Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:13

Россия мухолифати фаоллари яна сўроқ қилинди


Россия мухолифати фаоллари Сергей Удальцов ва Алексей Навальний.
Россия мухолифати фаоллари Сергей Удальцов ва Алексей Навальний.

Путиннинг учинчи марта ҳокимиятга қайтганига қарши норозилик потенциалини сафарбар қилаëтган мухолифат етакчиларини заифлаштириш мақсадида Москва ҳукумати тергов машинаси кучини ишга солмоқда.

Россия Тергов қўмитаси терговчилари мухолифат етакчилари Сергей Удалцов ва Алексей Навальнийни бугун иккинчи кундирки сўроққа чақиртирди.

Расмий изоҳга кўра¸ иккала фаол 6 май куни Москвадаги намойиш чоғида полиция ва намойишчилар ўртасида юзага чиққан тўқнашув билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида сўроқ қилинмоқда.

Аммо иккала мухолифат етакчисининг Москвада уюштирилган “Миллионлар марши” билан айни кун¸ айни соатда сўроққа чақиртирилиши ҳукуматдагиларнинг мухолифат маршини етакчисиз қолдириш уриниши сифатида баҳоланмоқда.

Сешанба куни Москвада бўлиб ўтган “Миллионлар марши”да норасмий хабарларга қараганда 200 мингга яқин одам иштирок этди ва марш ҳеч бир зўравонликларсиз якун топди.

- Менинг виждоним тоза. Мен ҳеч қандай жиноят ëки қонунбузарлик қилганим йўқ. Мен терговга шуларни айтаман ва шахсий ҳаëтимга дахл қилмайдиган ҳамма саволларига жавоб бераман. Мен мутлақ сокинман¸ деди Удальцов мухбирларга бугун Тергов қўмитасига сўроққа киришдан олдин.

- Мендан ҳеч нима сўрашгани йўқ¸ фақат экспертиза учун ҳуснихатимдан намуна беришни сўрадилар. Мен бу ерга гувоҳ мақомида чақиритилганим боис¸ бундан бош тортдим. Бошқа ҳеч нарса бўлмади. Ҳозир биз ишхонамга кетаяпмиз. Терговчилар тинтувни ишхонамда давом эттирмоқчилар¸ деди Тергов қўмитасига чақиртирилган Алексей Навальний чоршанба куни.

Сешанба куни Алексей Навалнийнинг уйида тинтув ўтказган терговчилар уни 13 соат сўроқ қилдилар. Бу жараëнга¸ Навальнийнинг айтишича¸ Тергов қўмитасининг 156 нафари ходими жалб этилган.

- Уларнинг ўзи ҳам ҳеч нарсани билмайди. Қарийб 160 кишилик тергов бригадаси ташланган. Ҳатто терговчиларнинг ўзлари эртага нима бўлиши ҳақида тасаввурга эга эмас¸ деди 13 июн куни мухбирлар билан учрашган Навальний.

11-12 июн кунлари бир пайтнинг ўзида Россия мухолифатининг камида саккиз нафар фаолининг уйида тинтув ўтказилди¸ уларнинг ўзлари сўроқ қилинди.

Кузатувчилар¸ асосий ташаббусчи ва етакчилари "Миллионлар марши" билан бир пайтда сўроққа чақиртирилганига қарамай¸ маршнинг уюшган ҳолда¸ тартибсизлик ва фитналарсиз ўтганини Россияда Путин ҳокимиятига қарши норозилик потенциали сўнмагани белгиси сифатида талқин этмоқдалар.

12 июн - Россия кунида ўтказилган "Миллионлар марши"да "Озод Россия манифести" қатнашчилар томонидан якдиллик билан қабул қилинди.

Мазкур манифестда Владимир Путиндан истеъфога кетиш сўралди; сайловлар ҳақида янги қонун ҳозирлаш¸ янги қонун асосида парламент сайловлари ўтказиш¸ президентнинг ҳокимиятда қолишини кескин чекловчи янги конституция лойиҳасини парламент муҳокамасига киритиш талаб қилинди.
XS
SM
MD
LG