Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:56

"Калаванинг учи", "Ватангадо", энди "Дарбадарлик"


“Чет элни ҳавас қилма! Ўзбекистондан ташқарида сен кабиларни ўз динига оғдиришни ўйлаб уйқусини йўқотган насроний даъватчилар ҳамда Ўзбекистонни ёмон кўрадиган мусулмон диний экстремистлар кўп!” Бу фикр “Ўзбекистон” телеканалида 6 июн куни намойиш қилинган “Дарбадарлик” кўрсатувига сингдирилган. Мазкур кўрсатув бу мавзудаги фильмларнинг биринчиси эмас. Шу пайтгача “Ватангадо”, “Калаванинг учи” фильмлари ҳам намойиш қилингандики, 6 июн кунги кўрсатувни ўша икки икки фильмнинг давоми деб тушуниш мумкин.

Муаллиф ўз томошабинига етказмоқчи бўлган асосий фикр “Дарбадарлик” фильмининг финалида лўнда қилиб берилган.

“Халқимиз билиб айтган “Саëқ юрган таëқ ейди” деб”

Муаллиф фикрича, “саёқ юрганлар”, яъни иш излаб ташқарига чиққанлар Ўзбекистонда кўп эмас. Бу ҳақда кўрсатув бошида бундай дейилган.

“Баъзи юртдошларимиз “чет элга борсам бўлди, у ерда бир амаллаб йўлимни топиб оламан” қабилида иш тутиб олис ўлкалардан пул қидиришга чоғланаëтганига гувоҳ бўламиз”.

Кўрсатув давомида ўша “баъзи” “саёқ юрганлар” ўз айбларига иқрор бўладилар, ташлаган қадамларидан пушаймон эканликларини изҳор қиладилар.

Дастлаб опа-сингил Дилором ва Муқаддас Холисовалар Ҳолландия кечирган кўргиликларидан ҳасрат қилади.



Муаллифнинг айтишича, опа-сингилни бу мамлакатдаги қочқинлар лагерларида қийноққа солишган.

“Лагерларда Дилором Холисова ва унинг синглисига паст назар билан қаралиб инсон шаънига умуман тўғри келмайдиган ғайриқонуний қийноқларга солинади. Уларни уриб, қўрқитиб, ўз юрти Ўзбекистон ҳақида ëлғон-яшиқ уйдирма гапларни айтишга мажбурлашади”.

Боз устига опа-сингилнинг айтишича, уларни бу мамлакатда маҳаллий миссионерлар насронийликни қабул қилишга мажбурламоқчи бўлганлар.

“Бизлар йўқ деганимиздан кейин бизларни хўрлаб, устимиздан ҳар хил издиватсялар қилишни бошлашди”.

Опа-сингил қай кўринишда хўрлангани ва қийноққа солингани тўғрисида айтилмаган.

“Ўзимни мусулмон деб оғзимга ололмадим йиллаб кўрсангиз ўша ерда кутиб ëтдим”, дейди опа-сингил Холисовалардан бири.

Холисовалар Ҳолландияда ўзини мусулмонман, деб айтолмаган бир пайтда, кўрсатув бошқа қаҳрамонларининг гувоҳлик беришларича, Европанинг бошқа мамлакати – Швецияда мусулмонлар нафақат эмин-эркин яшамоқда, балки диний-экстремистик фаолият билан ҳам шуғулланмоқда.

Уларни кўрсатув муаллифи “шоқоллар тўдаси”, деб атайди.

“Иш қидириб кетган Баҳодир Тошмуҳаммедов ҳам ижарага уй ахтариб юриб шоқоллар тўдасининг ëнидан бошпана топади. Асли ўзбекистонлик, ҳақиқий исмини яшириб ҳаммага ўзини “тоға” деб таништирадиган кимса Стокголмга ишлаш учун борган ўзбекларни бир жойга тўплаб уларга диний экстремистик, сепаратистик оқимларнинг ғояларини сингдиради”.

Кўрсатувдан маълум бўладики, Швецияга бориб қолган Баҳодир Тошмуҳаммедов, Хуршид Ҳамроев, Жамшид Жалолов, Хуршид Зокировлар ўша “шоқоллар тўдаси” қўйган тузоққа илинади.

Тўда бошлиғи эса, айтилишича, Обидхон қори Назаровдир.

Кўрсатув қаҳрамонларидан бири Хуршид Ҳамроев кўргиликларини бундай эслайди.

“2009 йил 25 июн куни Тошкент халқаро аэропорти бўйлаб Тошкент-Рига, Рига-Стокголм йўналиши бўйича учиб кетдим. У ерда мени Фаррух кутиб олди. Бир ой ўтмасдан “Болалар билан йиғилишимиз бор, ўтиришимиз бор, юр олиб бораман. Борасан. Уйда зерикиб ўтирасанми” деб ўтиришга олиб борди. Ўтиришга олиб борганда у ерда 8-9 киши ўтиришган эди. Обид қорининг маърузаларини эшитиб ўтиришаркан”, дейди Хуршид Ҳамроев.

Кўрсатувнинг яна бир қаҳрамони Жамшид Жалоловнинг фикрича, Швециядан бошпана топиб олган диний экстремистларнинг “мақсади Ўзбекистонни ëмонлаш, Ўзбекистонни қоралаш. Ўзбекистонда бўлаëтган тўғри, оқилона сиëсатни нотўғрига чиқариш”.

Унинг гапидан сўнг муаллиф “Халқимиз билиб айтган “Саëқ юрган таëқ ейди” деб”
деган хулоса билан кўрсатувга якун ясайди.

Шуни айтиш керакки, 6 июн куни намойиш этилган “Дарбадарлик” кўрсатуви шу мазмундаги илк кўрсатув эмас.

Аввалроқ, майнинг ўрталарида “Ўзбекистон” телеканали намойиш қилган “Ватангадо” филмида Швециядан бошпана топган имом Муҳаммадсолиҳ Обутов динни ниқоб қилиб олиб, “халқни таназзулга бошлаëтган хиёнаткор” сифатида талқин этилган эди.

Бундан икки йил олдин намойиш қилинган “Калаванинг учи” фильмида эса, Швеция Қироллиги берган бошпанада яшаб турган бошқа бир таниқли имом Обид қори Назаров айбланган эди.

Жорий йилнинг февралида номаълум шахс томонидан отиб кетилган ва ҳанузгача Швециядаги касалхонада қолаётган Назаров ўзи ҳақдаги фильм юзасидан Озодлик саволларига жавоб берар экан, жумладан бундай деган эди.

- Ҳақ сўзни гапирган билан давлат ағанаб тушмайди. Мана кўраяпмиз, улар ҳам кўришаяпти, Европада одамлар бемалол гапиради. Давлат бошлиғини бемалол танқид қилади, ҳақорат ҳам қилаверади. Лекин улар кулимсираб табассум қилиб тураверади. Мана Туркияда ҳам худди шундай ҳолатлар кузатилади. Бу билан давлатга ҳеч қандай зарар етмайди. Мен ҳам МХХ ходимларини, президент аппарати ходимларини масжиддан туриб танқид қилганман. Бу нарса улар учун жуда ҳам оғир ботган, жуда ҳам қаттиқ теккан. Уларнинг одам ўлдириш амалиëтларини гапирганман очиқ. Ана шунинг тўғрилиги орадан бир неча йил ўтиб мана кўринаяпти. Улар қанча одамларни ўлдиришди, қанчасини ўғирлашди, деган эди Обид қори Назаров.

“Дарбадарлик” фильми қаҳрамонлари – опа-сингил Холисовалар ўзларининг Голландияда насронийликка ўтишга зўр бериб даъват қилинганликлари, даъватни рад этгач эса, азоб-уқубатда қолгани тўғрисида ҳикоя қилишди.

Ўзимизни мусулмонмиз, дея олмадик, дейишди опа-сингиллар.

Европа мамлакатларидаги аҳволдан сал бўлса-да хабари бор ҳар қандай киши учун Холисоваларнинг бу гаплари, юмшоқроқ айтганда, бироз эриш туюлади.

Балки чиндан ҳам Голландияда бу масаладаги аҳвол оғирроқдир?

Умуман, бу мамлакатда яшаётган мусулмонларнинг диний эътиқод эркинлиги қандай таъминланган?

Мухбиримиз бу саволларни бир неча йилдан бери Голландияда яшаётган ўзбекистонлик муҳожир Нуриддинга берди.

Озодлик: Чиндан ҳам шундайми? Одамга тазйиқ ўтказиш даражасида насронийликка ўтказмоқчи бўлишадими?

- Йўқ, унақа нарса йўқ бу ерда. Сиз айтгандай ҳар битта мамлакатда ҳозир миссионерлар кўпайган. Бу ерда ҳам бор. Айнан лагерларда қийинчиликда яшаëтган одамларга пул ваъда қилишиб, ўзлари томонга оғдиришга ҳаракат қилишади. Лекин мажбурий ҳолда уларни зўрлаш ëки сиқувга олиш, босим ўтказиш ҳоллари бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳатто сизни динингизга қараб бир жамоада ўтирганингизда сизни динингизга қараб сал чеккароққа қўйиш ëки бошқаларга қараганда камроқ яхши муносабат қилиш ҳам дискриминация ҳисобланади.

Озодлик: Опа-сингиллар “Рад этганимиздан кейин уларнинг таклифини бизнинг аҳволимиз ўта оғирлашиб кетди. Азоб беришди, қийноққа солишди” дейди. Қанчалик жон бўлиши мумкин бу гапда?

- Мен уларнинг аҳволида қанақа бўлганини билмайман. Танимаган одамим ҳақида бир нарса дейишим қийин. Лекин шундай нарса Голландияда бўлганини мен кўз олдимга келтира олмайман. Бўлиши мумкин бўлмаган нарса. Мен билган Голландияда унақа нарса бўлиши мумкин эмас.

Озодлик: Опа-сингиллар “Мусулмонмиз деб овозимизни чиқаришга қўрқдик. Мусулмонлкигимизни билинтиришга қўрқдик” дейди.

- Мен сизга битта гап айтаман. Ўзимнинг ҳаëтимдан келиб чиқадиган бўлсак, мана ҳозир телефон қилганингизда эшитдингиз одамларнинг овозини ҳаммаси голландлар. Менинг диним ислом бўлгани учун жамоа бўлиб тушликлар ташкил қилганимизда ҳам менга алоҳида эътибор беришиб, “сенга ҳалол гўшт олдик” дейишади. Динингиз бошқа бўлгани учун сизни хўрлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бунга журъат қилолмайди, жасорати етмайди ҳеч кимнинг. Қонун олдида жавобгарлиги қаттиқ жуда ҳам.

Озодлик: Ўзи умуман ўзбеклар кўпми Голландияда?

- Мен билганим 10тача оила бор. Ундан ортиғини билмайман, дейди Голландияда яшаётган ўзбекистонлик муҳожир Нуриддин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:15 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG