келаётган зиёратчилар кети узилмаётир дейди.

“Кўпчилик бу ерга ҳар куни келади, ҳатто Лаҳор ва Карачидан ҳам келаётган бор. Уларни аввал кўрмаганман, лекин уйимнинг томидан бу ерга келаётган зиёратчиларни кузатиб тураман, баъзан. Бу одамларнинг кўпчилиги сувни муқаддас, деб билади. Лекин бу нотўғри, шунчаки бузуқ қувурдан оқиб турган сувдан бошқа нарса эмас. Уй турган ерга келганлар учун кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ, шунинг учун улар сувдан ичиб, бу ерда ўсаётган гиёҳларни еб ктишади”, дейди Наби.

Наби ўтирган жойдан сал нарироқда уч-тўртта бола крикет ўйнашмоқда. Жулдур кийимли бу болалар 1-рақамли террорчи яшаган ховли вайроналарининг четроғини ўйнаш учун майдонча қилиб олишган.

Улардан бири бузилган уй ўрнида ўйингоҳ қурилса яхши бўларди, дейди.

“Биз Усаманинг ховлисида крикет ўйнаяпмиз. Бу жой Усама крикет стадиони, деб аталиши керак. Бу биз крикет ўйнай оладиган ягона жойдир. Бу маҳаллада хўжаликлар жуда кўп, шунинг учун бу ерда ўйингоҳ яратилса, яхши бўларди”, дейди исмини айтишни истамаган бу болакай.

Болалар бин Ладин ховлисида хордиқ чиқараётган бўлса, бу ерга “ҳазина” қидириб келаётганлар ҳам бор. Улар Ал-Қоида етакчиси яшаган ховли вайроналаридан темир-терсак, бетон бўлакларини олиб, бозорда сотишади.

Бин Ладин яшаган ховли феврал ойида ер билан яксон қилингач, абботободликлар ҳаёт яна эски ўзанига тушиб кетишига умид қилиб, енгил тортишди.

Чунки бундан роппа-роса бир йил аввал АҚШ кучлари ўтказган махсус рейддан кейин шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилганидан кўпчиликнинг хафсаласи пир бўлиб турган эди.

Покистон ҳарбийлари учун эса, бўш қолган уй АҚШ махфий хизматлари Покистонни огоҳлантирмасдан бир томонлама равишда, мамлакатдаги энг нуфузли ҳарбий академиялардан бирининг бурни остида ўтказган операцияни эслатиб турган эди.

Абботбодликларнинг кўпчилиги бугун бин Ладин ҳақида гапиришни хуш кўрмайди. Гапирганлари эса, Ал-Қоида етакчиси умуман Абботободда яшаганини савол остига қўяди.

Шаҳар маҳаллаларидан биридаги сартарошхонада бир неча киши бин Ладин ўлими ортидаги фитнадан баҳс қилишмоқда.

Сўрида чой симириб ўтирган каттароқ ёшдаги киши бин Ладинни қаҳарамон, деб билишини айтади. Лекин, дея қўшимча қилади у, бин Ладин бир неча йил аввал ўлдирилган ва ҳеч қачон Абботободда яшамаган.

“Усама уч-тўрт йил аввал ўлдирилган. Абботободликлар унинг бу ерда яшаганига ишонмайди”, дейди у.

Ўз сўзларига асос ўлароқ, АҚШ кучлари бин Ладинни ўлдирганларига оид далилларни келтира олмаганини айтади у.

Нега бин Ладиннинг жасади расмга олинмасдан, денгизга ташлаб юборилди, дея савол қўяди бу одам. Фақатгина унинг ўлдирилганини тасдиқловчи ашёвий далилларгина абботободликалар фикрини ўзгартира олади холос, дейди у.
XS
SM
MD
LG