Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:27

Ёзда дам олгани қаерга борасиз?


Ўзбекистонлик сайёҳлар сони йил сайин кўпаймоқда. Ўзбекистондаги Туркия элчихонаси расмийси Жиҳон Варликнинг Анатолия ахборот агентлигига маълум қилишича, 2010 йилда Ўзбекистондан Туркияга 68 минг сайёҳ борган. 2011 йилда эса уларнинг сони 85 минг кишига етган.


Жорий йилнинг 4 ойи давомида қарийб 27 минг ўзбекистонлик Туркияда дам олган.

Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 25 фоизга кўп.

Айни пайтда, оддий ўзбекистонликлар, хусусан, давлат идораларининг ходимлари, ўқитувчи ва шифокорлар учун турли оромгоҳларга бориб дам олиш орзу бўлиб қолмоқда.

Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида респондентларга “Ёзда дам олгани қаерга борасиз?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Гулсум опа, ҳамшира:

- Ҳар йили бизлар Кумушконга чиқамиз. Бу йил Самарқандни зиëрат қилмоқчимиз. Коллектив бўлиб борамиз. Оилам бор, учта фарзандим бор. Кумушкон¸ яна Хумсонда дам олганмиз, Чимëнга борганмиз. Имкониятим бўлганда, Анталияга борардим. Европага чиққим келади. Дубайга бориб дам олгим келади, Парижга боргим келади. Ўзимизда ҳам ҳозир камчиликмас. Ҳамма нарса бор. Ўзимизда ҳам дам олсангиз бўлади. Ўзимиздаги оромгоҳлар ҳаммаси яхши.

Шароф, Сурхондарë вилояти ИИБ навбатчиси:

- Бирор жойга боришни ният қилганим йўқ. Уйда хўжалик ишларини қиламан. Ният қилганим йўқ бир жойга чиқишни. Оилам билан чиқмоқчи эдик, лекин чиқа олмаймиз ҳозир, чунки фарзанд кутаяпмиз. Тошкентга бориш, Самарқандга бориш ниятим бор. Ўзим Самарқандга борганман, лекин оиламни олиб бормаганман-да.

“Абдураҳмон Жомий” маҳалла кенгаши ходимаси Азизахон:

- Билмадим. Ҳали дам олишни ўйлаб кўрган эмасмиз. Ишдан ортмасак ҳам керак. Асли самарқандликмиз. Ўша жойга бориб, ота-онамизни кўриб келмасак, унақа дам олишга вақтимиз йўқ. Ишдамиз, мана ҳозир ҳам ишдамиз. Ëз фасли бошланди. Маҳаллада айни иш қизғин. Дам олишга вақтимиз йўқ. Оилани ҳисобга оладиган бўлсак, хўжайиним ҳам ишда, мен ҳам ишда. Бориб ота-онамизни кўриб келишга вақт бўлса бўлди. Имкониятим бўлганда, онамнинг олдига бориб, бир ҳафта мазза қилиб келардим.

Ботир, “Ўзулгуржисавдоинвест” ходими:

- Хумсонга чиқилади-да оилавий. Хусусий уйларда. Чет элларда ҳам дам олганмиз. Туркияда, Швейцарияда, Англияда 10-15 кун бўлганман. Туркия ëққан. Ҳамма нарса туристларга мослашган-да. Туристлар учун қилинган ҳамма нарса. Самолëтдан тушишингиз билан олиб кетади. Биз энди агентстводан борганмиз. Самолëтда олиб кетиб, меҳмонхонага жойлаштиради. Уч маҳал овқатини беради. Ўзи ҳар хил турларга олиб чиқади. Ўзининг программаси бўйича олиб юради-да. Бу йил ҳозирча шу ерда. Бу йил Хумсон бўлса керак.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ходимаси:

- Мен ҳеч қаерда дам олмоқчи эмасман. Дам олганим ҳам йўқ ҳали. Дам оламан, лекин уйимда дам оламан. Бизларда матбуот хизмати бўлими бор. Ўшаларга телефон қилсангиз, ҳамма даннийларни айтиб беради. Хўжайиним қаерга олиб борсалар, ўша ерга бораман. Мен ўзим бормайман. Уч фарзандим бор. Болаларимдан қутулганман. Ўзим кампирман. Овозингиз умуман эшитилмаяпти. Алло...

Абдуқаҳҳор Мусаев, пенсионер:

- Мустақилликка 20 йил бўлган бўлса, 20 йил ҳеч қанақа дам йўқ. Уйда ғимир-ғимир. Шу бола-чақани боқиш. Дам деган нарса йўқ. Мустақиллик бўлгунча менинг ишхонамдан Германияга путëвка берган 460 сўмга. Союз пайтида бўлаëтган нарсани айтаяпман. Чортоқда дам олгани берган санаторияларда. Болгарияга берган 1985 йилда. Гапнинг очиғи, иккинчи гуруҳ инвалидиман 90-йилдан бери. 20 йил мобайнида менга бирорта путëвка бермаган. Қанақа бу давлат, мустақиллик. Бу мустақиллик ўғриларга бўлди, тепада ўтирганларга. Ана уларга савол берсангиз бўлади. Оддий фуқароларга дам йўқ. Бола-чақани боқиш. Бозорлардаги нархлар, ҳозир ҳеч иложи йўқ, дамни ўйлашнинг ҳам ҳожати йўқ. Мен шофëр бўлиб ишлаганман.

Москвада ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири:

- Стройкада ишлайман. Мен ҳеч қандай дам олмайман. Ëзи билан ишлайман. Нимага дам олишим керак? Биз қишда дам оламиз, ëзда ишлаймиз. Сабаби совуқ бўлади, ишламаймиз шунинг учун. Дам оламиз қиши билан. Ëзда топганимизни қишда еймиз. Мен ишдаман, кечирасиз.

Анвар, Москвадаги андижонлик талаба:

- Мен одатда ëзда Ўзбекистонда дам оламан. Бу йил ҳам, Худо хоҳласа, Ўзбекистонга кетаман. Чунки мен бу ерда ўқийман. Бир йилда бир марта каникул беради. Каникулдан фойдаланиб, Ўзбекистонга бориб келаман. Бир ой туриб келаман. Шу менга етади. Ўзимнинг уйимга бораман. Шароитга, вақтга қараб Ўзбекистонни айланаман. Андижонда энг машҳур жойлар паркларга борамиз, Боғишамолга борамиз, тоғларга борамиз.

Жамшид, Санкт-Петербургдаги фарғоналик меҳнат муҳожири:

- Ëшим 29да. Урумчида бўлганман. Россияга ҳаммамиз ишлагани келганмиз. Пул топгани келганмиз. Ўзбекистонда, Марказий Осиëда иш, пул йўқлиги учун, қийинчилик бўлаëтгани учун ҳаммаси ишлагани кетган. Бу ердагиларнинг қайсиниси қанақа қилиб дам олади? Сурхондарë, Қашқадарëдан келган, русчани билмаган болалар сарсон-саргардон бўлиб юрибди бу ерда. Ҳаттоки сигаретга ҳам пули йўқ-ку. Шулар қатори мен ҳам ишлагани, оила боққани келган одамман. Қанақа қилиб дам оламиз?

Насриддин ака, ўқитувчи:

- Ҳозир таътилдаман. Уйда дам олаяпман. Макка экканман, гул экканман, суғориб юрибман. Борадиган жойим йўқ. Касбим ўқитувчи. Мен ҳеч қаерга чиққаним йўқ тўғрисини айтсам. Шароитим йўқ дам олишга. Нуротадан чиққан эмасман. Навоий шаҳрининг ГРЭСида, профилакториясида дам олганман. Икки марта борганман. Шароит йўқ, иқтисодий қийинчилик. Бола-чақалар ҳаммаси катта бўлди. Насиб қилса, болаларни уй-жойли қилсак, дам оламан. Пенсияга чиқсам-да. Пенсияга уч йил қолди.

Муҳтарам тингловчи, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулохазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG