Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:27

Афғонистонда Олий ярашув кенгаши аъзоси ўлдирилди


Мавлавий Арсала Раҳмоний.
Мавлавий Арсала Раҳмоний.

Якшанба куни Кобул шаҳрида Афғонистон Олий ярашув кенгаши раҳбарларидан бири, президент Ҳамид Карзайнинг маслаҳатчиси, собиқ Толибон ҳукумати аъзоси Арсала Раҳмоний ўлдирилди.

Раҳмонийнинг ўлдирилиши Афғонистон ҳукуматининг Толибон жанггариларига қарши курашнинг сиёсий ечимини топиш йўлидаги ҳаракатлари самарасизлиги ўлароқ кўрилмоқда.

Маҳаллий полиция масъул вакилига кўра, Арсала Раҳмоний Кобул ғарбидаги мавзеда ўз машинасида бораётган пайтда бошқа машинадан туриб ўқ узган номаълум шахс томонидан ўлдирилган.

Кобул шаҳри полицияси бошлиғи ўринбосари генерал Довуд Аминнинг айтишича, қотиллик мақтулнинг ўз уйи яқинида амалга оширилган.

- Воқеа якшанба куни эрталаб унинг ўз уйи рўпарасида юз берди. Тан соқчилари ҳам ёнида бўлган. Воқеа тўғрисидаги хабар етиб келиши биланоқ терговчилар гуруҳи ўша ерга жўнаб кетди, - дея маълум қилди Кобул шаҳри полицияси бошлиғи ўринбосари генерал Довуд Амин.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олгани йўқ, бироқ аввалроқ мазкур ҳаракат тинчлик музокарачиларига қарши ҳужумлар уюштиражаги тўғрисида огоҳлантирган эди.

Арсала Раҳмоний президент Карзай томонидан Толибон жанггарилари билан муросага келиш йўлларини муҳокама қилиш учун тузилган кенгашга аъзо бўлган қарийб 70 нафар нуфузли арбобдан бири эди. У Олий ярашув кенгашининг етакчи музокарачилардан бири бўлган.

Толибон ҳаракати бўйича мутахассис, таҳлилчи Воҳид Мужда Арсала Раҳмонийнинг Олий ярашув кенгашидаги мавқеи тўғрисида гапирар экан, унинг кенгашда маҳбуслар ишлари бўйича комиссия раиси бўлганини қайд этди:

- У кимлар озодликка чиқарилиши кераклиги масаласи устида ишлаган. Хусусан, Раҳмоний Толибон билан ўзаро ишончни шакллантириш мақсадида Гуантанамо турмасидан 5 афғон маҳбусини бўшатиш таклифини илгари сурган эди ва Олий ярашув кенгашида ҳам бу масала бир неча бор кўтарилган. Шундан ҳам Раҳмонийнинг кенгашдаги нуфузи на қадар бўлганини билиш мумкин, - дейди таҳлилчи Воҳид Мужда.

80-йилларда Раҳмоний Афғонистондаги совет қўшинларига қарши курашган мужоҳидларнинг жанговар қўмондонларидан бири бўлган ва сўнгра толиблар ҳукуматида бир қатор идораларга раҳбарлик қилган.

Раҳмоний, хусусан, Афғонистондан Совет қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг, 90-йиллар бошида қисқа муддат бош вазир лавозимини эгаллаб турган.
У, шунингдек, мамлакатга Бурҳониддин Раббоний раҳбарлик қилган даврда ҳам қисқа муддат бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Толибон ҳукуматида эса, Арсала Раҳмоний олий таълим вазири муовини бўлиб ишлаган эди.

Толиблар режими ағдарилганидан сўнг у янги ҳукумат билан ҳамкорлик қила бошлади ва Афғонистон парламенти депутатлигига сайланди.

Раҳмонийгача ҳам ўтмишда Толибон ҳаракати арбобларидан бўлган ва президент Карзай ҳукумати билан тинчлик музокараларига киришган ўнлаб киши ўлдирилган эди.

Афғонистон миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Раҳматуллоҳ Набил жорий ой бошида мамлакат Сенатида қилган чиқиши чоғида Толибон ҳаракатининг 26 жанггариси ҳукумат билан тинчлик музокараларига отланган чоғида ўлдирилганини хабар қилган эди.

Ўтган йилнинг сентябрида эса, Афғонистоннинг собиқ президенти, толибларга қарши Шимолий Альянсга раҳбарлик қилган Бурҳониддин Раббоний худкуш ҳужумчи томонидан ўлдирилган эди.

Раббоний якшанба куни ўлдирилган Арсала Раҳмоний аъзоси бўлган Олий ярашув кенгашининг раиси эди.
XS
SM
MD
LG