Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:57

Автомобилларни сақлаш жойидан сақланинг!


Ўзбекистонда юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан ишлаб, фуқароларга низомда белгиланган тартибда хизмат кўрсатмаëтган автомобилларни вақтинчалик сақлаш жойлари кўпайгани айтилмоқда.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш порталининг ўтган ҳафта охирида маълум қилишича, Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакат бўйича автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш хизмати кўрсатиш жойларида текширувлар ўтказган.

Қайд этилишича, текширилган 90 га яқин “стоянка”нинг барчасида қонунбузарликлар аниқланган.

Мутасадди идора аксар автомобилларни сақлаш жойлари маҳаллий ҳокимиятда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмасдан ишлаб келаётганини маълум қилади.

Масалан, Наманган шаҳар Бобур боғи ҳудудидаги транспорт воситаларини сақлаш жойи ҳужжатсиз фаолият юритган, ҳайдовчилардан олинган маблағ “стоянка” хўжайинининг ҳамёнига тушган.

Бундай ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Андижон, Сирдарё ва бошқа вилоятларда ҳам кузатилган.

“Пластик карточка билан ҳақ тўлаб бўлмайди”

Амалдаги қонунчиликка кўра, автотранспортни вақтинча сақлаш масканлари назорат-касса машинасига ва пластик карточкадан тўлов қабул қилувчи терминалга эга бўлиши керак.

Монополиядан чиқариш қўмитаси текширувларида терминалларсиз ишлаётган 60 га яқин автомобил тўхташ жойи аниқланган. Масалан, Сурхондарё вилоятидаги «Термиз Бақтрия савдо» мажмуаси, Термиз деҳқон бозори, Ангор туман «Жўра Мўминбобо» хусусий корхонаси, Шеробод туманидаги «Оқ олтин қуш» хусусий корхонаси, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар деҳқон бозорига қарашли автомобилларни сақлаш жойларида истеъмолчиларга касса чеки ёки квитанция бермасдан ҳақ олинаётгани, пластик карточкадан фойдаланиш учун терминаллар йўқлиги кузатилган.

– Вилоятларни қўйиб туринг. Тошкентдаги истаган “стоянка”га боринг, пластик карточкадан пул олармикан! Ё терминали бўлмайди, ё у арзанда матоҳ “ишламаётган” бўлади. Кўп жойларда пул тўлаганингиздан кейин на чек беради, на бошқа қоғоз, – дейди Тошкентда кира қилувчи Музаффар ака.

Тупроққа беланган машина

Ҳукумат тасдиқлаган низомга кўра, автомобилларни вақтинчалик сақлаш жойлари асфалтланган, атрофи ўралган, ёритиш тизими, ёнғинга қарши воситаларга эга бўлиши лозим.

Мутасадди идора тафтишларида ҳудудлар бўйича деярли барча автомобил сақлаш жойларида бу талаблар тўлиқ бажарилмаётгани маълум бўлган.

– Асфалт ётқизилмаган “стоянка”лар кўп, бирровга кирсангиз, машинангизга бир қарич чанг ўтиради. Таги тупроқ, тўрт томони очиқ, ёритиш тизими қаерда, хирароқ чироғи ҳам йўқ. Пулини олаётгандан кейин шароитини ҳам қилиб қўйиш керак-да, – дейди тошкентлик ҳайдовчи Музаффар ака.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мутахассислари уқтиришича, транспорт эгалари автомобил сақлаш жойларидан сифатли хизмат ва қулайликлар талаб қилишга ҳақли.

12 йилдан буён ижросиз қолаётган қарор

1999 йил 12 августда Вазирлар Маҳкамаси “Автомобиллар тўхташ жойлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган.

Ушбу ҳужжатда 2000 йил 1 январгача республикадаги барча автомобиллар тўхташ жойлари тендер асосида хусусийлаштирилиши, юридик шахс шаклида фаолият юритишини таъминлаш белгиланган.

Таҳлилчиларга кўра, маҳаллий ҳокимликлар оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида автомобилларни сақлаш жойлари ҳукумат талаб қилгандек юқори савияда ишлаб келаётгани хусусида ҳисобот беради. Бироқ Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси текширувлари баландпарвоз ҳисоботлар у қадар ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўрсатмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси 2011 йилда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига мамлакат бўйлаб “типовой” – бир кўринишдаги автомобил сақлаш жойлари бунёд қилишни топширган. Бир неча қаватли “типовой” автомобил сақлаш масканларидан бири Тошкент шаҳри Чорсу бозорига яқин ҳудудда очилган. Расмийларга кўра, бу каби “стоянка”лар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам қурилади.
XS
SM
MD
LG