Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:31

ЕИнинг Эронга қарши нефт эмбаргоси кучга кирди


Европа Иттифоқининг Эрон нефтига жорий қилган ва 1 июлдан бошлаб кучга кирган эмбаргоси натижасида, иқтисодчилар фикрича, бу мамлакатнинг нефтдан олаётган даромади ярмига қисқаради.


2012 йил январ ойида жорий қилинган эмбарго ЕИга аъзо бўлган давлатларга Эрондан нефт-кимё маҳсулотлари ва нефт импорт қилишни, шунингдек, нефт ташувчи кемаларни суғурта қилишни таъқиқлайди.

Шу кунгача Эрон хорижга экспорт қилаётган нефтининг тахминан 20 фоизи ЕИга аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келаётган эди.

Халқаро энергетика агентлиги маълумотига кўра, жорий йил бошидан бери Эроннинг нефт экспорти ҳажми 40 фоизга камайган.

Якшанба куни Эрон Марказий банки раиси Эрон “пассив” бўлиб қолмаслигини ва мамлакатга керак бўлган маҳсулотларни импорт қилиш учун валюта заҳираси етарли эканини айтди.

Эроннинг Нефт вазири Рустам Қосимий "нефт санкцияси ўн йилдан бери давом этаётган самарасиз жазонинг сўнгги чораси" деб, унинг аҳамиятини пасайтиришга уринди.

Теҳрон расмийлари бошқа давлатлар Эрондан кўпроқ нефт сотиб олаётганини иддао қилди.

Халқаро энергетика агентлиги ва экспертлар Эрон қирғоқлари яқинида лангар ташлаб турган кемаларда 42 миллион баррел нефт экспорт қилинмай қолганини айтмоқда.

Эрон ўз нефтининг учдан икки қисмини Хитой, Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Кореяга экспорт қилади.

Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар ҳам Эрондан нефт сотиб олишда қийинчиликларга дуч келади, боиси нефт танкерларини суғурта қиладиган ширкатларнинг 90 фоизи ЕИ давлатларига қарашли ширкатлардир.

Айни пайтда Хитойнинг суғурта ширкатлари вазиятдан унумли фойдаланиши мумкин.

Нефт эмбаргоси Теҳроннинг мунозарали ядровий дастурига қарши ЕИ томонидан Эронга қарши жорий қилинган энг кескин чора сифатида кўрилмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси – АҚШ, Британия, Россия, Франция, Хитой ҳамда Германия вакиллари Теҳроннинг ядровий дастури борасида Эрон билан музокаралар олиб бормоқда.

Эронга қарши нефт эмбаргоси мазкур музокараларга параллел равишда “сиздан угина, биздан бугина” қабилида жорий қилинган.

Томонлар ўртасида бўлиб ўтган уч давра музокарасида жиддий натижага эришилмади.

Экспертлар даражасидаги навбатдаги сўзлагувлар 3 июл куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтиши режаланган.

Ядро масалалари бўйича Эроннинг Бош музокарачиси Сайид Жалил Европа Иттифоқига пайшанба куни йўллаган мактубида ЕИ ва АҚШнинг санкциялари музокараларга “таъсир этиши” тўғрисида огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG