Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:22

Тожикистонда журналистларни калтаклаш кўпайди


Тожик журналисти Далер Шарипов ўзининг калтаклаб кетилишини касбий фаолияти билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти номаълум кишилар томонидан калтакланиб кетилган тожик журналисти Далер Шариповга саломатлигини тилаш учун молиявий кўмак кўрсатди.

Айни кезда бу нуфузли ташкилот билан тиғиз ҳамкорлик қилаётган Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси масъулларининг билдиришича, “Сафина” давлат телевиденияси ходимига хуқуқий ёрдамлар ҳам кўрсатилиши кўзда тутилган.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, мамлакат Ички ишлар вазирлиги журналистнинг калтакланишига оид ҳолат юзасидан жиноят иши очган.

Далер Шарипов 7 май куни кечки пайт Россиянинг Душанбедаги элчихонаси яқинида номаълум кишилар томонидан калтакланган ва мия чайқалиши хамда бошқа тан жароҳатлари билан шаҳар касалхонасига ётқизилган эди.

Журналистик фаолияти билан билан бирга “Қадамма қадам” жамоатчилик ташкилотига раҳбарлик қилиб келаётган Далер Шарипов бу ҳодиса иш фаолияти билан боғлиқлигини таъкидлайди.

Тахминан бир ой аввалроқ бир гуруҳ тожикистонлик ёшлар ташаббуси билан тузилган “Қадамма қадам” ташкилотининг асосий мақсади тожик жамиятида мавжуд маҳаллийчилик илдизига болта уриш экани айтилади.

Далер Шарипов “Сафина” телевидениясининг “Диалог” ва “Денгиздан томчи” каби дастурлари билан томошабинлар орасида шуҳрат қозонган ёш журналистдир.

Тожикистонда журналистлар ва эркин фикр юритувчи зиёли шахслар калтакланиши илк ҳодиса эмас. Кечаётган ой бошида Хатлон вилоят Ўзбеклар жамиятининг раиси Салим Шамсиддинов ҳам ўз уйи яқинида калтаклангани аввалроқ хабар қилинганди.

Ўзига нисбатан ҳужум “буюртма экани” га шубҳа қилмаслигини айтган хатлонлик ўзбеклар жамиятининг масъули Шамсиддинов бунга Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамда давлат раҳбарларига нисбатан билдирган танқидий фикрлари сабаб бўлганини таъкидлаганди.
XS
SM
MD
LG