Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:52

Ўзбеклар нега кам шоколад ейди?


Жорий ҳафта Ўзбекистон матбуоти учун байрамона келди. Газеталарда 27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан турли ташкилотларнинг саҳифа-саҳифа реклама қутлови чоп этилди.


Андак оғир ботса-да, садоқатли ўқувчилар таҳририятларни тўғри тушунишди: газеталар байрам баҳона уч-тўрт танга ишлаб олса осмон узилиб ерга тушмайди-ку!

Барча расмий нашрлардан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табриги ва унга ҳозиржавоблик билан ёзилган муносабат-мақолалар жой олди. Мамлакат раҳбари ўз табригида журналистларни “кимнидир улуғлаш йўлига ўтмасдан, ҳаёт воқелигини ҳаққоний ва холис акс эттириш”га даъват этади.

“Ҳар учтадан биттаси малакасиз”

“Туркистон” газетасининг 52-сонида “Интилувчан ёшлар” мақоласи эълон қилинди. Унга ишониладиган бўлса, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш жараёни хамирдан қил суғургандек осон кўчмоқда. “Касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшларни иш билан таъминлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда” деб ёзади муаллиф Н.Абдураимова кўтаринки руҳда.

Айни пайтда, “Ҳуррият” нашри Самарқанд вилоятида коллеж битирувчилари малакасизлиги сабабли иш тополмаётганини қайд этади: “Олиб борилган таҳлиллар коллежларни тугаллаганларнинг қарийб ҳар учтадан биттаси зарур иш кўникмаларига, 26,1 фоизи эса етарлича малакага эга эмаслиги оқибатида меҳнат бозорида рақобатбардош бўла олмаётганлигини кўрсатди” (“Меҳнат бозори ва ёшлар”, 28 июн).

“Инсон ва қонун” 26 июн сонида маҳаллий ҳокимиятларда камчиликларни хаспўшлашга уриниш ҳақида бонг уради. Маълум бўлишича, Адлия вазирлиги 70 дан зиёд давлат идорасидан ҳуқуқни қўллаш бўйича муаммолар ҳақида маълумот сўраган. 30 га яқин идора “бу борада муаммолар йўқ” деб жавоб берган. Адлия вазирлиги расмийси Бекзот Мавлоновга кўра, “Ваҳоланки, ушбу ҳокимликлар ва уларнинг ҳудудидаги давлат бошқарув органлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари фаолиятида ўтказилган ўрганишларда кўплаб жиддий камчиликлар аниқланди”.

Партия нашрлари ўртасида даҳанаки тортишув давом этади. Ўзбекистон халқ демократик партияси cоциал-демократларни сайловдан олдин берган ваъдаларига вафосизликда айблайди (“Ўзбекистон овози”, “Адолат” CДПга ишонч қай даражада?”, 26 июн). Либераллар фикрича эса, демократик партия сайловчилар орасида ёлғон ташвиқот юритаётир (“XXI аср”, “Ёлғоннинг умри қисқа”, 28 июн).

Ҳужжатсиз даллол, қамалган тадбиркор ва журъатсиз журналист

Ўзбекистонда лицензиясиз маклерлик фаолияти билан шуғулланаётганларга қарши кураш кучаймоқда. “XXI аср” хабарига кўра, 2012 йилнинг 1 июн ҳолатига 50 га яқин ҳужжатсиз риэлторга жарима солинган. Мамлакат бўйича 110 та юридик ва 10 нафар жисмоний шахсга риэлторлик фаолияти учун лицензия берилган. “Лекин шунга қарамай, мавжуд риэлторлик ташкилотларининг асосан Тошкент шаҳри (75 та) ва Самарқанд вилоятида (11 та) фаолият кўрсатаётгани бошқа ҳудудларда ана шу масалага етарлича эътибор қаратилмаётганидан далолат бермоқда”, деб ҳисоблайди нашр. Қайд этилишича, Жиззах, Сурхондарё, Навоий вилоятларида атиги биттадан риэлторлик ташкилоти мавжуд.

Ички ишлар вазирлиги вакили, подполковник Мансуржон Рихсиев 27 июн куни “Миллий тикланиш” газетасига маълум қилишича, Тошкентда йўл ҳаракатини бошқаришнинг компютерлаштирилган тизими яратилади. Дастлаб шаҳарнинг 120 та чорраҳасида видеокамера, фоторадар, фиксатор, интеллектуал детектор ва контроллерлар ўрнатилади. Бу тизим йўл ҳаракати ходимлари ўртасида авж олган порахўрлик кўламини камайтиришига умид қилинмоқда. Ички ишлар расмийси ҳам шунга ишора қилгандек, автоулов эгаларини огоҳлантиради: “Энди ҳайдовчиларимиз чорраҳаларда янада ҳушёрроқ бўлиб, қоидаларга қатъий риоя этишлари талаб этилади”.

“Куч – адолатда” газетасининг 24-сонига кўра, Қаршидаги “Real Petrol” хусусий корхонаси раҳбари Й.Саломатов 889,6 миллион сўмлик солиқ ва мажбурий тўловлардан бўйин товлагани учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Наманган вилоят прокурори ўринбосари Шуҳрат Аберкуловнинг журъатсиз журналистлардан кўнгли тўлмаётир. Прокурорга кўра, “Газеталарда ҳуқуқий мавзудаги жамиятнинг ҳар бир қатлами тушуна оладиган публицистикани учратиш маҳол. Борларида ҳам халқона тил ва жон услуб етишмайди, журналист суриштируви, фелетон сингари жанрлар кам” (“Диёнат”, “Ҳамкор, ҳамнафас, ҳамқадаммиз”, 27 июн)

“Биз ҳам дам олсак майлими?”

“Экономическое обозрение” журнали 4-сонида Ўзбекистон шоколод бозорини таҳлил қилди.

2011 йилда мамлакатда 10,6 минг тонна шоколад маҳсулотлари сотилган. Айтилишича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улуши камайиб боряпти, мамлакат эҳтиёжини асосан Россия (42,3 фоиз) ва Украина (41,7 фоиз) қондирмоқда. Аҳоли маҳаллий маҳсулотдан хорижникини ишончлироқ деб билмоқда. Журнал таъбирича, “Харидорлар сифатсиз маҳсулот учун камроқ тўлагандан, яхши маҳсулот учун кўпроқ тўлашни афзал билмоқда... Ўзбекистонда киши бошига 400 грамм шоколод истеъмол қилинади. Бу, албатта, дунёдаги энг шоколадсевар швейцарлар билан қиёслаганда, арзимас бўлиб туюлади. Улар йилига 13 килограммдан шоколад ейди”. Журнал таҳлилларига кўра, шакар ва какао нархи ошиб бораётгани ширинликлар таннархига ва харид ҳажмига кучли таъсир ўтказмоқда.

Вояга етмаган ўғли билан Украинага – дам олишга отланган фуқаро М.Муродов ҳужжатбозлик туфайли мамлакатдан чиқа олмаяпти. “Новый век” газетасида 28 июн куни чоп этилган “Биз ҳам дам олсак майлими?” (А можно ли нам отдохнуть?) луқмасида шу ҳақда сўз боради. Паспорт столи вояга етмаган болани четга олиб чиқиш учун мактаб директоридан рухсатнома келтиришни сўраган, директор эса изн беришдан бўйин товламоқда. “Тушунаман, агар болани узоқ муддатли ўқишга олиб кетаётган бўлсам экан, бундай рухсатнома сўраш ўринли эди. Лекин нега мен икки ҳафталик таътилга ўғлимни олиб кетиш учун кимнингдир ижозатини олишим керак?” ҳайратини яширмайди фуқаро Муродов.

28 июн куни “Халқ сўзи” Андижоннинг эски шаҳар қисмида қадимий қилич топилгани ҳақида хабар берди. Мутахассислар 53 сантиметрли қилич Бобур Мирзо эндигина тахтга ўтирган йилларда ясалган, деган тахминда.

“Тошкент оқшоми” 27 июн сонида “Машриқзамин – ҳикмат бўстони” рукнида муштарийлар руҳини кўтарувчи афоризмлар тақдим этади: “Оғири ҳам ўтади, енгили ҳам келади”, “Синовлар кучлини тоблайди, ожизни синдиради”, “Ақлли киши курашиш учун ҳамиша ўзида куч топади”. Газета ҳаёт ҳақиқатини ҳам эътироф этишни эсдан чиқармайди: “Ҳаёт оғирлашгани сари одамларнинг дийдаси қаттиқ бўлади".
XS
SM
MD
LG