Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:29

Мисрда янги президент сайланмоқда


Қоҳирадаги сайлов участкаларидан бири.
Қоҳирадаги сайлов участкаларидан бири.

Мисрда Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ҳайдалганидан бери биринчи президент сайловлари ўтказилмоқда. Икки кун давом этадиган биринчи босқич сайловларда 12 номзод давлат олий мансаби учун курашмоқда.

Агар номзодлардан бирортаси 50 фоиздан кўп овоз ола олмаса¸ 16-17 июн кунлари иккинчи давра сайловлар ўтказилади; мамлакат янги президентининг 21 июнга қадар аниқланиши кутилмоқда.

Ҳозирча президентликка даъво қилаëтганлардан қай бирининг ғолиб чиқишини тахмин қилишга асос бўладиган бирор омил кўзга ташланмади. Сайлов олдидан ўтказилган сўровларда сайловчиларнинг 50 фоиздан кўпроғи ҳали-ҳамон кимга овоз бериш борасида бир қарорга келмаганини билдирди.

Шундай бўлса-да¸ сайловларда бир-бири билан беллашаëтган тўрт асосий гуруҳ вакилларининг президентлик курсисига бошқа номзодларга нисбатан яқинроқ экани ойдинлашди.

Мисрликлар президент сайловида овоз бермоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:20 0:00


Карнеги Халқаро тинчлик жамғармаси етакчи таҳлилчиси Марина Оттавей бу тўрт гуруҳга изоҳ беради:

- Биз ҳали ҳам ўтиш даврининг ўртасида турибмиз ва бу ўтиш даври тўрт асосий гуруҳ ўртасидаги ҳокимият курашига айланди. Биринчиси¸ ҳарбийлар ва Муборак режими унсурлари¸ иккинчиси исломий партиялар¸ учинчиси дунëвийлар ва тўртинчиси кўчадаги намойишчилар. Айни кунларда бу тўрт сиëсий гуруҳ ўртасидаги кураш ниҳоятда кескин бир паллага кирди¸ дейди таҳлилчи.

Дастлабки босқичда президентлик учун ўз номзодини қўйган 20дан ошиқ даъвогарнинг 10 нафари Президент сайловлари олий комиссияси томонидан дисквалификация қилинди ва жараëндан четлатилди.

Улар орасида Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори¸ Халқаро Атом энергияси агентлиги собиқ раҳбари Муҳаммад ЭлБарадей ҳам бор.

Исломчи номзодлар

Президентликка асосий даъвогарлардан иккитаси исломий гуруҳ вакиллари бўлса¸ дунëвий қарашдаги яна икки кучли даъвогар Муборак режими пайтида вазир лавозимида ишлаган.

Абул Фотуҳ.
Абул Фотуҳ.
Ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра¸ Мусулмон биродарлиги ташкилотининг собиқ аъзоси Абдел Муним Абул Фотуҳ президентликк асосий даъвогарлардан бири.

Радикал Салафийлар гуруҳи етакчиларига солиштирилганда анча мўътадил деб кўрилаëтган Абул Фотуҳ 2011 йилнинг январ ойида Ҳусни Муборакка қарши Миср Олий суди олдида бошланган илк норозилик намойишига қўшилганидан сўнг мамлакат аҳолиси орасида шуҳрат қозонди.

Мисрнинг исломчи ва либераллар ўртасидаги қутблашув марказига айланишидан чўчиëтган турли мафкурага мансуб сайловчилар учун Фотуҳ жозибадор номзодга айланган. Ўз сайловолди кампанияси давомида Фотуҳ айнан шундай қутблашувга йўл қўймасликни ваъда қилди.

23 май куни журналистлар билан учрашган Фотуҳ:

- Агар сайловлар эркин ва адолатли ўтказилса¸ уларга аралашув бўлмаса¸ биз сайлов натижаларини ҳурмат қилишимиз шарт. Сохтакорликлардан холи ўтказиладиган сайлов натижасида президентликка ким келишидан қатъий назар¸ сайланган президент билан ëнма-ëн туришимизга ишончим комил¸ дея баëнот берди.

Фотуҳ тарафдорлари орасида ашаддий консерваторларнинг Ал-Нур партиясидан тортиб¸ Таҳрир майдонидаги намойишлар фаоли¸ Google ширкатининг Яқин Шарқ бўйича мувофиқлаштирувчиси Ваел Ғонимгача бор. Фотуҳ 70-йилдан бошлаб Мусулмон биродарлиги ташкилоти аъзоси бўлган ва 2011 йилда расман бу ҳаракат аъзолигидан чиқиб¸ президентликка ўз номзодини қўйди.

Айни пайтда¸ Муборакдан кейинги илк сайловларга Мусулмон биродарлиги ҳам ўз расмий номзодини қўйди ва бу ҳаракатнинг 2011 йилда “Озодлик ва Адолат” номи остида рўйхатдан ўтган партияси раиси Муҳаммад Морсидир.

Дунëвий номзодлар

Етакчи икки дунëвий номзоддан бири 2001-2011йиллар давомида Араб лигасига Бош котиблик¸ 1991-2001 йилларда эса¸ Муборак ҳукуматида Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Амр Муссадир. Бу лавозимлардан аввал Амр Мусса Мисрнинг БМТ¸ Ҳиндистон ва Швейцариядаги элчиси бўлиб ишлаган.

Амр Мусса.
Амр Мусса.
Таҳлилчилар фикрича¸ Амр Мусса Мисрнинг сиëсий беқарорлик домига тортилишидан чўчиëтган сайловчилар учун жозибали номзоддир ва сайловолди кампанияси даврида Амр Мусса асосий шиор ўлароқ барқарорлик ваъдасини марказга қўйди.

Муборак ағдарилгандан бери мамлакатни бошқариб келаëтган Мисрнинг қудратли ҳарбий кенгаши президентликка қўйган номзод Аҳмад Шафиқдир. Умрининг 40 йилини Миср ҳарбий кучларида ўтказган Шафиқ мамлакат ҳаво кучлари бош қўмондони¸ 2002-2011 йилларда эса¸ мамлакат Фуқаролик авиацияси вазири бўлиб ишлаган.

Аҳмад Шафиқ.
Аҳмад Шафиқ.
Президент сайловлари олий комиссияси томонидан дисквалификация қилинган Шафиқ¸ аппеляция суди томонидан расмий номзодликка ўтказилди. Шафиқ танқидчилари уни Муборак режими қолдиғи сифатида таърифлашмоқда.

Манфаатлар тўқнашуви

Миср кўчаларига чиқиб¸ Муборакни ҳокимиятдан ағдарган халқ инқилоби моторига айланган миллионлаб ëш мисрликлар эски режим қолдиқларининг ҳокимиятдан бутунлай супуриб ташланишини истайдилар.

Инқилоб даврида миллионларни сафарбар қила олган исломчилар мамлакатда шариат қонунлари ўрнатилишини истамоқда.

Муборак режими қолдиқлари деб кўрилаëтган Мисрнинг ҳозирги бошлиқлари – қудратли ҳарбийлар сиëсий ўтиш даврида ҳам ўз белгиловчи ролини сақлаб қолиш¸ ўз бюджетининг фуқаровий ҳукумат назоратидан мустақил қолишини истамоқда.

Исломчиларнинг асосий номзоди Фотуҳ¸ ҳарбийларники эс¸ Шафиқдир.
Айни пайтда¸ ҳарбийларнинг Фотуҳ ëки Амр Муссадан бирини қўллаш лозим бўлса¸ кейингисини қўллаши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG