Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:47

Ўзбекистонда янги йилдан спиртли ичимликлар қимматлайди


Ўзбекистонда янги йилдан алкогол ичимликлари нархи ошади. Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларига белгиланган акциз солиғи 5 фоиздан 25 фоизгача ошади. Янги йилда акциз солиғи вино учун 5 фоизга, этил спирти учун 15 фоизга, бошқа турдаги спиртли ичимликлар учун 20 фоизга, тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи 25 фоизга оширилади.



Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг “Алкогол маҳсулотларининг минимал улгуржи-сотув ва чакана нархларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар вино ичимлигининг 1 литрини камида 3350 сўмдан сота бошлайди. Ҳозир 1 литр вино 2200 сўм туради.



Шу ҳажмдаги коняк, ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотлар – 6100 сўмдан 7600 сўмга қимматлайди.

- Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ушбу меъёрни бузганлар сотилган маҳсулот қийматининг 20% миқдорида, аммо белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробаридан кам бўлмаган миқдорда жаримага тортилади. Солиқ қўмтаси ва Молия вазирлигининг қўшма қарори чиқди. Алкоголли ичимликлар савдоси бўйича қўйлиган талабларга кўра, қоидани бузганлар маъмурий жавобгарлик, агар катта миқдорда бўлса жиноий жавобгарлик ҳам кўзда тутилган,- дейди Ўзбекистон солиқ қўмитасининг ўз исмини айтмаган райсмийси.

Йил давомида қонунбузарлик ҳолати такрорланган тақдирда, жарима миқдори 50%гача ошади, аммо у энг кам иш ҳақининг 300 баробари миқдоридан кам бўлмайди.

Аммо, Ўзбекистондаги спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган ёки ишлаб чиқарадиган кўплаб корхоналар бу қарордан бехабар.

- Бизга ҳали ҳеч қанақа указания (кўрсатма-таҳр.) келгани йўқ. Лекин, акциз ошса, нархлар ҳам ошиши табиий,- дейди Кибрайдаги Алкосавдо дўкони ходими.

Тошкентдаги спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган "Ал Ислом" дўкони сотувчисининг ҳам алкоголли маҳсулотлар нархи янги йилдан ошишидан хабари йўқ.

- Ҳозир бизда мана ароқлар 2 ярим мингдан 20 минг сўмгача нархда сотиляпти. Ҳаммаси ўзимизда ишлаб чиқарилган, акцизи бор ароқлар. Лекин, нарх ошишидан хабаримиз йўқ,- дейди "Ал Ислом" ароқ дўкони ходими.

Ўзбекистон спиртли ичимлик кам истеъмол қилинадиган давлатлар қаторига киради.

Алкоголли ичимликларнинг қимматлаши эса кўпчиликни ташвишлантирмаяпти, афтидан.

- Бирон сабаб бўлмаса, спиртли ичимлик умуман сотиб олмайман. Менга фарқи йўқ. Озиқ-овқат, нон қимматламаса бўлди,- дейди қашқадарёлик Дониёр.

Тошкентлик Толиб ака эса, Ўзбекистонда спиртли ичимлик савдосини умуман тақиқлаш керак, дейдиганлардан.

- Энди биз мусулмон мамлакатмиз. Спиртли ичимлик Исломда ҳаром, деб айтилган. Ҳаромдан ҳоли бўлишимиз керак,- дейди Толиб ака.

Фарғоналик Ҳилола спиртли ичимликлар қимматлашидан ҳурсанд.

- Қимматласа эркакларимиз ичмай қўяди,- дейди Ҳилола.

Хоразмлик Илҳом ака эса, спиртли ичимликлар нархи ошиши уни ўйлантиришини айтади.

- Чунки, қаранг, бизда ичмасангиз ҳам меҳмон келса бутилка туриши керак. Тўй қиладиган бўлсангиз, ароқсиз бўлмайди. Агар қимматласа, бир яшик ароқда анча билинади-да. Лекин, тўйда бир яшик ичилмайди, кўп ичилади,- дейди Илҳом ака.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, алкоголли ичимликлар истеъмоли бўйича Ўзбекистон дунёда 132-ўринда туради. Бу мамлакатда алкогол истеъмоли йилига жон бошига 3,54 литрга тенгдир.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:49 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG