Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:00

Ўзбекистонда бундан буён фан номзодлари бўлмайди


Орадан бир муддат ўтгач, Ўзбекистонда талабаларга фақат фан докторларигина дарс берадиган бўлади.
Орадан бир муддат ўтгач, Ўзбекистонда талабаларга фақат фан докторларигина дарс берадиган бўлади.

Ўзбекистон илмий кадрларни аттестациядан ўтказишнинг амалдаги икки босқичли тизимидан (фан номзоди ва фан доктори) воз кечмоқчи. Бу ҳақда мамлакат президентининг кеча эълон қилинган фармонида айтилади.

Ислом Каримов томонидан 24 июл куни имзоланган “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонда амалдаги тизим “иқтисодий ривожланган демократик мамлакатларда қабул қилинган олий малакали илмий кадрлар тайёрлашнинг замонавий, халқаро тан олинган талабларига мос келмаслиги” урғуланади.

“Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш ва фан номзоди илмий даражасини тасдиқловчи дипломни олиш кўп ҳолларда фан ва илмий-техникавий ривожланиш манфаатларидан йироқ бирдан-бир мақсад бўлиб қолган ҳамда диссертацияни тайёрлаш ва ҳимоя қилишнинг турли босқичларида суиистеъмолчилик ҳолатларига олиб келмоқда”, дейилади фармонда. Бироқ бу суиистеъмолчилик ҳолатлари нималардан иборат экани ҳақида ҳужжатда изоҳ келтирилмаган.

Айни пайтда ҳужжатга мувофиқ, амалдаги тизим “таълим жараёни бакалавриат ва магистратура стандартларига ўтказилгандан сўнг номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш моҳиятан ортиқча эканлигини кўрсатмоқда ҳамда фан доктори илмий даражасини олиш учун тўғридан-тўғри диссертацияни ҳимоя қилишни назарда тутувчи олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий қилиш зарурлигини тақозо этмоқда”.

Шулардан келиб чиқилган ҳолда, фармонда 2013 йил 1 январидан бошлаб “умум қабул қилинган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ диссертация ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий қилиш ҳамда стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтини бекор қилиш, унда таълим олаётган шахсларни олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимининг янги талабларига мувофиқ, уларни аттестациядан ўтказиш ва диссертация тадқиқотлари мавзуларини танқидий қайта кўриб чиқиш асосида катта илмий ходим-изланувчилар институтига ўтказиш” буюрилади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда фан номзоди институти тугатилиб, ривожланган мамлакатлардаги каби фақат битта - фан доктори институти жорий этиладиган бўлди, бироқ бу мақомга ҳамма ҳам эга бўлолмайди. Фармонда айтилишича, “катта илмий ходим-изланувчилар институтига “магистр” даражаси бўлган, илмий ва илмий-педагогик фаолият стажига (2 йилдан кам бўлмаган), шунингдек, фан номзоди илмий даражасига эга бўлган, фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асос бўлиши мумкин бўлган, маълум бир илмий натижаларни қўлга киритган (илмий мақолалар нашр этиш, илмий анжуманлар, семинарлар ва давра суҳбатларида иштирок этиш ва бошқалар) шахслар қабул қилинади”.

“Фан доктори бўлиш учун албатта магистратуранибитирган бўлиш шартми?” деган саволга ҳам президент Каримов имзолаган ҳужжатда жавоб бордек: унда айтилишича, ўрнатилган тартибда мустақил тадқиқотчи сифатида расмийлаштирилган, “бакалавр” ёки “магистр” даражаси билан олий маълумотга, 3 йилдан кам бўлмаган амалий иш стажига эга бўлган, илмий изланишларга лаёқати мавжуд, белгиланган талабларга мос келадиган маълум бир илмий ютуқларга (ихтиро учун патентлар, илмий мақолалар, илмий-технологик ишланмаларда қатнашиш ва бошқалар) эга бўлган шахсларга ҳам докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга рухсат берилади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг меъёрий ахборот бўлими бошлиғи Қаҳрамон Нормуродовнинг айтишича, Ўзбекистонда бакалавриат ва магистратура жорий қилингунига қадар беш йил олийгоҳда таълим олганлар ҳам “худди магистрлар тенги минимумларни топшираверади”.

Нормуродовга кўра, илмий даража олиш учун топширилажак минимумларда ҳам ўзгаришлар бўлади. Дейлик, авваллари...

- Учта мақола керак бўларди, унинг биттаси чет элда чоп қилинган бўлиши керак эди, хотя бы СНГда. Списоклари бор эди уларнинг ҳам қайси журналларда чиқариш кераклиги ҳақида, - дейди Қаҳрамон Нормуродов.

Энди эса, суҳбатдошимизга кўра, бу борадаги талаблар янада кучайтирилади.

- Талаблар кескинлашгани – масалан, ўн бешта мақола дейилди. Авторефератлар учта тилда бўлади – ўзбек, рус ва инглиз тилларида. Булар дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги ахборот ресурсларига жўнатилади электрон вариантлари, - дейди Қаҳрамон Нормуродов.

Олий аттестация комиссиясининг меъёрий ахборот бўлими бошлиғи Нормуродовнинг айтишича, бир босқичли тизимга ўтиш учун ўзи фаолият юритаётган ташкилот шу йилнинг 1 ноябригача янги низом ишлаб чиқиши лозим. “Низом ишлаб чиқилганидан кейин бу ҳақда тафсилотлари билан гапирсак бўлади”, дер экан Қаҳрамон Нормуродов янги тартибдан ўзбекистонлик олимлар фақат ютиши қўшимча қилади. Унинг фикрича, Ўзбекистон жаҳонда татбиқ қилинаётган илғор тажрибаларни ўзлаштириб бориши, бошқалардан ортда қолиб кетмаслиги керак.
XS
SM
MD
LG