Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:53

@GulnaraKarimova Twitterда мушакларини чўзди


@GulnaraKarimovaнинг Twitterда эълон қилган ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган суратларидан бири.
@GulnaraKarimovaнинг Twitterда эълон қилган ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган суратларидан бири.

Twitter тармоғидаги Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли, деб ҳисобланган @GulnaraKarimova номли манзилда мушакларни чўзиш дарслари акс этган суратлар чоп этилди.



Twitterдаги манзилида нисбатан фаол бўлган ва ўз followerлари саволларига куттирмасдан жавоб бериб борадиган @GulnaraKarimova куни кеча спорт билан шуғулланиши акс этган ўндан ортиқ суратини чоп этди.

"Грация ва пластика", "Бир жойда туриб югуриш", "Итча туриш" ва ҳоказо жумлалар билан ўз машғулотларини эринмай шарҳлаган @GulnaraKarimova фолловерларига, асосан, мушакни чўзишда асқотадиган фойдали маслаҳатларни берди.

Followerларнинг аксарияти бу маслаҳатлар ва суратлардан руҳланди ҳамда @GulnaraKarimovaга олқишлар, илтифотлар ёғдирди.

Аммо, айрим суратларга эътироз қилган Twitterчилар ҳам бўлди ва улар "Суратдаги қиз сизми ўзи?", "Бунақа ҳаракатларни бувижонларимиз ҳам бажаради, жиддийроқ нарсаларга ўтинг" мазмунидаги луқмаларни ташлади.

Қуйида Гулнора Каримова Instagram сайтидаг саҳифасида ҳам чоп этган суратлардан айримларини Озодлик муштарийларига эътиборига ҳавола қиламиз.




Сиёсатчи, филантроп ва оддий ўзбек аёли

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи 40 ёшли Гулнора Каримова кейинги бир йил давомида бу каби ҳатти-ҳаракатлари билан тез-тез жамоатчилик оғзига тушмоқда.

Асосан ёшларни ўзига ром қилишга қаратилган PR акциялар сирасидан Гулнора Каримованинг шу йил бошроғида инглиз тилидаги "Round Run" қўшиқлар албомини чиқаргани, инглиз тилида сўзлашувчи ғарбда "диктаторнинг қизи қўшиқ айтмоқда", қабилидаги иборалар билан қабул қилинган бўлса-да, Ўзбекистонда оламшумул воқеа сифатида олқишланди.

Ундан кейин "Round Run" қўшиғига Бухорода видеклип олингани ҳам Googoosha таҳаллуси билан ижод қиладиган Гулнора Каримова мухлислари томонидан юқори баҳоланди. Лекин клипни суратга олиш жараёнида Бухоронинг тархий қисми ёпиб қўилгани мунозараларни келтириб чиқарди.

Ўзини сиёсатчи, қўшиқчи, дизайнер, шоира ва оддий ўзбек аёли деб тақдим қиладиган Гулнора Каримова ёш журналистлар учун ташкил қилинган ёзги лагерга ташриф буюриб, карате кўрсатгани ҳам ёшларни ўзига қаратиш уриниши ўлароқ талқин қилинди. Озодлик сайтида бу ҳақда эълон қилинган мақолага жавобан Гулнора Каримова “ҳеч кимга карате кўрсатмагани”, у намойиш қилган “приёмлар” эса Шао-линь роҳибларининг У-шу жанг санъатига доир эканини таъкидлади.

Жорий йилда Гулнора Каримова етакчилигидаги “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳомийлик қилгани айтилган “хайрия тўйлар” акцияси доирасида Ўзбекистон вилоятларида кам таъминланган оилаларга мингтадан хатна ва никоҳ тўйлари уюштириб берилди. Лекин “хайрия тўйлари” маҳаллий тадбиркорлардан унидириб олинган ўлпон ҳисобидан қилингани яна мунозараларни келтириб чиқарди.

Санъат ва ўзбек маданияти ҳомийси сифатида ҳам танилган Гулнора Каримова ўтказган “Art Week Style.Uz” санъат ҳафталиги президент қизининг энг катта PR тадбирлари бўлди ва минглаб ўзбек ёшлари, асосан шоу-бизнес олами кунда-шундаларининг хурсанчилигига сабаб бўлди. Лекин “Art Week Style.Uz” ҳафталиги бу йил ҳам пахта мавсуми авж палласига чиққан пайтда, аксар ўзбекистонлик ёшлар пахта далаларида тонгдан шомгача тер тўкаётган шароитда ўтказилгани танқидларга сабаб бўлди.

Отасининг ўрнига президентликка даъвогарлик қилаётгани айтилаётган Гулнора Каримова обрўйини кўтаришга қаратилган PR кампаниясининг кучайгани Швеция ва Швейцарияда президент қизига яқин шахслар коррупция ва пул ювишга алоқадорлиги юзасидан тергов кетаётган пайтга тўғри келгани билан ҳам эътиборлидир.
XS
SM
MD
LG