Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:13

Франция делегацияси Ўзбекистонга сафарини бошлайди


Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан.
Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан.

Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан бошчилигидаги делегация икки томонлама музокаралар олиб бориш мақсадида 16 июл куни Ўзбекистонга сафар қилади. Буни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.


Ўзбекистон ва Франция расмийлари ўртасидаги музокараларда қатор масалалар, жумладан, Афғонистондан Франция аскарлари ва уларга тегишли бўлган ҳарбий техникани Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб чиқиш масаласи ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.

Ҳозир Афғонистонда Франциянинг 3 минг 550 нафар ҳарбийси НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция кучлари таркибида хизмат қилмоқда.

Июн ойи бошида Франция Президенти Франсуа Олланд француз ҳарбийлари Афғонистондан 2012 йил охиригача олиб чиқилиши ҳақида баёнот берган эди.

Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан бошчилигидаги делегация Тошкентга келишидан олдин, яъни, 10 июл куни Франция ҳукуматининг дипломатик маслаҳатчиси Станислас Лефевр де Лабуле Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашган эди.

Вазирлик маълумотига кўра, мулоқот чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Учрашувда Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Франсуа Готе ҳам қатнашган.

Ундан олдин элчиси Готенинг Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан 11 июн кунги учрашувида ҳам Ўзбекистон-Франция мулоқотининг долзарб масалалари, халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинган.

Франция Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Расмий маълумотларга кўра, 2011 йилда Ўзбекистон ва Франция ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 354 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Бу 2010 йилги кўрсаткичга нисбатан икки баробар кўп.
XS
SM
MD
LG