Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:54

Медведев хавфсизликни деб, кулгига қолди


Бош вазир чапани йигитлардай қора чарм куртка кийиб, қора “BMW X5 SUV” миниб келди.
Бош вазир чапани йигитлардай қора чарм куртка кийиб, қора “BMW X5 SUV” миниб келди.
Россия Бош вазири Дмитрий Медведев куни кеча эълон қилган видеоблогида маст ҳолда машина минган ҳайдовчиларга солинадиган жарима миқдорини кескин кўпайтириш тўғрисидаги таклифи билан “қош қўяман, деб кўз чиқариб” қўяёзди.

Чапани йигитлардай қора чарм куртка кийиб, қора “BMW X5 SUV” миниб келган Бош вазир машинани “ғиййқ” этказиб тўхтатиб, ерга тушади-да, камерага тикилиб, дейди:

- Даҳшатли йўл-транспорт ҳодисалари, жумладан одамларнинг бекатларда уриб кетилиши, болалар ҳалокати тўғрисидаги хабарлар деярли ҳар ҳафтада, ҳатто бир ҳафтада бир неча марта пайдо бўлмоқда. Ҳатто пиёдалар учун йўлаклар ҳам хавфли бўлиб қолди. Шаҳар ҳокимияти эндиликда пиёдаларни уларнинг қонуний йўлида ҳимоялаш чоралари тўғрисида ўйлай бошлади...

Бош вазирнинг бу видеоролиги жамоатчиликни анчадан бери ташвишга солиб келаётган муаммо тўғрисида баҳс бошланишига сабаб бўлиш ўрнига унинг энгил-бошию ўзини тутиши тўғрисидаги истеҳзоли шарҳларга сабаб бўлди.

Сиёсатшунос Евгений Минченко "ДождьТВ"да қилган чиқиши чоғида бундай деди:

- Менимча, бу роликка “Бумер” фильмидаги мусиқа етишмаяпти. Медведев бандитлар яхши кўрадиган BMW X5да қора чарм куртка кийиб келди. Агар шу кадрда “Бумер” фильми мусиқаси янграгандайди, “ўлиб қолган” бўларди. Менимча, бу ролиги билан Медведев ўз имижини ҳалокатга учратди.

Афтидан, Медведевнинг ролигини “Бумер” фильми мусиқаси билан безаш сиёсатшунос Минченконинггина хаёлига келмаган. Youtube фойдаланувчиларидан бири бу ишни қилишга улгурибди ҳам.

“Московский комсомолец” газетаси шарҳловчиси эса, шу мавзуга бағишланган материалида Медведевни “хорижий реклама агенти” сифатида BMWни реклама қилди, деб зил ҳазил қилди.

Медведев видеомурожаатининг шаклигина эмас, балки мазмуни ҳам кескин танқидга учради.

Миллиардер ва сўнгги сайловда президентликка номзод Михаил Прохоров Медведевнинг таклифларини кескин танқид қилар экан, ҳукумат аввал дабдаласи чиқиб кетган йўллар аҳволига қарасин, деб ёзди.

Прохоров автомашинасини светофорнинг қизил чироғига солиб юборган ҳайдовчига 500 минг рубл (16,000$) жарима солиш тўғрисида Медведев таклифи устидан кулар экан, “Собиқ президентдан ўзи бошқарган мамлакатда ўртача иш ҳақи қанчалигини билиш-билмаслигини бир сўрасак бўларкан”, деб заҳарханда қилди.

Сал кейинроқ Медведев ўзининг Твиттерида 500 мингли жаримани маст ҳайдовчига солишни таклиф қилганини тушунтирмоқчи бўлди.

Лекин бу тушунтирма ҳам жамоатчилик томонидан тушунилмади.

“Комсомольская правда” мухбири саволларига жавоб берган Давлат думаси депутати Вячеслав Лисаков фикрича, Бош вазир таклифлари мунозаралидир.

Унинг фикрича, жаримага тортишда Ғарб давлатларида қўлланиладиган усулдан фойдаланиш, яъни қоидабузарлик ҳолатларини ҳисобга олишда балл қўйиш тизимидан фойдаланиш керак.

Хуллас, маст ҳолда машина минган ҳайдовчиларни жазолашга оид таклифлар турлича, лекин Медведевнинг таклифи “қуюшқондан чиқиб” кетганини турли даражада билдирилаётган танқидий фикрлар кўрсатиб турибди.

Лекин Медведев айтаётган муаммо Россия учун долзарбдир. Мана энг сўнгги фожеалардан бири: cентябр ойида Москвада бир маст ҳайдовчи автобус бекатида турган 7 киши, жумладан 5 ўсмирни босиб кетди.

Ижтимоий сўров натижалари (ВЦИОМ) россияликларнинг 63 фоизи маст ҳайдовчиларга жазони кучайтириш тарафдори эканлигини кўрсатган.

Жорий йилнинг 10 ойида Россия бўйлаб содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари чоғида қарийб 23 минг киши ҳалок бўлди.

Ўтган йили бу даҳшатли кўрсаткич 28 минг нафарни ташкил қилган эди.
XS
SM
MD
LG