Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:32

Қорақалпоғистон ҳокимияти ўзгаришлар арафасидами?


Озодликнинг сиёсий шарҳловчиси Камолиддин Раббимов.
Озодликнинг сиёсий шарҳловчиси Камолиддин Раббимов.

Бир қатор мустақил интернет саҳифаларда кўп йиллардан бери Қорақалпоғистонни бошқариб келаётган, республика Жўғорғи Кенгаши раиси Муса Эрниёзовнинг лавозимидан четлаши мумкинлиги ҳақидаги иддаолар пайдо бўлди. Хабарларга кўра, порахўрлик, қариндош-уруғчилик ва таниш-билишчиликка кенг йўл очиб бергани боис унинг ҳокимият тепасидаги фоалияти Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томондан жиддий тафтиш қилинмоқда. Озодликнинг сиёсий шарҳловчиси Камолиддин Раббимовнинг фикрича, бу каби хабарларнинг пайдо бўлаётгани тасодиф эмас.

Қорақалпоғистон ҳокимиятида ўн йил


Қатор мустақил нашрлар эълон қилган мақолаларда папорахўрлик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатларда айбланаётган Қорақалпоғистон Жўғорғи Кенгаши раиси, 65 ёшли Мусо Эрниёзов бундан роппа-роса 10 йил олдин, 2002 йилнинг май ойида ушбу лавозимга расман сайлангани эсланади.

Ўзбекистон минтақалари раҳбарлари ичида Мусо Эрниёзов кейинги йилларда ҳокимиятда энг узоқ вақт мобайнида қолаётган амалдорларнинг иккинчисидир.

Бу соҳада "рекордсмен" 2011 йилнинг охирида амалидан олинган Бухоро ҳокими Самойдин Ҳусeновдир, у вилоятни 15 йил бошқарди.

Қорақалпоғистон раҳбари Мусо Эрниёзов Самойдин Ҳусеновдан кейин Ўзбекистон минтақаларидаги энг қудратли шахсларнинг иккинчиси ҳамдир.

Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига мувофиқ, маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг фаолият муддати беш йилдан икки муддатни назарда тутади.

Бироқ, бу ҳуқуқий принцип Ўзбекистон сиёсий амалиётида ҳар доим ҳам ишламайди. Баъзи ҳокимлар, Ислом Каримовнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, ўн беш йиллаб ҳокимиятда ўтирган бўлса, баъзиларининг ярим йилга ҳам бормаган ҳолатлари кузатилган.

Қорақалпоғистонда олий ҳокимиятни шакллантириш тамойиллари вилоятлардагидан фарқ қилади.

Вилоят ҳокимлари тўғридан-тўғри президент томонидан тайинланади.

Қорақалпоғистонда эса ушбу минтақа парламенти - Жўғорғи Кенгаш депутатларининг учдан икки қисмининг овози билан Раис сайланади. Жўғорғи Кенгашнинг раиси, айни пайтда Қорақалпоғистон ижроия ҳокимиятининг раҳбари ҳамдир.

Қорақалпоғистонга бир назар


Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг энг ғарбий ва майдони жиҳатдан энг катта ҳисобланади – Қорақалпоғистоннинг умумий ҳудуди 166 минг кв. километрни ташкил қилади, бу эса Ўзбекистон умумий ҳудудининг тахминан учдан бир қисмидир.

Ўзбекистонда мавжуд сўнгги расмий статистик маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон 27 катта ва ўрта ҳажмдаги шаҳарлардан, 137 қишлоқдан иборат бўлиб, аҳолиси бир миллион олти юз ўн беш минг кишидир.

Иқтисодий тарафдан - Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон умумий ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2,7 фоизни ташкил қилади.

Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан экология, қурғоқчилик каби қўшимча муаммолари билан ҳам фарқлидир.

Порахўрлик ва уруғ-аймоқчилик – ҳокимлар учун стандарт айблов.


UzMetronom.com интернет нашрининг 23 май куни “Қорақалпоғистон: ўроққа тушган кланлар” номли мақоласига кўра, Муса Эрниëзов ва унинг яқин қариндошлари устидан жиддий тергов ишлари бошланган.

“Ишончли манбалардан олинган маълумотларга” таянишини ёзган UzMetronom, кейинги уч ой ичида Муса Эрниёзов ва унинг яқинлари молиявий-иқтисодий имкониятлари жиддий қирқилган, улар “ўз ихтиёри билан” давлат бюджетига ўта катта ҳажмдаги пул ва моддий бойликларни қайтариб беришган.

Шунингдек, мақолада Муса Эрниёзов бешта ҳашаматли ҳовлисини ҳам ўз ихтиёрига кўра давлат тасарруфига топширгани айтилади.

Бу ва ундан аввал пайдо бўлган мақолаларда Муса Эрниёзовнинг Қорақалпоғистонда давлат ва бизнес структураларини эгаллаб олгани айтилган қариндошлари номма-ном келтирилади.

UzMetronom.com нашриёти бош муҳаррири Сергей Ежковнинг Озодликка айтишича, Муса Эрниëзов атрофидаги текширувлар асосан порахўрлик билан боғлиқ.

Бироқ, Сергей Ежковнинг айтишича, Қорақалпоғистонда порахўрликка қарши ушбу кураш аллақачон бошланиши керак эди.

Бу курашнинг кечикканлигини, Сергей Ежков, Ўзбекистон ҳокимиятидаги эҳтиёткорлик, сиёсий технологиялар билан боғлиқлигини тахмин қилади.

Биринчидан, Ўзбекистонда шаклланган сиёсий амалиётга мувофиқ, бирор бир минтақада 10 йил раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон марказий ҳокимияти учун жиддий алоҳида нозик масала ҳисобланади.

Шаклланган тасаввурга кўра, Ислом Каримов вилоятлар ва айниқса Қорақалпоғистон ҳокимиятида раҳбарларнинг жуда кўп ўтириб қолиши ва бунинг ҳисобига маҳаллий раҳбарларнинг барқарор сиёсий омилга айланишига ҳар доим хавотир ва эҳтиёткорлик билан қараб келган.

Мусо Эрниёзовнинг Қорақалпоғистон каби нозик минтақада роппа-роса 10 йил ҳокимиятда ўтиришининг ўзи И.Каримовнинг унга нисбатан анча катта ишонч ва эҳтиёткорликда бўлганлигини кўрсатади.

Иккинчидан, Ўзбекистонда шаклланган сиёсий тузумнинг энг барқарор сифати – ҳокимиятнинг ёпиқлиги, ҳокимият устидан жамоатчилик назоратининг имконсизлиги, Конституцияга мувофиқ равишда ҳокимларнинг “якка ҳокимлик” тамойили остида фаолият олиб боришидир.

Ўтган 20 йиллик мустақиллик даврига хос маъмурий сиёсатнинг энг марказий хусусияти – бу барча ишдан олинаётган амалдорларнинг, айниқса, минтақа раҳбарларининг И.Каримов томонидан бир хилда “порахўрлик, қариндош-уруғчилик” иллатларида айбланишидир.

Қизиғи шундаки, ишдан бўшатилаётган ва бу каби иллатларда айбланмаган биронта ҳам ҳокимни топиш имконсиз.

Демак, барча амалдорларнинг “порахўрликда”, “қариндош-уруғчиликда” айбланиши, алоҳида шахсларнинг эмас, сиёсий тизимнинг барқарор хусусияти эканлигини яна бир бор исботлаб беради.

Учинчидан, Қорақалпоғистон Юқори Кенгаши Раиси Мусо Эрниёзов обрў-эътиборини шубҳа остига олувчи, уни порахўрлик ва қариндош-уруғчиликда айбловчи мақолаларнинг пайдо бўлишини тасодиф деб бўлмайди, ва яқин келажакда Нукусда кадрлар ўзгаришини кутиш мумкин бўлади.

Сабаби, Ўзбекистон сиёсий амалиётида баъзи қудратли ёки нозик минтақалар раҳбарларини ишдан олиш бир неча босқичдан иборат бўлиб, бу каби мақолалар ўша раҳбарларни ҳокимиятдан узоқлаштириш учун психологик тайёрлаш вазифасини бажаради.

Агарки, бу яқин муддат ичида Қорақалпоғистон ҳокимиятида кадрлар ўзгариши бўлмаса, бу каби мақолалар ва миш-мишларнинг асосий вазифасини ушбу раҳбарларнинг сиёсий ва иқтисодий имкониятларини бироз қамчилаш, қирқиш учун асос сифатида, уларга психологик босим ўтказиш воситаси бўлиб хизмат қилишини айтиш мумкин.


(Озодлик радиосининг сиёсий шарҳловчиси Камолиддин Раббимов)
XS
SM
MD
LG