Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:11

Эрка Элбоши. Камтар Юртбоши.


Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг Чимбулоқ курортида. 2001 йил 8 январ.
Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг Чимбулоқ курортида. 2001 йил 8 январ.

Нур аканинг ҳам туғилган кунини эсон омон ўтказиб олдик. Бутун Қозоғистонга қўшилиб мен ҳам тўйладим. Туғилган кунни нишонлашни жума куни бошлаб, душанбагача ўйнаб кулдик.

Аммо мен қаттиқ сийладим Нур акани, пайшанба куниёқ бошлавордим тўйлашни, чоршанбада хотин зўрға тўхтатиб қолди.

Тўғрида, мен сийламай ким сийласин, “Назарбоевга куёв” деган номим бор (Қозоғистонлик қизга уйланганман-да).

Нур акангни халқ чексиз севади, телбаларча севади, эс ҳушини йўқотгунча севади.

Қайга борсанг Нурмагазинда харидингни, Нуркафеда обедингни, Нурмасжидда ибодатингни қиласан. Нуравтодан машинани ижарага олиб, Нуркўчаларни кезасан. Кечки салқинда Нурпаркда Нур акангнинг ҳайкали ёнида суратга тушасан. Яқин орада бу кетиш бўлса, пивога тўйволиб, Нурҳожатгаям борса керак одамлар.

Назарбоев ҳам халқини севади. Севгисини ўз китоблари орқали изҳор этади. Президент бўлгандан буён юзтадан ошириб китоб ёзди-ёв, ўзи ҳам. Мана сенга севишу ана сенга севиш! Ушбу китоблар сонини Элбошининг элбошилик йилларига бўлсангиз бир йилда неча тунларни эл севгисига бағишлаганини билиб оласиз.

Бизнинг Ўзбекбошиям ундан сира қолишмайди. Профессионал ёзувчи. Абсолютно ҳамма жойда ҳамма нарса ҳақда ёза олади. Китоблари сонини санаб ўтирмайман, ўзингиз гугллаб-гугллаб топиб оласиз.

Лекин аниқ биламанки¸ халққа муҳаббатини китоб орқали изҳор қилишда Элбошидан ўтса ўтадики, асло ортда қолмайди. Бунинг устига¸ республиканинг ёзувчию шоирлари Юртбошига атаб ёзган китобларини қўшсангиз кўзингиз тиниб кетади.

Бизнинг халқ ҳам қозоқ ошналардан кам севмайди Отани. Бўш жой борки Отанинг бир-биридан пурҳикмат гапларию, суратларини илиб қўяди.

Водийдан то Қорақалпоғистонгача йўлингизда Отанинг турли позаларда тушган суратларию, оддий бандалар тушуниши қийинроқ бўлган дониш фикрлари ҳамроҳ бўлади.

Дўкону қаҳвахоналарни номлашда ёппасига отага севги изҳорини учратмадиму, аммо бир замонлар янги туғилган чақалоқлар “Ислом”лаштирилгани эсимда бор. Ишқилиб ё президент совғаси умиди эди бу¸ ё президентга муҳаббат.

Нима бўлгандаям бизнинг Ота камтаргина экан. Қўшниларга ўхшаб ўзига қўша - қўша ҳайкални тириклигида солдирмади.

Узоқни кўзлаб, ишни пухта қилади. Эртага нима бўлишини билиб бўладими. Ҳадемай фалакнинг гардиши чаппа айланиб кетса, у дунёда ёки бирор чет давлатда уч қават кўрпачада лўлага ёнбошлаб, кўк чойни хўриллатиб, телевизорни варанглатиб, одамлар ҳайкалининг бошини копток қилиб, тепиб юрганини кўриб асабини бузиб ўтирадими.

Ана кўрди, раҳматли Туркманбошининг арвоҳи ҳалигача чирқиллаб юрганини. Шунча елиб югурганини эл бирпасда унутди.

Бизнинг Ота “Майли, мендан кейин номимга аталган бозору мозорлар, хиёбону ҳайкаллар қолмасин, туғилган куним миллий байрам бўлмаёқ қўйсин. Мендан сўнг китобларим қолганиям етади. Ўқишса ўқишар, ҳеч бўлмаганда макулатурага топширишар ёки таппига тутантириқ бўлар” деб ўйласа керак-ов.

Кўпинча ўйлаб қоламан, бу икки президент бир-бири билан ким ўзар ўйнаяптимикин¸ деб. Ким кўп яшашга, ким кўп ошашга, кимнинг унвони, кимнинг орден медали кўп, кимнинг сўзи, кимнинг ўзи узун, минимум ўйлаш, максимум сўзлаш мусобақаси.

Орден медалларни тақса шимининг этагигача етиб, ортганини елкага қадайди. Унвонларни айтмаёқ қўяй, менимча кўп умр суришига сабаб “Узуклар ҳукмдори” унвонини олиш умиди бўлса керак.

Майли¸ нима бўлганда ҳам¸ эркаликларини элга кўрсатаётган Элбошиларга эс тилаб қоламан.

Шавкат Муҳаммад.

Оқтўбе. Қозоғистон. 12 июл
. 2012 йил.
XS
SM
MD
LG