Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:41

Макрид қишлоғи селдан талафот кўрди


10 ноябр куни Қашқадарё вилояти Китоб туманининг Макрид қишлоғига келган сел оқибатида аҳоли уйларига жиддий шикаст етди.

10 ноябр куни ёққан кучли жала оқибатида Макрид қишлоғини сел олган. Бу ҳақда маълум қилган Озодликнинг Макриддаги манбасига кўра, сел келиши оқибатида аҳоли жиддий талафот кўрган.

“Қишлоғимизга сел келиши натижасида аҳолининг қўй-молларидан тортиб, экинларигача ҳаммасини оқизиб кетди”, дейди макридлик суҳбатдош.

Манбанинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ўнга яқин уй селдан жиддий шикастланган, сел айрим уйларнинг деворларини қулатган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Китоб туман бўлимининг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозимига кўра, сел натижасида аҳоли орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмаган.

Мулозим берган маълумотга кўра, сел натижасида Макрид қишлоғидаги саккизта уйнинг ҳовлисини сув босган, бир қанча уйга қарашли жами 30 метр девор қулаб тушган.



Макридлик манбанинг айтишича, селдан талафот кўрган хонадонларга ёрдам сифатида маҳаллий ҳокимият ҳар бир оилага 1 килограммдан макарон ва 1 килограммдан гуруч бермоқда.

Китоб туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, селдан шикастланган уйларнинг эгаларига турар-жой қуриш учун ер майдонлари ҳам берилаяпти.

- Ëрдам, ҳамма томонлама ëрдам бўлади. Кўприк ҳам қилинаяпти, асфалт ҳам қилинаяпти. Сув кирган аҳоли хонадонларига участка ҳам берилаяпти. Дарë бўйига жойлашган, ноқонуний қурган бўлса ҳам барибир халқку. Ўзимизнинг одамларку. Қараб турмаймизку,- деди ҳокимлик ходими.

Китоб туман ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз бошқа бир мутасаддисининг айтишича, эндиликда сел келишини олдини олиш учун бир қатор ишлар амалга оширилаяпти.

- Сел тушганда. Ҳозир тўртта-бешта кўприклар учун трубалар бердик, яна қўшимча ўша сел ювиб кетган кўприкларга плиталар беришни мўлжаллаяпмиз. Ундан ташқари селнинг йўналишини буриб юбориш учун булдозер ажратиб, ўша булдозер билан сел ариқнинг йўналишини ўзгартирамиз,- деди ҳокимлик мутасаддиси.

Макриддаги манбага кўра, маҳаллий ҳокимият келгусида сел келиши ва шунга ўхшаш табиий офатлар оқибатларини бартараф қилиш учун маркидлик ҳар бир оиладан 100 минг сўмдан йиғиб беришни сўраган.

Озодлик суҳбатлашган китоблик мулозимлардан бири аҳолидан пул йиғилаётганини тасдиқламаган бўлсада, бу ишни амалга ошириш учун аҳолининг ёрдами бўлаётганини инкор қилмади.

- Аҳолидан ҳали пул йиғилгани йўқ. Энди ўша қазиш бошланган пайт тракторга солярка олиб беришган,- деди китоблик мулозим.

Шу йилнинг 22 апрел куни ҳам Макридга сел келган ва ўша пайтда ҳам аҳоли уйлари шикастланган эди.

Жорий йилда Фарғона, Жиззах ва Қашқадарёнинг бир қанча қишлоқларида ҳам сел келиши оқибатида аҳоли зарар кўрган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:52 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG