Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:12

Марказий разведка бошқармаси Ал-Қоида ҳужумини бартараф қилди


Оқ Уй расмийлари АҚШ Марказий разведка бошқармаси Ал-Қоида амалга оширишни режалаштирган террор ҳужумнинг олдини олгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

АҚШ расмийларига кўра, террор ҳуружи Ямандан АҚШга учиб кетаётган самолётда амалга оширилиши керак бўлган.

Қўлга туширилган қўлбола портловчи мослама 2009 йил 25 декабрда Ал-Қоиданинг нигериялик аъзоси Умар Фаруқ Абдулмуталлиб АҚШнинг Детройт шаҳрига кетаётган самолёт бортига олиб ўтишга уринган бомбага ўхшаш экани айтилмоқда.

Федерал тергов бюроси эълон қилган баёнотда самолёт бортида қўлга туширилган портловчи мослама бюро ихтиёрида экани ва мутахассислар уни ўрганаётгани билдирилган.

Дастлабки текширув натижалари бомба Ал-Қоида террор тармоғи тарафидан Араб ярим оролида амалга оширилган ҳужумларда қўлланган портловчи қурилмаларга ўхшаш эканини кўрсатган.

Оқ Уй матбуот вакили Кейтлин Ҳейден АҚШ Президенти Барак Обамага мазкур террор фитнаси ҳақида апрел ойида ахборот берилганини маълум қилди.

Ҳиндистонга сафар қилаётган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 8 май куни Деҳлида портловчи мослама ҳаво қатнови хизматига таҳдид солмаган, дея таъкидлади.

- Мослама фуқаровий авиацияга тахдид солмаганини айтиш мумкин. Аммо бу фитнанинг ўзи, террорчилар бегуноҳ одамларни ўлдириш учун ғайринсоний ва даҳшатли усулларни ўйлаб топаётгани белгисидир,- деди АҚШ Давлат котиби.

Ассосиэйтед Пресс агентлиги террор ҳужумини амалга оширишга уриниш бўлгани тўғрисидаги маълумотни ўтган ҳафта қўлга киритгани, бироқ текширув ишлари давом этаётгани ҳамда Оқ Уй ва Марказий разведка бошқармаси сўровига кўра, хабарни оммага дарҳол ошкор қилмасликка рози бўлинганини билдирди.

Расмийлар таҳлика бартараф қилинганини маълум қилгач, Ассосшиэйтед Пресс ҳукумат идораларининг бу ҳақда сешанба куни расман эълон қилинишини айтганига қарамасдан, бу ҳақда душанба куниёқ хабар берди.

Хабарларга кўра, Федерал қидирув бюроси қўлга туширилган портловчи мосламани аэропорт хавфсизлик ускуналаридан яширин тарзда олиб ўтилиши эҳтимоли қанчалик юқори эканини текширмоқда.

Воқеадан сўнг Америка аэропортларида хавфсизлик чораларига оид ўзгаришлар кузатилмади.
XS
SM
MD
LG