Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:08

“Каримов Россиядан узоқлашиш сиëсатида собит”


Тошкентнинг Москва етагидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан яна чиқиш қарори¸ аксар шарҳловчилар томонидан¸ Ислом Каримовнинг Россия ва Ғарб билан ўйнаб келаëтган эски ўйинининг янги саҳнаси сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) котибиятига йўлланган нотада Ўзбекистоннинг бу шартномадан чиқиш сабаблари тилга олинади.

Шахси очиқланмаган вазирлик расмийсининг “Коммерсант Ъ” газетасига айтишича¸ Ўзбекистонни КХШТнинг афғон йўналишидаги стратегик режалари қаноатлантирмайди ва Тошкент Афғонистон билан икки томонлама ҳамкорликни ўзи учун устивор деб билади.

“Бундан ташқари¸ КХШТ давлатлари орасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга оид режалар ҳам Тошкентга ëқмайди. Яна қатор сабаблар бор. Уларнинг барчаси нотада ëзилган”¸ деб иқтибос келтиради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийсидан Россия нашри.

Аммо бу сабаблар Россиядаги сиëсатшунос ва ҳарбий таҳлилчилар томонидан “ишонарли даражада жиддий эмас”¸ дея баҳоланмоқда.

Россия кузатувчилари тахминича¸ Ислом Каримов Ғарб¸ аниқроғи АҚШ билан янги “ишқий роман” бошлаган ва КХШТ га аъзолик бу муносабатларнинг қизғин ривож топишига халал бериши боис¸ унинг баҳридан ўтишга қарор қилган.

“Россия билан флирт тугаб¸ АҚШ билан ҳақиқий роман қайта бошланди. Бу ишқий роман боис Ўзбекистон АҚШдан ҳар томонлама ëрдам¸ хусусан ҳарбий ëрдам олишга умид қилмоқда. Тошкентнинг бу қарорига КХШТ аъзоси бўлган Тожикистон ва Қирғизистон билан зиддиятнинг кучайиб бораëтгани ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин”¸ деб тахмин қилади Россия нашрлари иқтибос келтираëтган рус таҳлилчилари.

Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиш қарорига муносабат билдирган Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи¸ армия генерали Николай Макаров¸ бундай қарорнинг ташкилот учун ижобийдан кўра¸ салбий жиҳатлари кўпроқ эканини билдирди.

"Аммо Ўзбекистонсиз ҳам КХШТ яшашда давом этади. Биз бундан кейин ҳам аввалги каби ўз иттифоқчи ва шерикларимиз билан КХШТнинг ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш ва унга аъзо давлатлар ҳудудидаги барқарорликни сақлаб қолиш йўлидаги қадамларимизни давом эттираверамиз”¸ деди 29 июн куни Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи.

"Бир нарсани айтишим мумкин. Суворов даврида бўлгани каби ҳозир ҳам¸ озроққина созроққинадир. Мақсадга сон билан эмас¸ ақл ва малака билан етиш лозим. КХШТ аъзолари энди ўз ичларида янада яқинроқ жипслашишлари ва ҳамкорликни кучайтиришлари керак бўлади”¸ деб иқтибос келтиради Интерфакс Россия Мудофаа вазирлиги юқори даражали расмийсидан.

Каримов 1992 йилда Тошкентда Коллектив хавфсизлик ташкилоти сифатида таъсис этилган бу минтақавий хавфсизлик гуруҳидан 1999 йилда чиқишга қарор қилган эди.

2005 йил Андижондаги қонли воқеалардан сўнг ҳукумат кучларининг тинч аҳолига номутаносиб ўт очганини танқид қилган АҚШ билан зиддият кучайиб¸ шу йил ëзида Қарши-Хонобод базасидан Америка ҳарбийларини ҳайдаб чиқарган Ислом Каримов 2006 йилда номига “шартнома” деган сўз қўшилган бу ташкилот аъзолигига яна қайтди.

Қайтишга қайтдию¸ кузатувчилар таъкидича¸ низомида барча қарор аъзо давлатларнинг тўлиқ розилиги билангина ижрога кўчиши таъкидланган КХШТда “ўйинбузуқи” лик қилишга ўтиб олди.

Ўзбекистон аъзоликка қайтганидан бери КХШТ ишлаб чиққан муҳим режаларнинг аксари¸ Тошкентнинг алоҳида позицияси ëхуд очиқ эътирози боис¸ амалга ошмай қолди.

“Ўзбекистоннинг КХШТдаги бу позицияси кўпдан Россия ҳарбий раҳбарияти ташвишига сабаб бўлиб келаëтган эди. Ўзбекистон КХШТ давлат раҳбарлари ëки Мудофаа вазирлари учрашувлари ë умуман қатнашмас эди¸ ëки қатнашса ҳам уларда муҳокама қилинган ҳужжатларга қўл қўймас эди. Шу тариқа¸ Тошкент кўпдан бери де-факто КХШТ фаолиятидаги иштирокини тўхтатган эди. Бугун ана шуни де-юре¸ яъни ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқлади¸ деди Россия журналистлари билан учрашган Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Макаров.

“Ўзбекистон доим ўз бошича сайр қилаëтган мушук бўлиб келган. Бу мушук доим Россия ва АҚШ ўртасида айланади. Бу сайр Каримовнинг Қозоғистонга нисбатан қаттиқ рашки боис¸ тез-тез ўзгариб туради. Минтақадаги энг кўп аҳолига эга¸ аммо на денгизга чиқиш йўли ва на катта заҳиралари бўлмаган Ўзбекистон ноизчил ва ўзгарувчан сиëсат юрғизишга маҳкум” дейди “Московский комсомолец” газетаси билан суҳбатда МДҲ институти директори Константин Затулин.

Аммо Москвадаги Карнеги таҳлил марказининг минтақа бўйича етакчи таҳлилчиси Алексей Малашенко¸ Ислом Каримов ташқи сиëсатига берилаëтган бундай баҳоларга қўшилмайди.

Озодлик билан суҳбатда Малашенко¸ Ислом Каримов¸ Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери битта аниқ сиëсий йўналишдан чекинмай келаëтир¸ деган фикрни таъкидлайди.

- Ўзбекистоннинг бирда Россияга яқинлашиб¸ бирда ундан узоқлашиб Ғарбга яқинлашиши бор гап. Аммо Ислом Каримов мустақилликдан бери ушлаб келаëтган сиëсий йўналиш анча барқарор. Бу Россиядан имкон қадар узоқ туриш сиëсати. Орада юзага чиққан айрим воқеалар Ўзбекистонни муайян давр ичида яна Россияга юзланишга мажбур қилди. Аммо Каримов ҳеч қачон россияпараст бўлган эмас¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Алексей Малашенко.

Озодлик суҳбатлашган яна бир таҳлилчи – Вашингтондаги Жеймстаун жамғармаси шарҳловчиси ҳарбий Владимир Сокор Ўзбекистоннинг КХШТ дан чиқиши Россия учун сиëсий зарба эканини айтади.

- Бу Россиянинг Марказий Осиëдаги эътиборига берилган зарбадир. Аммо Кремл бу зарбани оғир олмайди. Зотан улар Ўзбекистон¸ қолаверса¸ бошқалардан бунақа зарба ейишга ўрганиб¸ териси юпқалашиб қолган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистоннинг бу ҳаракати КХШТ нинг ҳақиқий ташкилот эмаслигини кўрсатди. Бу Москванинг КХШТ ни Ғарб олдида жиддий ташкилот сифатида тан олдириш уринишларини чиппакка чиқаради. Қолаверса¸ бу қадам Ўзбекистоннинг қўшниларига ҳам КХШТнинг кераксиз ташкилот эканини кўрсатади.

Минтақада Ўзбекистондан кўпроқ террорчиликдан қўрқадиган давлат йўқ. Агар Ўзбекистонки асосий вазифаларидан бири террорчиликка қарши кураш бўлган КХШТга қўл силтаб кетаëтган экан¸ бу ташкилот бу вазифани уддалашга қодир эмас деганидир¸ дейди асли россиялик ҳарбий таҳлилчи.

Таҳлилчиларга кўра¸ Ислом Каримов КХШТдан чиқишдан ўзига қандай фойда ва зиëн етишини аниқ ҳисоблаб чиққан. Россиянинг Ўзбекистонга зиëн еткизиш имконлари чеклангани боис¸ Каримов асосий таянч нуқтаси қилиб АҚШни танлади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Малашенко.

- Россияда Ўзбекистонга босим кўрсатишнинг кучли воситалари борлигига ишонмайман. КХШТдан чиқиш НАТО ва АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиши бошланиши арафасида юз берди ва бу тасодиф эмас. КХШТ билан мувофиқлаштириш даҳмазасидан қутулган Каримов¸ АҚШ ҳарбий техникасининг каттагина қисми ўзига берилишига эришади. Айни пайтда¸ яқин келажакда Ўзбекистонда яна АҚШ ëки НАТО ҳарбий базаси очилса¸ ажаб эмас¸ дейди Малашенко.
XS
SM
MD
LG