Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:46

Касодга учраган корхоналар кўпаймоқда


Ўзбекистонда банкрот деб эълон қилинаётган ширкатлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Самарқанд вилоятида 54 та, Тошкент вилоятида 63 та қарздор корхона тугатилган.


18 май куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Банкротлик тўғрисида”ги қонуннинг мазкур икки вилоятдаги ижроси муҳокама қилинган. Парламент қуйи палатаси тарқатган хабарда қонун талабларини ҳаётга тадбиқ этишда хатоларга йўл қўйилаётгани қайд этилган.

Таъкидланишича, банкротлик жараёнининг асосий субъектларидан ҳисобланган суд бошқарувчилари сонига нисбатан касодга учраган корхоналар бир неча баравар кўп. Шу сабабли ҳар битта суд бошқарувчиси ўрта ҳисобда 3-4 тадан ортиқ корхонанинг банкротлик ишини юритишга мажбур бўлмоқда.

Қонунчилик палатаси касодлик ортидан ёпилган корхоналарнинг давлатдан қарзлари тўланмай қолаётганини танқид қилган. Банкрот деб эълон қилинган корхоналарнинг давлат олдидаги қарзи Самарқанд вилояти бўйича – 265 млрд, Тошкент вилояти бўйича – 57 млрд сўмни ташкил этган. Депутатлар мутасадди ташкилотларни ушбу зарарни қоплаш бўйича чоралар кўришга ундаган.

“Зарар кўраётган фақат давлат эмас”

Иқтисодий таҳлилчиларга кўра, корхоналарнинг касодга учрашидан фақат давлат ғазнаси зарар кўраётгани йўқ. Бу жараёнда оддий фуқаролар – “банкротлик туғини баланд кўтарган” корхоналарнинг ҳиссадорлари ҳам бор-будидан маҳрум бўлмоқда.

– Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги қонуни бўйича корхонани банкрот деб эълон қилиш масаласи кредиторлар манфаатини инобатга олган ҳолда ҳал этилиши шарт. Бу дегани корхонага пул тиккан ҳар бир ҳиссадорнинг бурни қонамаслиги керак! Лекин амалиётда кредиторлар манфаати ҳар доим ҳам эътиборга олинавермайди, – дейди ўзини шартли равишда Абдураҳим Рамазонов дея таништиришимизни маъқул кўрган иқтисод фанлари номзоди.

Суҳбатдошимизга кўра, давлат ташкилотлари кўпинча пишиқлик қилиб ўз ҳаққини ундириб олади, лекин оддий фуқаролар аксар ҳолларда чапак чалиб қолаверади.

– Давлат ташкилотлари синаётган корхонанинг бюджетдан қарзларини ундириб олади. Давлатнинг ўз таъсир ричаглари борда. Банкрот корхонанинг кўчмас мол-мулки, акциялари, устав фондидаги улушлари Давлат мулки қўмитаси томонидан кимошдига қўйилади.

Ундан тушган маблағ асосан бюджет қарзларини ёпишга кетади. Лекин хусусий ҳиссадорлар кўпинча чапак чалганича қолаверади. Нима қилсин, судга шикоят ёзса, синган ширкатнинг бирорта қўлга илинадиган мулки қолмаган бўлади, – дейди иқтисод фанлари номзоди А.Рамазонов.

Иқтисодчига кўра, Ўзбекистонда банкрот бўлган корхоналарни кўтариш вазифасини тижорат банкларига юклаш амалиёти мавжуд.

– 2008 йилда Ўзбекистон Президентининг қарори чиққан. Шу бўйича, синаётган корхона давлат учун аҳамиятли бўлса, тижорат банклари барча қарзи, сармоявий мажбуриятлари билан қўшиб, уни сотиб олади. Бу ихтиёрий равишда бўлса-ку, майли, лекин амалда қолоқ корхоналар мажбурий равишда банкларга топширилади, – дейди иқтисодчи олим А.Рамазонов.

Касодлар орасида хориж ширкатлари ҳам бор

Маҳкама хулосаси билан банкрот деб эълон қилинаётган корхоналар орасида хориж ширкатлари ҳам бор.

Якунланаётган ҳафта бошида хабар берганимиздек, Ҳиндистон сармояси ҳисобидан ташкил қилинган “Spentex Toshkent Toytepa” ширкати Тошкент вилоят хўжалик суди қарори билан банкрот деб эълон қилинди. Қўшма корхонанинг ёпилишига расман ҳинд сармоядорларининг мажбуриятларни бажармагани важ қилиб кўрсатилди.

“Spentex Industries” ширкатининг Ню Деҳлидаги бош қароргоҳи вакили эса Озодликка Ўзбекистонда пахта хом ашёси етишмовчилиги ва банк тизимидаги ноқисликларни асосий сабаб сифатида маълум қилди.

Ҳиндистон ширкати Тўйтепадаги корхона кўрган 93 миллион доллар зарарни Ўзбекистон ҳукуматидан ундириш истагини ҳам билдирган.

2010 йил октябрда Швейцарияда рўйхатдан ўтган “Zeromax” ширкатининг банкрот деб эълон қилиниши ортидан ҳам маҳкамалар бўлиб ўтган. Гулнора Каримовага тегишли деб ишонилган “Zeromax” компаниясининг хориж ширкатларидан қарзи 4,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши маълум қилинган.

“Синган ўриндиқ”

“Банкрот” сўзининг этимологияси – келиб чиқиши хусусида икки оғиз. Номини эшитгандаёқ одамда нохуш ҳислар уйғотувчи бу атама лотинча “bancus” (ўриндиқ) ва “ruptus” (синган) сўзларидан ҳосил бўлган. Қадимги Рим бозорларида тужжорларнинг ўриндиқлари “bancus” деб аталган. Антик давр удуми бўйича савдоси юришмай касодга учраган тижоратчи ўз ўриндиғини намойишкорона синдирган.

Дарвоқе, Рим қонунчилигига кўра, қарзга ботган тижоратчи зиммасидаги молиявий мажбуриятларни 90 кун ичида бажармаса, кредитор уни қулга айлантириш ҳуқуқига эга бўлган.
XS
SM
MD
LG