Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:52

МТС сиëсий ўйин қурбоними?


Миллионлаб аҳолиси мобил алоқаси назоратини Россия ширкатига бериш қароридан қайтган нафақат Ўзбекистон¸ балки Туркманистонда ҳам МТСнинг "синдирилиши" ортида молиявий манфаатлар баробарида сиëсий сабаблар ҳам борлиги айтилмоқда.


МТС-Ўзбекистон алоқа компанияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги талаби билан тўхтатганига 23 июл куни 6 кун бўлди.

Ўзбекистон - Россиянинг “Мобилн
ые ТелеСистемы” компанияси муаммога дуч келаётган постсовет ҳудуддаги ягона давлат эмас.


МТС “жуғрофияси”

“Мобилные ТелеСистемыкомпанияси Россия ва Ўзбекистондан ташқари Арманистон, Беларус ва Украинада аҳолига телекоммуникация хизмати кўрсатиб келади.

Тилга олинган мамлакатлар орасида 2010 йилнинг 21 декабригача Туркманистон ҳам бор эди.

Ашхобод МТСни Тошкентдан олдин “ўчирган”

Айнан ўша куни “МТС-Туркманистон” бу мамлакат Алоқа вазирлиги 2010 йил, 15 декабрда жўнатган талабномага биноан 2,4 миллион абонентига хизмат кўрсатишни тўхтатган.

“МТС-Туркманистон” билан Туркманистон ҳукумати ўртасидаги можарони Туркманистон фуқароси, ҳозирда муҳожиратда яшаётган ҳуқуқ фаоли Фарид Тухбатуллин яқиндан кузатган.

Расмий айблов

Унинг айтишича, “МТС-Туркманистон” фаолиятини тўхтатар экан, ҳукумат компанияни бир қатор қонунбузарликларда, жумладан даромадни солиқдан яширганликда айблаган.

- Расман “МТС-Туркманистон” лицензиясини ўз вақтида узайтирмаганликда, солиқларни тўла тўламаганликда ва бошқа бир қатор қонунбузарликларда айбланган, дейди Фарид Тухбатуллин.

Узунқулоқ гаплар

Халқ орасида эса, компания билан боғлиқ можаронинг бошқа сабаблари айтилган.

- “МТС” абонентлари давлатга қарашли провайдер тўсиб қўйган сайтларга ҳам кира олар эди. Чунки “МТС” орқали Интернетга кириш имкониятлари кенг эди. Бу ҳолатни сабаблардан бири сифатида айтишган.

Иккинчи сабаб қилиб, давлат амалдорларининг “МТС” га келаётган даромадни ўзаро талашиб қолгани айтилган, дейди Тухбатуллин.

Сиёсий босим?

Масаланинг яна бир жиҳати бор: “МТС-Туркманистон” билан можаро Ашхобод билан Москва ўртасида газга доир келишмовчилик авжига чиққанидан кўп ўтмай юз берган эдики, Фарид Тухбатуллиннинг фикрича, Туркманистон алоқа компанияси билан боғлиқ можародан

- Россияга босим ўтказиш мақсадида фойдаланган бўлиши мумкин.

“МТС-Туркманистон” ҳануз ўчиқ

“МТС-Туркманистон” билан боғлиқ можарони ҳал қилиш учун таркибига “Мобилные ТелеСистемы компанияси кирувчи “Система” молиявий корпорацияси раҳбари Владимир Евтушенков 2012 йил, 2 май куни президент Бердимуҳаммедов билан учрашди.

Учрашувдан сўнг у “МТС-Туркманистон” ўз фаолиятини тиклаяжагини эълон қилди.
Лекин Фарид Тухбатуллинга кўра, компания ҳануз Туркманистондаги фаолиятини қайта тиклаганича йўқ.

“МТС-Украина”нинг иддаою фироғи

“МТС-Украина” ҳам бу йил ўзи ишлаётган мамлакат ҳукумати билан “иддао-фироқ” қилиб олди.

Ўтган ойда Украина монополияга қарши қўмитаси “Киевстар” ва “МТС-Украина” компанияларидан ўз тарифларини пасайтиришни талаб қилган эди.

Бу талабга жавобан “МТС-Украина” аввалига ўз фаолиятини тўхтатаман, деб таҳдид қилиб кўрди.

Лекин “Ура-информ” сайтининг хабар қилишича, “МТС-Украина” ҳукумат талабини бажаришга рози бўлган.

“МТС-Ўзбекистон” можароси ортида сиёсий сабалар ҳам бўлиши мумкин, лекин...

Фарид Тухбатуллин “МТС-Туркманистон” билан ҳукумат ўртасидаги можаро ортида сиёсий сабаблар бўлиши мумкин, деган эди.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевдан “МТС-Ўзбекистон” билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги можаро ортида сиёсий сабаблар бўлиши мумкинми, деб сўрадик.

- Албатта, изланса, сиёсий сабабларни ҳам топса бўлади. Масалан, бу можарогача, Тошкент КХШТдан чиқажагини эълон қилганини эслаш мумкин. Лекин бу ерда бошқа бир муҳим жиҳатга эътибор бериш керак. Бу мамлакатда шу пайтгача нафақат Россияга қарашли, балки Ғарб давлатларига қарашли йирик ишхоналарга ҳам жиддий босим ўтказилган, дейди Дўсим Сатпаев.

Унинг фикрича, бундай босимлар Ўзбекистон ҳуқуқий маконининг барқарор эмаслигидандир.

- Мамлакат раҳбарияти олиб бораётган сиёсатни прогноз қилиш имконсиздир. Биронта ҳам тадбиркор, биронта ҳам сармоядор ўзи Ўзбекистонда хотиржам фаолият юрита олмайди, деди Дўсим Сатпаев.

Можаро ортидаги муҳтамал норасмий сабаблар

Сатпаевнинг фикрича, “МТС-Ўзбекистон” билан боғлиқ можаро ортида бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин.

- Бу сабаб ўта жўн бўлиши мумкин. “МТС-Ўзбекистон”ни ўйиндан чиқариб, унинг ўрнини бошқа “ўйинчи”га - нафақат расмий инвестициялар, балки амалдорлар чўнтагига тушадиган норасмий “инвестиция”лар ваъда қилаётган ўйинчиларга бўшатиб бераётган бўлишлари мумкин, деди қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев.
XS
SM
MD
LG