Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:01

Урганчдаги xусусий телестудия эгаси қамалди


Хоразм вилояти Урганч шаҳрида фаолият кўрсатаëтган S-IQBOL–TV студиясининг ҳақиқий эгаси деб билинган тадбиркор Сардор Ҳасановнинг иқтисодий жиноятларда гумонланиб ҳибсга олингани айтилмоқда.


40 яшар Сардор Ҳасанов билан шоу-бизнес соҳасида ҳамкорлик қилган тошкентлик тадбиркор, исми айтилмаслик шарти билан, бу маълумотни Озодликка етказди.

Ушбу манбага кўра¸ бир муддат олдин Сардор Ҳасановга тегишли тунги клубни қора ниқоб кийган махсус гуруҳ ишғол қилган.

Тунги клубда ўша куни бўлган раққосалардан бирининг Озодлик мухбирига айтишича¸ ишғол пайтида қора маска кийганлар энг аввало кузатув камераларини уриб синдиришган¸кейин ҳаммани ëтқизиб клубдаги барча оргтехникани олиб чиқиб кетишган.

Ана шундан кейин S-IQBOL –TV студиясида зудлик билан бухгалтер ва кассир алмаштирилган. Телестудиянинг молиявий тушумлари назорат остига олинган.

Айни пайтда студия фаолият кўрсатмоқда.

Ҳибсга олингани айтилаëтган тадбиркор Сардор Ҳасанов расман на тунги клуб ва на телестудияга раҳбар бўлган.

Сардор Ҳасанов эҳтиëткорлик юзасидан кўчмас мулк ва бизнес фаолиятини ўз номига расмийлаштирмасликни маъқул кўргани айтилади.

Айни пайтда S-IQBOL –TV студиясига расман раҳбарлик қилаëтган Бозорбой Уллибобоев Озодлик мухбирига S-IQBOL –TV студиясининг бир маромда муаммоларсиз ишлаëтганини айтди.

Студиянинг ҳақиқий эгаси Сардор Ҳасанов тақдири нима бўлди¸ деган саволга Бозорбой Уллибобоев¸ "Буни прокуратура билади"¸ деб қисқа жавоб берди.

Иқтисодий жиноятларда гумонланиб вақтинча ҳибсга олингани иддао қилинаëтган 40 яшар Сардор Ҳасанов Хоразм вилояти¸ Қорақалпоғистон ва Туркманистоннинг чегарадош ҳудудларига аудио-видео маҳсулотларни тарқатиш билан шуғулланиб келган.

Республикада кўзга кўринган артистлар Юлдуз Усмонова¸ Насиба Абдуллаева¸ Тоҳир Содиқов каби эстрада юлдузларининг Хоразмдаги концертларининг асосий ташкилотчиси Сардор Ҳасанов бўлгани айтилади.

Ўзбекистон ғарбида жойлашган Урганчда айни пайтда иккита нодавлат телестудия ва битта давлат студияси фаолият юритмоқда.

Урганчдаги мустақил телеканал TV-ALC 1999 йили парламент сайлови пайтида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси қарори билан ëпилган эди.
XS
SM
MD
LG