Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:56

Ҳуқуқ фаоллари Тошкентдан реал ислоҳотлар талаб қилмоқда


“Ўзбекистон ҳукумати мамлакат конституцияси қабул қилинганига 20 йил тўладиган 8 декабрга барча сиёсий маҳбусларни ҳеч бир эътирозсиз озод қилиши керак”.


Бу ҳақда Human Rights Watch, Freedom Now, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти, АҚШ ПЕН маркази, АСАТ-France ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация номидан бугун тарқатилган баёнотда айтилади.

Баёнот муаллифларига кўра, мамлакатдаги кўплаб сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши Ўзбекистон томонидан реклама қилинаётган ислоҳотларга Тошкентнинг ҳақиқатан ҳам содиқ эканини намойиш қилган бўларди.

Human Rights Watch вакили Стив Свердловга кўра, тинч фаолият билан шуғулланган журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчилар, мухолифат вакиллари ва диндорлар қамоқда ўтирмасликлари керак ва"сиёсий маҳбусларнинг Конституция куни муносабати билан озод қилиниши президент Ислом Каримов учун ўзбекистонликлар ва халқаро ҳамкорларга у ислоҳотлар йўлида чинакам қадамлар қўйишга тайёр эканини кўрсатиш учун имконият бўлиб ҳисобланади”.

Ўзбекистон расмийлари Конституция куни муносабати билан ҳар йили минглаб маҳбуслар учун амнистия эълон қилади. Бу йил ҳам Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 5 декабр куни галдаги амнистия тўғрисида қарор қабул қилган. Мазкур қарорга мувофиқ, биринчи марта жиноят содир қилган аёллар, жиноят содир қилган пайтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошганлар, шунингдек, хорижий давлат фуқаролари жазодан озод этилади.

Шу ўринда ҳуқуқ фаоллари бу каби амнистияга сиёсий ва диний сабабларга кўра қамалган маҳбуслар қарийб тушмаслигини урғулайдилар.

Бугунги баёнотда касбий фаолияти туфайли қамалган Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Эркин Қўзиев, Ғанихон Маматхонов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов ва Гулноза Йўлдошева каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари рўйхати келтирилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Исоқ Абдуллаев, Азамат Азимов, Муҳаммад Бекжонов, Ботирбек Эшқўзиев, Руҳиддин Фахриддинов, Хайрулла Ҳамидов, Баҳром Ибрагимов, Мурод Жўраев, Даврон Қобилов, Мамадали Қорабаев, Матлюба Каримова, Самандар Қўқонов, Жамол Қутлиев, Мамадали Маҳмудов, Ғайрат Meҳлибоев, Юсуф Рўзимуродов, Рустам Усмонов, Равшанбек Вафоев ва Акром Йўлдошев каби зиёлилар, мухолифатчилар ва диндор маҳбуслар ҳам ўзбек қамоқхоналарида ноҳақ азоб чеккан ва чекмоқда.

Баёнот муаллифлари қамоқ муддати тугаган айрим сиёсий маҳбусларнинг жазо муддати турли баҳоналар билан узайтириб қўйилаётганига ҳам эътибор қаратадилар.

Ўзбекистонда қийноқларга ҳам барҳам бериш шартлигини таъкидлаган ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат расмийларини ўз зиммаларига олган халқаро мажбуриятларни оғишмай бажаришга даъват этадилар.
XS
SM
MD
LG