Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:49

Обама Чикагода Каримов билан учрашмоқчи эмас


Кузатувчиларга кўра¸ АҚШда сайлов йилида дунëдаги энг репрессив режим деб қараладиган Ўзбекистон президенти билан учрашиш Обама учун танқид¸ Каримов учун эса¸ аксинча¸ шараф келтириши мумкин.
Кузатувчиларга кўра¸ АҚШда сайлов йилида дунëдаги энг репрессив режим деб қараладиган Ўзбекистон президенти билан учрашиш Обама учун танқид¸ Каримов учун эса¸ аксинча¸ шараф келтириши мумкин.

АҚШ президентининг Чикагода ўтадиган НАТО саммити кун тартибидан яхши хабардор манбаларнинг Eurasianet.org нашрига билдиришича¸ мазкур йиғин доирасида Барак Обама Марказий Осиë раҳбарларининг бирортаси билан учрашмайди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг АҚШ президенти Барак Обама билан яккама-якка учрашиш йўлидаги уринишлари бесамар қоладиган кўринади¸ деб ëзди Eurasianet.org пайшанба куни.

Мазкур Интернет нашрининг Вашингтондаги ўз манбаларига таяниб билдиришича¸ Барак Обаманинг 20-21 май кунлари АҚШнинг Чикаго шаҳрида бўлиб ўтадиган НАТО саммити доирасидаги кун тартиби жуда тиғиз ва унга Марказий Осиë президентлари билан алоҳида учрашувлар киритилмаган.

Кейинги уч йил давомида Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари учун таъминот моллари етказиб беришда муҳим иттифоқчига айланган Ўзбекистон Шимолий таъминот тармоғидаги белгиловчи халқадир.

Латвия портларига келаëтган юклар темир йўл орқали Афғонистонга кириш учун Термиздан ўтиши лозим ва бундай стратегик жойлашув Ўзбекистоннинг Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари кундалик таъминотидаги ролини ошириб юборди.

Айни пайтда¸ 2014 йилга бориб Афғонистондаги НАТО қўшинларининг ўз ватанига қайтиши ва бу ердан оғир ҳарбий техникани олиб чиқиш йўналишида ҳам транзид ҳудуд ўлароқ Ўзбекистон аҳамиятининг муҳимлиги таъкидланмоқда.

АҚШ ва НАТО учун стратегик аҳамияти ошган Ўзбекистон раҳбари ҳарбий иттифоқнинг Чикаго саммитига таклиф этилган ва Вашингтондаги айрим ҳарбий ҳамда бизнес гуруҳларининг саммит доирасида Каримов-Обама учрашувини ташкиллаштиришга уринаëтгани ҳақида норасмий хабарлар мавжуд.

Ҳозирча Ислом Каримовнинг Чикагога бориш-бормаслиги ҳам расман эълон қилинмаган. Борган тақдирда ҳам Eurasianet.org нашрининг ëзишича¸ унинг Барак Обама билан алоҳида учрашиш имкони йўқ ҳисоби.

Халқаро ҳуқуқ гуруҳлари Каримов ҳукуматини дунëдаги энг репрессив режим дея баҳолаб келаëтган бир пайтда¸ Оқ уйдагилар сайлов йилида Обаманинг Каримов билан учрашишига кўп ҳам хайрихоҳ эмас. Шу боис¸ Чикагога борган тақдирда Каримов¸ Обама билан оний учрашув чоғида у билан бирга суратга тушишга умид қилиши мумкин холос¸ деб ëзади Eurasianet.org нашри.

Нашрга кўра¸ Ислом Каримовнинг Чикагода президент Обама билан учрашувини ташкиллаштиришга зўр бериб уринаëтган лоббичи гуруҳ Америка-Ўзбекистон Савдо палатасидир. Оқ уйга шундай сўров билан мактуб ëзган палата раиси Carolyn Lamm Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан тез суръатлар билан ривожланаëтган¸ сиëсий жиҳатдан эса¸ минтақавий тинчлик ва хавфсизликка катта ҳисса қўшаëтган барқарор ҳамкор сифатида тақдим этган.

Шимолий таъминот тармоғининг кундалик фаолияти билан яхши таниш манбага кўра¸ агар Обама билан Чикагода яккама-якка учрашишга жуда илхақ Каримов лоббичиларининг бу сўрови қаноатлантирилмаса¸ Тошкент таъминот йўлидаги ҳамкорликни тўхтатишидан пўписа қилиши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра¸ халқаро майдонда инсон ҳақларини энг кўп топтаëтган режим сифатида ном чиқарган Ислом Каримов учун Обама билан алоҳида учрашув унинг дипломатик нуфузини оширишда ниҳоятда муҳимдир.

- Германия канцлери Ангела Меркел каби президент Обама ҳам Каримов билан яккама-якка учрашув фақат Ўзбекистон инсон ҳақларини ҳурматлаш мезонларига риоя қилиниб¸ қамоқдаги ҳуқуқ фаоллари¸ журналист ва мухолифат аъзолари озодликка чиқарилиб¸ хориж ва маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари рўйхатга олинганидан сўнггина амалга ошиши мумкинлигини очиқ-ойдин билдириши лозим¸ дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Стив Свердлов.

НАТОнинг Тинчлик учун ҳамкорлик дастурига қўшилган Ўзбекистон президенти ҳарбий иттифоқнинг Вашингтон ва Бухарестда бўлиб ўтган олий даражали йиғинларида иштирок этган.
XS
SM
MD
LG