Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:38

Наманганлик аёл ақл бовар қилмас қотилликка қўл урди


“Ипотекабанк” мансабдорлари 854,9 миллион сўм пора олишда айбланди. 1992 йили чиқарилган заёмлар масаласига аниқлик киритилди. Божхона пиротехника савдосига қарши курашни кучайтирмоқда. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Ёнғин хавфсизлиги бўйича 1700 нафар мансабдор жазоланди”

Жорий йилнинг 20 ноябрида бошланган ёнғин хавфсизлиги ойлиги давомида Ўзбекистон бўйича 821 минг қоидабузарлик аниқланди (“Халқ сўзи”, 20 декабр). Ҳокимликлар ҳузуридаги комиссиялар томонидан ёнғин хавфсизлиги бўйича камчиликларни бартараф этмай келаётган 5400 нафар раҳбар фаолияти муҳокама қилинди, уларнинг 1701 тасига интизомий ва маъмурий жазо чоралари кўрилди. Ички ишлар вазирлиги расмийси Анвар Худойқуловга кўра, тафтишлардан кейин мамлакат бўйича 40 мингта носоз агрегат ва электр тармоқларидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган.

“Ипотекабанк” мансабдорлари 854,9 миллион сўм пора олган”

“Ипотекабанк”нинг Сирдарё вилоят филиали мансабдори Шавкат Соатов хориж валютасини пора эвазига ноқонуний сотишда айбланди (“Адолат кўзгуси”, 20 декабр). Шавкат Соатов акаси – “Маҳмуджон Дилшод Элшод” фирмаси ҳисобчиси Озод Соатов билан ҳамкорликда ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланиб келган. Кенг тарқалган схемага кўра, Озод Соатов банкка арзимаган ҳақ эвазига фуқароларни олиб келган ва уларнинг номига валюта сотиб олган. Шу тариқа, тўққиз ой муддат ичида ака-ука Соатовлар ноқонуний валюта савдосидан 1 миллиард сўмдан ошиқ фойда кўрган, бундан 854,9 миллион сўми банкнинг масъул ходимларига пора тарзида берилган. Соатов валюта савдосидан тушган маблағга транспорт воситалари харид қилган. Сирдарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Жавлон Соиповга кўра, суд томонидан жиноий йўл билан топилган деб ҳисобланган битта “Тико”, иккита “Зил”, битта “Камаз” автомашиналари давлат ҳисобига ўтказилди. Озод Соатов 5,6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

“Коллеж талабаси никоҳсиз туғилган фарзандини ўлдирди”

Наманган шаҳри педагогика коллежи талабаси, расман турмуш қурмаган Феруза Ҳайдарова номаълум шахсдан кўрган ўғил фарзандини қасддан ўлдирди, яъни тириклайин ҳожатхонага ташлаб юборди (“Диёнат”, 20 декабр). “Феруза кўпинча уйда ёлғиз қолган. Ўзининг айтишича, номусини ўз уйида йўқотган. Лекин тергов давомида у айбдор санаган йигитнинг айби исботланмади”, деб ёзади Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчиси Шавкатжон Бигматов. “Шармандаликдан халос бўлишни кўзлаб амалга оширилган” жиноятда судланувчининг ота-онаси ва яқинлари беэътиборликда айбланган. 1994 йилда туғилган Ҳайдарова қилмиши учун Жиноят кодексининг 99-моддаси билан айбдор деб топилган. 99-моддага кўра, онанинг ўз чақалоғини туғиш вақтида ёки туғилиши ҳамон қасддан ўлдириши 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

“1992 йилги заёмнинг тақдири нима бўлади?”

1992 йили заём сотиб олган пенсионер Ғ. Ҳошимов Қўқон шаҳар “Агробанк”ига мурожаат қилганида, банк маъмурияти бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирган. Мазкур масалада Навоий вилоятидан У. Ҳайдаров, Андижондан М. Ғаниева ҳам мурожаат қилган (“Даракчи”, 20 декабр). Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 1992 йили чиқарилган 12 фоиз ички ютуқли заёмдан тушган маблағ давлат бюджети даромадига ўтказилган. Мазкур облигациялар, шунингдек, ёзилган қиймати бўйича сотиб олинадиган ютуқ чиқмаган облигациялар юзасидан 2014 йилнинг 1 июлигача тўловлар талаб қилиниши мумкин. Аммо айни пайтда бу борада ҳукумат қарори қабул қилинмаган. Маълум қилинишича, 12 фоиз ички ютуқли заём бўйича тўловларни бошлашга оид ҳукумат қарори қабул қилиниши билан Молия вазирлиги бу борада расмий хабар тарқатади.

“Маҳалла котиби талон-тарожда айбланди”

Наманган шаҳар “Дамбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини котибаси Сора Мирзаева аҳолига бериладиган нафақа ва ёрдам пулларини тайинлашда қонунни четлаб, давлат маблағини талон-тарож қилишда айбланди. Прокуратура вакили Собитжон Жалиловнинг “Диёнат” газетасида ёзишича, Мирзаева ёшга доир нафақаларни нотўғри тақсимлаган ва бюджетдан 5,9 миллион сўмни растрата қилган. У бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган, ойлик маошининг 20 фоизини давлатга ушлаб қолиш шарти билан бир йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган.

“Компьютер дастурлари бўйича етакчи ҳудуд аниқланди”

Ўзбекистонда компьютер дастурлари ишлаб чиқариш бўйича Тошкент шаҳри, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари етакчилик қилмоқда (“Бизнес Вестник Востока”, 20 декабр). 2007-2012 йилларда интеллектуал мулк идорасига янги яратилган дастурларни рўйхатга олиш бўйича 1640 та сўровнома тушган. Айни пайтда янги дастурларнинг 28,2 фоизи таълим, 19,7 фоизи тиббиёт, 13,5 фоизи ахборот технологиялари, 4,3 фоизи бухгалтерия ва банк иши, 3,8 фоизи фойдали қазилмалар олиш соҳаларида ишлатилмоқда.

“Консул никоҳ ўқийди”

Чет элда туғилган чақалоққа ўз вақтида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олмай, ФҲДЁ бўлимига орадан йиллар ўтиб мурожаат қилиш ҳолатлари кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 19 декабр). Андижон тумани ФҲДЁ мудираси Мухтасархон Тўраевага кўра, фуқаролар сарсон бўлмаслиги учун чақалоқ қайси хорижий давлатда туғилишидан қатъи назар, шу пайтнинг ўзида Ўзбекистон консуллик идорасига мурожаат қилиш зарур. Никоҳ масаласига тўхталган Тўраевага кўра, хорижда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаросининг чет эл фуқароси билан никоҳи ўша давлат ва Ўзбекистон ўртасидаги битимларга мувофиқ Ўзбекистон консули томонидан амалга оширилади.

“Пиротехникачилар фаолиятига чек қўйилди”

Божхона идораси пиротехника воситалари олиб киришга қарши курашни кучайтирмоқда (“ХХI аср”, 20 декабр). Мазкур идора матбуот хизматига кўра, жорий йилнинг 11 ойида пиротехника воситаларини ноқонуний олиб киришга оид 60 та қонунбузарлик аниқланган. Натижада 7 мингга яқин пиротехника буюмларининг олиб кирилишига чек қўйилган. Ўтган йилнинг айни шу даврида эса 49 минг дона пиротехника воситалари ушлаб қолинган.
XS
SM
MD
LG