Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2021, Тошкент вақти: 23:06

Ўзбекистон хабарлари

Озарбайжон Ички ишлар вазири Ўзбекистон элчиси билан учрашди

Озарбайжон Ички ишлар вазири генерал-полковник Рамил Усубов Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Шерзод Файзиевни қабул қилди.

Тренд.аз Интернет нашри хабарига кўра, мулоқот чоғида вазир элчилик фаолияти давомида Файзиев Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатларини янада мустаҳкамлашига умид билдирган.

Усубов Ўзбекистон элчисига Озарбайжондаги муаммолар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берган.

Ўз навбатида Шерзод Файзиев Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ва давлат идоралари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш устида иш олиб боришини билдирган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 24 март куни Шерзод Файзиевни Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги элчиси этиб тайинлаш ҳақида қарор қабул қилганди.

Кун янгиликлари

Президент сайлови муддатидан аввал ўтказилиши мумкин

Ўзбекистонда президент сайлови бундан буён октябрь ойида ўтказилиши мумкин.

Қайд этилишича, мазкур масалага 25 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг галдаги мажлисида тўхталинган.

Аввал мамлакатда президент сайлови ҳамда парламент ва маҳаллий кенгаш сайловлари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиб келинган.

Душанба куни кўриб чиқилган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сайлов кунини декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириш таклиф қилинган. Агар бу ўзгартишлар тасдиқланса, Ўзбекистонда 2021 йилдаги президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтиши мумкин.

Жорий йилда президент сайлови бўлиб ўтиши ҳақида Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрида парламентга мурожаатида айтиб ўтган. Ўша нутқида президент “Ўзбекистонда 2021 йили бўлиб ўтадиган президент сайлови халқаро стандартларга мувофиқ равишда ўтказилиши керак”лигини урғулаган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида президент мамлакат фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши қайд этилган.

Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2016 йил 4 декабрида ўтказилган. Унда, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини олган Ш. Мирзиёев ғалаба қозонган.

АҚШ Ўзбекистонда эпидемиологларни ўқитиш дастурини амалга оширмоқда

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 20 нафар ходими ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг 10 нафар мураббийи учун беш кунлик дала эпидемологияси дастурини (FETP) бошлаган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, мазкур дастурни Ўзбекистонда муваффақиятли амалга ошириш учун CDC Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Тошкент тиббиёт академияси билан ҳамкорлик қилади.

Ўқув дастури ишдан ажралмаган ҳолда уч ойлик модулни ўз ичига олиб, у касалликларнинг олдини олиш ва эпидемияга қарши курашда олдинги сафларда ишловчи эпидемиологларда муҳим кўникмаларни ривожлантиради.

Дастур касалликларни аниқлаш, ҳисобот бериш ва жавоб чораларини яхшилашга эътиборни кучайтирган ҳолда касалликларни кузатишни маҳаллий даражада такомиллаштиришга қаратилган.

Аксилкоррупция агентлиги Coca-Cola’даги хусусийлаштириш ишларини тўхтатиб туришни таклиф қилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ устав фондининг 57,118 фоизга тенг давлат улуши сотувга қўйилишини тўхтатиб туришни таклиф қилди.

Агентлик қайдича, сотувга қўйилиш жараёни амалдаги қонунчилик ва тартибларга зид равишда ўтказилаётганлиги тўғрисида кўплаб тадбиркорлар ва фуқаролар, шунингдек ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан мурожаатлар келиш тушган.

“Мурожаатларни ўрганиш жараёнида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (CCIU) устав фондидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқлиги ва коррупция хатари мавжудлиги таҳлил қилинди”, дейилган агентлик хабарида.

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd” устав капиталидаги давлатга қарашли 57,118 фоиз улушини хусусийлаштиришни режалаётгани ҳақида Озодлик ўтган йил ёзида хабар қилганди.

Маълумотларга кўра, 2020 йил 16 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида Ўзбекистонда алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (CCIU) нинг давлат улуши сотувга қўйилиши очиқланган. Эълонда тендерда иштирокчиларни саралаш ва ғолибни танлаш жараёнида бир нечта мезонлар қўлланилиши баён қилинган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганишлар “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (CCIU) устав фондидаги давлат улушини сотиш бўйича ўтказилаётган тендер шартларига киритилган бир қатор талаблар савдоларда қатнаша оладиган шахслар доирасини кескин кисқартиришга ҳамда қатор коррупцион омилларни келтириб чиқаришга шароит яратишини кўрсатганини билдирган.

Агентлик фикрича, ушбу мезонлар ўта юқори ва асослантирилмаган талаблар ҳисобланади ва савдоларда иштирок этиши мумкин бўлган эҳтимолий иштирокчилар сонини сунъий чеклашга олиб келади.

Шу муносабат билан агентлик мазкур тендер жараёнларини тўхтатиш юзасидан тегишли идораларга тақдимнома киритилган.

Аксилкоррупция агентлиги қайдича, тендер савдоларида иштирок этишга кўпроқ талабгорларни жалб қилиш ҳамда тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларнинг хулосалари асосида тендер шартларини юмшатиш бўйича ишларни олиб бориш керак.

Вазир: Ўтган йили бандлик марказларига иш сўраб келганларнинг учдан бири ишга жойлаштирилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов

Ўтган 2020 йилда Бандликка кўмаклашиш марказларига 1 миллион 96 минг нафар фуқаро мурожаат қилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов 25 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.

Уларнинг 362 минг нафарига ишга жойлашиш бўйича кўмак берилди, 521 минг нафари вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 36 минг нафар фуқароларга деҳқончилик қилиши учун субсидиялар ажратилди, 12 минг нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун субсидия берилди”, деган вазир Н. Ҳусанов.

Мулозим ўтган йили пандемия муносабати билан турли корхоналар фаолиятини тугатишга мажбур бўлгани, бунинг ортидан фуқаролар ишсиз қолганини эътироф этган.

Матбуот анжуманида вазир янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун кучга кириши билан ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби ҳам ўзгаришини қайд этган.

Унга кўра, агар аввал ишсизлик нафақаси илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида фақат 13 ҳафта тўланган бўлса, эндиликда ишсизлик нафақаси барча тоифадаги ишсиз шахсларга 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланмоқда.

Мазкур чоралар натижасида ишсизлар иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватланади ва 80 мингга яқин ишсизга нафақа тайинланади”, деган Нозим Ҳусанов.

Россияда оғир аҳволда қолган ўзбеклар ватанига қайтарилди

Хорижликларни сақлаш марказида ўзининг Ўзбекистонга депортация қилиниши кутаётган мигрантлардан бири.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларида сақланаётган 13 кишини ўз уйига қайтарди.

Расмий маълумотда айтилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу ишни бир қатор ваколатли ва халқаро ташкилотлар кўмагида амалга оширган.

13 нафар ўзбекистонлик 23 январь куни Москва – Тошкент чартер рейс орқали уйларига етиб келди.

Расмий хабарда айтилишича, “Ўзбекистонга қайтаритлган фуқаролар билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари профилактик ва тушунтириш тадбирларини ўтказган”.

Доллар ва евро ўзбек сўмига нисбатан яна қимматлади

Тижорат банкларида 1 доллар 10550 сўмдан сотилаётгани хабар қилинди.

Ўзбекистон Марказий банки 26 январдан бошлаб доллар ва евро яна қимматлагани ҳақидаги маълумотни эълон қилди.

26 январдан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати қуйидагича белгиланди:

1 доллар - 10 518,99 сўм,
1 евро -12 789,46 сўм.

Бу сўнгги бир ҳафта ичида долларнинг расмий курси 18,18 сўмга, евронинг расмий курси 115,58 сўмга кўтарилганини англатади.

Давлат органлари бир йилда деярли 6 минг тадбиркорнинг ҳуқуқларини бузди

Ўзбекистондаги цехлардан бири.

Давлат органларининг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашуви ва бюрократик тўсиқлар оқибатида 5 минг 833 та тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилган. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Бош прокуратура бошқармаларидан бирининг бошлиғи Хуршид Шуҳратжонов маълум қилди.

Расмийнинг айтишича, тадбиркорлар ҳуқуқини асосан солиқ идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, банк муассасалари, қурилиш, кадастр, коммунал хизмат кўрсатиш идоралари бузмоқда.

Жумладан, 1 минг 281 нафар тадбиркорнинг банкдаги ҳисоб варақлари бўйича операциялари асоссиз тўхтатиб қўйилган, 347 нафар тадбиркордан ортиқча маблағ ундирилган.

Бундан ташқари 466 тадбиркорнинг мурожаати эътиборсиз қолдирилган, 408 тадбикорга лицензия ва рухсат бериш тартиби бузилган, 838 тадбиркорнинг имтиёзлар ва преференцияларга бўлган ҳуқуқи топталган.

Қашқадарёда Ислом Каримов бюсти учун ўқитувчилардан пул йиғилаётгани инкор қилинди

Ислом Каримов бюсти 450 минг сўмдан сотилаётгани айтилган эди.

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси Озодлик радиосида 22 январда эълон қилинган “Қашқадарёлик ўқитувчилар: Ислом Каримов бюсти учун мажбуран пул йиғилмоқда” сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

Мазкур мақолада қашқадарёлик ўқитувчилар марҳум президент Ислом Каримов бюсти учун ўзларидан пул йиғилаётганидан норозилик билдиришган.

Ўқитувчиларга кўра, ҳокимлик вилоятдаги 200та мактабга нархи 450 минг сўм бўлган Каримов бюстларини мажбуран тарқатган ва пулини ўқитувчилардан ундирмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг Каримов бюсти учун пул йиғаётгани ҳақидаги даъволарини рад қилишга уринган эди.

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ҳам Каримов бюстлари учун ўқитувчилардан пул йиғилаётганини инкор қилди.

Таълим бошқармасининг билдиришича, ҳақиқатан ҳам вилоят халқ таълими бошқармасига тақсимот учун Ислом Каримовнинг 200 дона бюсти берилган. Мазкур бюстлар туман халқ таълими бўлимларига тақсимлаб берилган.

“Ҳозирда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида ҳомийлик ёки бюджетдан ташқари тушган маблағ асосида шакллантириб мактабларга тарқатиш учун сақланмоқда. Қолган 5 та туманда Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг бюстлари, ўзлари ташуббус кўрсатган мактаб директорларига тарқатилган. Жумладан, Чироқчи, Муборак, Қарши, Косон, Деҳқонобод туманлари мактабларига тарқатилиши тақсимот қилинган бўлиб, пул маблағлари мактаблар жамоасидан йиғиб олинмаганлиги маълум бўлди”,-дейилади расмий муносабатда.

Урганчда ҳали туғилмаган боласини сотмоқчи бўлган эр-хотин ушланди

2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.

Урганч тумани Бекобод қишлоғида яшовчи П.К., никоҳсиз яшаётган эри билан тил бириктириб, ҳали туғилмаган 4 ойлик хомиласини сотмоқчи бўлди.

Ички ишлар вазирлигига қарашли “Постда” нашрининг маълум қилишича, ҳазорасплик Т. Б., ҳали туғилмаган чақалоққа харидор бўлган. 4 ойлик хомила туғилганидан сўнг 9000 долларга сотилиши келишиб олинди.

“П.К., турмуш ўртоғи билан келишилган пулнинг 6000 АҚШ долларини олаётган пайтида ашёвий-далиллар билан қўлга олинди. Айни кунда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган”,-дейилади хабарда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.

Янги қонун: Товарларнинг нархлари чет-эл валюталарига боғланиши мумкин

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилди.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга асосан, эндиликда президент қарорлари асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва ҳукумат орқали жалб этилган чет эл инвестициялари лойиҳалари бўйича Ўзбекистонда реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши мумкин.

Адлия вазирлигининг билдиришича, бу борада 2021 йилнинг 22 январида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бундан олдин мазкур тартиб мавжуд эмас эди.

Қонунларга киритилган ўзгартишларга асосан, эндиликда фақатгина қиймати 1 миллион доллардан ортиқ лойиҳаларининг тендер ҳужжатлари ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари келишилади.

Бундан ташқари давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига оид маълумотларнинг эълон қилинадиган қисми аниқлаштирилди. Жумладан, расмий веб-сайтларга лойиҳа тарафларининг номи, лойиҳанинг фаолият йўналиши, лойиҳанинг жойлашган ери, лойиҳани амалга ошириш муддати, лойиҳанинг умумий қиймати. давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми ва турлари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиши шарт.

Коронавирусга қарши Хитой вакцинаси синовида қатнашиш учун 9,5 минг киши кўнгилли бўлди

2021 йилнинг 7 январида Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакцинасини синовида жами 1328 киши иштирок этгани айтилган.

Хитойнинг Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан коронавирусга қарши яратилган ZF 2001 вакцинасини Ўзбекистонда синаш жараёнида 9596 нафар ўзбекистонлик кўнгилли иштирок этиш ниятини билдирди.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг 24 январда хабар беришича, шу кунгача 4281 нафар кўнгилли вакцинанинг 1-дозаси билан ва 251 нафар кўнгилли вакцинанинг 2-дозаси билан эмланди.

Вазирлик коронавирусга қарши Хитой вакцинасининг учинчи синов босқичи Ўзбекистонда 2020 йилнинг 12 декабрида бошланганини билдирди.

“Синовда 18 ёшдан катта, сурункали касалликларга чалинмаган, 5000 та кўнгилли иштирокчиларни жалб этиш режалаштирилган. Кўнгиллилар синов жараёнида жами уч доза вакцина билан эмланиши кўзда тутилган”,- дейилади расмий хабарда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021 йилнинг 7 январида Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакцинасининг III босқич синовларида иштирок этган фуқаролар сони жами 1328 кишини ташкил этгани тўғрисида хабар берган эди.

Маданият вазирлиги: Бундан буён болалар боғчаларида мақом куйланади

Болалар боғчаларида мақом эшиттириш тўғрисида меморандум имзоланди.

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг боғчаларда ҳар куни мақом ва миллий куйлар қўйиш таклифи яқин кунларда амалга оширилиши кутилмоқда.

Маданият вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, болаларга мақом ва бошқа миллий куйлар қўйиб бериш лойиҳаси юзасидан Маданият ва Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида меморандум имзоланган.

“Маданият вазирлиги мактабгача таълим муассасалари учун мақом куйларидан сараланган махсус мусиқий тўплам яратган. Болаларни мунтазам мақом куйлари билан баҳраманд этиш режалаштирилган. Болаларга уларнинг тушлик дам олиш вақтларида белгиланган меъёр асосида мақом куйлари қўйиб берилади”,-дейилади расмий хабарда.

2020 йилнинг 10 ноябридан бошлаб Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошланганди.

Халқ таълими вазирлиги Маънавият бошқармаси вакили Акбар Тоғаев Озодлик билан суҳбатда бу тадбир ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун жорий қилинганлигини таъкидлаган эди.

Коронавирусдан яна бир киши вафот этди

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморларнинг 32 нафари ўта оғир аҳволда.

Ўзбекистонда 22 январь куни яна бир киши коронавирусдан вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан коронавирусдан ўлганлар сони Ўзбекистонда камида 621 кишига етди.

23 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 78375 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги бир сутка ичида вирус юққан яна 58 бемор аниқланган.

Янги касалланиш ҳолатларининг 28 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Касалликдан соғайганлар жами 76815 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 939 нафар бемордан 158 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир аҳволда.

“Янги Ангрен” ИЭСда портлаш юз берган цех бошлиғи ўзини осди

“Янги Ангрен” иссиқлик электр станцияси.

“Янги Ангрен” ИЭСда цех бошлиғи бўлган 40 ёшли С.Ш., 23 январь куни уйида ўзини осиб ўлди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов ва яна бир мутсақил манбага таянган ҳолда Kun.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, ўлимидан олдин С.Ш., ИЭСда содир бўлган портлаш юзасидан терговга чақирилган. ИЭСдаги портлаш айнан у раҳбарлик қиладиган цехда содир бўлган.

“Янги Ангрен” ИЭСи раҳбарияти 23 январь куни иссиқлик электр станциясидаги портлаш “Энергоқозонтозалаш” ширкати ходимлари 5-қозон агрегатини кимёвий тозалаш пайтида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмагани ортидан содир бўлганини билдирган эди.

Озодлик радиоси 20 январь куни ИЭСнинг таъмир учун тўхтатилган 5-блокида портлаш содир бўлгани, портлаш оқибатида 3 киши ўлганм ва 3 киши оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилган.

Бу сўнгги 1 йилда “Янги Ангрен” ИЭСда содир бўлган иккинчи ҳалокат. 2020 йилнинг 30 январида чиққан ёнғинда станциянинг 4-3-блоклари томи ёниб кетган, унда ҳеч кимга шикаст етмагани айтилган эди.

Фарғонанинг Ўзбекистон туманидаги бозорда ёнғин содир бўлди

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги бозорда ёнғин содир бўлди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, ёнғинга 2021 йил 22 январь куни содир бўлган кучли шамол оқибатидаги электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган бўлиши мумкин.

"2021 йилнинг 22 январь куни соат 05:30 да Ўзбекистон тумани «Бозор Яйпан» МФЙ, Ибн Сино кўчасида жойлашган «Янги Бозор СМР» МЧЖ савдо мажмуасида ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин тегишли куч воситалар ёрдамида ўз вақтида бартараф этилган", - дейилади ФВВ бошқармаси маълумотида.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ҳамда Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан текширув ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижондаги кучли шамол сабаб бир нечта бино талафот кўргани, қурилиши битмаган уй томи эса Damas’ни босиб қолгани ҳақида хабар берилганди

Мирзиёев: Бухоро бошқа вилоятлардан ўн йил орқада

Бухорога сафар қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев вилоят ўн йил орқада қоляпти деб айтган.

– Бухоронинг бугунги ривожи маъқулми, деган саволга менинг жавобим: йўқ. Бошқа вилоятлардаги ривожланишдан 10 йил орқада қоляпти. Коррупция, порахўрлик барҳам топмаяпти, - дея таъкидлаган Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари вилоятда оилавий тадбиркорлик, ёшлар бизнес лойиҳаларига 390 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилишини билдирди.

– Ёшларда жуда кўп ғоя, интилиш бор. Уларга шароит яратиб, елкадош бўлсак, улар жуда катта куч, қудрат, имконият ва келажак эгаси бўлади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев Бухоро вилоятига вертолётда келди. У 2020 йил ноябрь ойидан буён Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Ботир Зариповни вилоят ҳокими этиб тайинлади.

Жиззах вилоятидаги қурилиш тендерлари юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Жиззах шаҳрида 10 январь куни қулаб тушган уй

Жиззах вилоят прокуратураси томонидан вилоятдаги қурилиш обеъктларида тендер, танлов савдолари ва нархларни шакллантириш иши бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг 22 январдаги хабарига кўра,
вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов, тендер комиссияси мансабдорлари ва қурилиш компаниялари раҳбарлари жавобгарликка тортилган.

Улар "ўзлаштириш", "мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" ва "мансаб сохтакорлиги"да айбланмоқда.

Хабарда айтилишича, терговолди суриштирувлари Жиззах вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» Qurilish Ta’minoti, J-Quruvchi ва Abduvohid Qurilish Ta’mir ширкатларига 292,1 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини ўзлаштиришга кўмаклашганини ўртага чиқарган.

А. Раҳмонқулов бошчилигидаги тендер комиссияси танланган ширкатларга тендер савдоларида юқори балл ва кўрсаткичлар бериб, уларнинг танловда ғолиб бўлишини таъминлагани айтилади.

Шу йилнинг 15 январида президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Юнусобод туманига ташрифи чоғида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари ва унинг командасининг “президент сиёсатига хиёнат қилгани” ва жавобгарликка тортилишини айтганди.

Президент Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга вазиятни назоратга олиш ва уларга нисбатан чора кўриш ҳақида кўрсатма берган.

10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган олти қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди. Ҳодисада, расмийларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилганидан бир кун ўтиб, Бош прокуратура бинонинг қулаши юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

15 январь куни Қурилиш вазири Ботир Зокиров Жиззах шаҳридаги бинонинг қулашига қурилишдаги "ўғриликлар" сабабчи эканини айтганди.

“Пудратчи ташкилотнинг хаёли ўғрилик бўлган... Қурилиш конструкцияларида ишлатиладиган бетон маркаси 250-300-400 бўлади. Бу ҳолатда бетон маркаси 3-4 бараварга туширилган. Шунинг учун устунларнинг кўтариш имкони йўқ» деб айтган вазир.

Ўтган йили Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши ортидан президент Мирзиёев "қурилишларда коррупция ҳоллари кўп" эканини айтганди.

Энергетика вазирлиги: "Янги Ангрен" ИЭС даги портлаш қурбонларига моддий ёрдам кўрсатилган

"Янги-Ангрен" ИЭС нинг Озодлик гаплашган ишчилари станцияда хавфсизлик қоидаларига етарли даражада амал қилинмаганини айтишган

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг 22 январда тарқатган хабарига кўра, "Янги Ангрен" ИЭС тизимидаги “Востокэнерготеплоизоляция” АЖнинг вафот этган ва “Энергоқозонтозалаш” МЧЖнинг жароҳат олган ходимларининг оила-аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилган.

Жумладан, “Энергоқозонтозалаш” МЧЖнинг жароҳат олган 2 нафар ходимларига дори-дармонлардан ташқари 1,8 миллион сўм ва бир нафарига 3,2 миллион сўмдан ёрдам пули берилган.

Вазирлик “Востокэнерготеплоизоляция”нинг вафот этган 2 нафар ходими оила-аъзоларига дафн харажатлари учун 4 миллион 866 минг сўмдан ёрдам кўрсатилганини айтган.

“Ташкилотнинг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига асосан, яна қўшимча (тўлиқ) равишда моддий ёрдамлари кўрсатилади. Ҳозирда уларнинг оила аъзолари ҳолидан тўлиқ хабар олиб турилибди. Ташкилот томонидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши таъминланади”, дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

“Янги Ангрен” иссиқлик электр станциясидаги (ИЭС) портлашда нобуд бўлган ишчи оиласи ҳодисанинг жиддий тергов қилинишини талаб қилаётгани ҳақида Озодлик 21 январь куни хабар қилганди.

Вафот этган ишчилардан бири – 40 яшар Назира Режабоеванинг яқинлари портлашга электр станциясида хавфсизлик қоидасига амал қилинмаганини айтишган. Озодлик гаплашган ишчиларга кўра, станциядаги муаммолар зудликда ҳал қилинмаса, фожиа яна такрорланиши мумкин.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) берган маълумотга кўра, 20 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11 яримларда содир бўлган портлашда “Янги Ангрен” ИЭСнинг 3 нафар ишчиси нобуд бўлган, яна 3 киши жароҳатланган.

Энергетика инқирозини бошдан кечираётган Ўзбекистонга совуқ ҳаво қайтди - талафотлар бор

Ўзбекистонда охирги йиллардаги энг қаттиқ совуқ ва ўткир энергетика тақчиллиги кузатилмоқда

Ўзбекистон Гидрометерология маркази хабарига кўра, 22 январь куни Ўзбекистон ҳудудига ғарбий Қозоғистон орқали шарқий Европа ва Россия ҳудудида шаклланган совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келди

21-22 январь кунлари мамлакат бўйлаб ёққан қор қалинлиги тоғ олди ҳудудларда 40 сантиметрдан ошди.

22 январь куни тунда мамлакат шимолида ҳаво ҳарорати -15 даражагача пасайиши, шамол тезлиги эса 17-22 м/с га етиши кутилади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакатни Фарғона водийси билан боғловчи Қамчиқ довонида қор кўчкиси ва бошқа табиий офатлардан огоҳлантирди.

Ижтимоий тармоқлар 21 январь куни тунда водий вилоятларида шамол бир қанча вайронагарчиликларни юзага келтиргани ҳақида хабар қилмоқда.

Журналист Зафарбек Солижонов Facebokдаги ижтимоий блогида Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида табиий офат келтирган зарарлар ҳақидаги видеоларни эълон қилди.

Китоблик журналист Асадулла Жўраев эса, ўз саҳифасига қор қалинлигини ўлчаётгани акс этган фотоларни жойлади. Унда қор қалинлиги 45 сантиметр экани кўринади.

Шунингдек, маҳаллий нашрлар қаттиқ шамол Андижон вилоятининг бир неча туманларини электр энергиясисиз қолдиргани ҳақида ёзмоқда.

Ўзбекистонда охирги йиллардаги энг қаттиқ совуқ ва ўткир энергетика тақчиллиги кузатилмоқда.

Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокимлигига тасдиқланди

Ботир Зарипов ўтган йил ноябрида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди (Президент матбуот хизмати)

22 январь куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида президент Мирзиёевнинг таклифи билан Ботир Зарипов вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Сессия ишида қатнашган Мирзиёев вилоятда ишсизлик ва бошқа ижтимоий муаммолар йиғилиб қолганини танқид қилган.


“Мендан сизга Бухоронинг ривожланиши маъқулми, деб сўрасангиз айтаман – номаъқул. Вилоятда 2 миллионга яқин аҳоли бор. Лекин ишсизлик, муаммолар жуда кўп. Ҳокимлар халқ олдидаги менинг вакилим сифатида кўнгилдагидек ишлай оляптими? Энг катта муаммолардан бири, бу-кадрлар масаласи. Бухоро вилояти етакчисини танлаб олиши ҳам жуда муҳим”, дея президентнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz нашри.

Муқаддам “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритган Ботир Зарипов ўтган йил ноябрида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Вилоятнинг собиқ ҳокими Карим Камолов 2020 йил 22 августида коронавирус хасталигидан вафот этган.

Давстатқўм ўтган йили Ўзбекистон газ экспортини қарийб 5 баравар камайтиргани ҳақида маълум қилди

Ўзбекистон 2020 йилда хориждан 50,4 млн долларлик газ сотиб олган, газ экспорти ҳажми эса қиймат жиҳатидан 4,7 баравар камайган. Бу ҳақда Газета.уз нашри Давлат статистика қўмитасининг ташқи савдо айланмаси тўғрисидаги ҳисоботига таянган ҳолда хабар қилди.

Энергетика вазирлиги нашрнинг газ қаердан ва қай ҳажмда импорт қилинганига оид сўрови бўйича изоҳ беришдан бош тортган. Бу орада Газета.уз манбалари газ Туркманистондан сотиб олинганини айтганлар.

Қайд этилишича, газ экспорти қиймати бўйича 4,7 бараварга, яъни 2,2 млрд доллардан 478,1 млн долларга камайган. Бу Россияга газ экспорти тўхтатилгани ҳамда пандемия шароитида Хитойга етказиб бериш ҳажми уч баравар камайгани туфайли рўй берган.

Давстатқўм маълумотига мувофиқ, ўтган йили Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 2019 йилга нисбатан 10,8 млрд кубометрга ёки 17,8 фоизга, яъни 60,5 млрд дан 49,7 млрд кубометргача камайган.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь кунги видеоселекторда ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берганини маълум қилган. Унга кўра, Ўзбекистон бўйлаб газ таъминотида суткасига 20 миллион метр куб танқислик мавжуд. Президент кунига 7−8 миллион метр куб қўшимча газ аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилишини қайд этган.

Россия нашрлари аввалроқ экспорт ҳажми кескин қисқаргани боис Ўзбекистонда газ заҳиралари ортиб қолаётгани ва ички эҳтиёж учун ортиқча табиий газ пайдо бўлгани ҳақида ёзган. Ҳукуматнинг ортиб қолган газни аҳоли эҳтиёжига йўналтиришига ҳозиргача нима тўсқинлик қилгани маълум эмас. Мирзиёев бир ой аввалги чиқишида бунга изоҳ бермаган.

Фарғона водийси вилоятларида кучсиз ер силкиниши кузатилди

Жорий йилнинг 22 январь куни Тошкент вақти билан 09:02 да Тожикистон-Қирғизистон чегарасида зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълум қилди.

Қайд этилишича, зилзила маркази жанубий-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 353 километр узоқликда бўлган.

Ер силкиниши Ўзбекистоннинг Андижон ва Фарғона вилоятларида сезилиб, унинг кучи ҳар икки вилоятда ҳам 2 баллга тенг бўлган.

Мирзиёев Бухорода ўтган йилги табиий офат ортидан амалга оширилган тикланиш ишларини кўздан кечирди

Президент Ш. Мирзиёев 2020 йил 28 апрелида Бухоро вилоятига бориб, Олот ва Қоракўлдаги табиий офатдан зарар кўрган жойларни вертолётда кўздан кечирганди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 21 январь куни Бухоро вилоятига бориб, ўтган йил апрелида юз берган кучли шамол оқибатида зарар кўрган ҳудудларни вертолётда кўздан кечирди.

2020 йилнинг 28 апрелига ўтар кечаси Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарёда кучли шамол бўлгани, бунинг оқибатида Бухоро вилоятида 1 одам вафо этгани, камида 41 одам жароҳатлангани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Табиий офат туфайли Бухорода 5200 дан зиёд бинога (4800 таси аҳоли уйи) шикаст етган. Ш. Мирзиёев ҳодисанинг эртасига Бухоро вилоятига бориб, Олот ва Қоракўлни вертолётда айланганди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, табиий офат ортидан Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку ва Шофиркон туманларида 45 мингта уй, 204 та кўп қаватли турар жой таъмирланган. Мингдан ортиқ ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари, йўллар, электр, газ ва алоқа тармоқлари тикланган.

Олотга сафари чоғида Шавкат Мирзиёев мазкур туман вакилларидан ташқари Қоракўл, Жондор ва Шофиркор туманлари фаоллари ҳамда маҳалла раислари билан учрашган.

МБ асосий фоиз ставкасини яна 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Тошкентдаги Марказий банк биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2021 йил 21 январида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Ушбу қарор инфляция динамикасини янада пасайтириш, иқтисодиётда реал фоиз ставкаларини ижобий даражада сақлаб қолиш, шунингдек, иқтисодий фаолликнинг тикланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бориш мақсадида қабул қилинди”, дейилган МБ хабарномасида.

Марказий банк 2021 йилда Ҳукумат билан биргаликда инфляциянинг йил охирига 10 фоиздан паст бўлган оралиқ мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боришини билдирган.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, октябрь ва декабрь ойларида эса бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

Хабарномада айтилишича, МБ ташқи ва ички шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция хатарлари ва омиллари характерини чуқур ўрганишда давом этади ҳамда инфляциянинг прогноз динамикасидан келиб чиққан ҳолда асосий ставка бўйича тегишли қарорларни қабул қилади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йилнинг 11 мартига белгиланган.

Хоразмда қалин қор ёғиши ортидан айрим туманлар электрсиз қолди

Хоразмда 21 январь куни ёққан қалин қор айрим туманлар ҳамда вилоят маркази Урганчда электр таъминотида узилишларга сабаб бўлди.

"Хоразм ҳудудий электр тармоқлари" корхонаси матбуот хизмати маълумотига кўра, тармоқларда юзага келган узилишларни бартараф этиш учун барча ходимлар жалб этилган. Корхона “ҳудудларда рўй берган электр энергиясидаги узилишларни бартараф этиш учун ҳавонинг совуқлиги ва тун яримлаб қолган бўлишига қарамасдан” барча ходимлар ўз вазифаларини “фидойилик билан” бажараётганини билдирган.

Аввалроқ Озодлик 19 январь куни Хоразм вилояти Урганч тумани Чолиш шаҳарчаси аҳолиси газ ва электр тақчиллиги туфайли норозилик билдириб, Чолиш-Урганч трассасини тўсиб қўйгани, норозилар билан учрашган вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов шаҳарчада электр энергияси таъминотини яхшилаш учун янги трансформатор ўрнатишга ваъда бергани ҳақида хабар қилган эди.

Аввалроқ “Ўзгидромет” ҳафтанинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин совиши, кучли қор ёғиши, республика шимолида ҳатто - 15 даражагача тушиб кетиши ҳақида маълум қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG