Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:37

"Мустақил мардикорлар” Ички ишлар вазирлигида қабул қилинди


Кузатувчилар¸ мардикор қатламининг Ўзбекистондаги энг ҳимоясиз қатламга айланганини айтишмоқда.
Кузатувчилар¸ мардикор қатламининг Ўзбекистондаги энг ҳимоясиз қатламга айланганини айтишмоқда.

Декабр ўртасида Қўйлиқ бозорида ўз таъсис мажлисини ўтказган "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси"нинг икки фаоли 27 декабр куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Республика профилактика хизмати бошқармаси бошлиғи Исломбек Жаҳонгиров тарафидан қабул қилинди.

Ўзбекистон янги тарихида пайдо бўлган мардикорлар қатлами муаммоларини ечишга қаратилган илк уюшма ташкилотчилари Нуриддин Жуманиëзов ва Фахриддин Тиллаевлар Озодлик мухбири билан суҳбатда вазирлик мулозимига ўзбек мардикорлари дуч келаëтган муаммоларни тушунтиришганини айтишди.

Ўзини "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси" раиси деб тақдим қилган 64 яшар муҳандис конструктор Нуриддин Жуманиëзов Озодлик билан суҳбатда Ички ишлар вазирлигидаги учрашув тафсилотларини айтиб берди:

- Биз Тошкентдаги минглаб мардикорлар ҳар куни дуч келаëтган иккита муаммога мулозим эътиборини қаратдик. Биринчи муаммо¸ бу мардикорларнинг милиция ходимлари тарафидан тинимсиз тазйиқ қилиниши. Мардикорлар прописканг йўқ деган баҳонада Республика профилактика хизмати милиционерлари тарафидан ушлаб қамаб қўйилмоқда. Кўп мардикорлар ўз топган нонини милициия билан баҳам кўришга мажбурланмоқда¸ дейди Нуриддин Жуманиëзов.

Суҳбатдошга кўра¸ мардикорлар дуч келаëтган иккинчи катта муаммо ўзини “иш берувчи” деб атаганларнинг мардикорни чув тушириши билан боғлиқ:

- Кўпинча мардикорни ишлатиб пулини бермаслик билан боғлиқ муаммога дуч келамиз. Мардикор ва иш берувчи ўртасида шартнома йўқлиги эса айни муаммони ечимсиз қилиб қўймоқда. Бу икки муаммо милицияга бориб тақалгани учун биз "Мустақил мардикорлар профсоюзи" номидан 17 декабр куни Ўзбекистон Ички Ишлар вазири Баҳодир Матлубовга мактуб ëздик. 25 декабр куни бизга Ички ишлар вазирининг котиби қўнғироқ қилиб учрашув белгилади¸ дейди Ўзбекистондаги илк Мардикорлар касаба уюшмасини тузган Нуриддин Жуманиëзов.

Қўйлиқдаги қурултой ëки Ўзбекистон мардикорлари¸ бирлашингиз!

Ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли 12 декабр куни Тошкентдаги Қўйлиқ бозорида "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси"нинг биринчи таъсис мажлиси ўтказилгани ва муҳандис Нуриддин Жуманиëзов бу ташкилотга раис этиб сайланганини билдирди:

- 17 меҳнат муҳожири қатнашган мажлисда "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси" раҳбарлигига Нуриддин Жуманиёзов номзоди бир овоздан маъқулланди.

Фаолга кўра, эндиги вазифа тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, Адлия вазирлигига топшириш ва ташкилотни рўйхатдан ўтказишдан иборат.

Абдулла Тожибой ўғли бошчилигидаги фаоллар бир неча ойдан буён мардикорларнинг мустақил ташкилотини тузиш ҳаракатида юришган эди.

Улар кўп марта мардикорлар билан учрашиб, муаммоларини ҳал қилишга уринган пайтларида милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган ва жарималарга тортилишган.

Сентябр ойида Тошкент шаҳар Ҳамза туман суди Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ҳамда Абдулла Тожибой ўғлини ноқонуний фаолиятда айблаб, уларнинг ҳар бирини юз минимал иш ҳақи (7 миллион 235 минг 500 сўм) миқдорида жаримага тортган эди.

Учовлон 22 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ мавзесида жойлашган меҳнат биржасида милиция ходимлари тарафидан ушлаб олиб кетилган эди.

Ўшанда иш топиш илинжида меҳнат бозорига келган одамларга "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси"га кириш учун варақа тарқатган фаоллар суд томонидан жаримага тортилган.

"Мустақил мардикорлар профсоюзи" раиси 64 яшар муҳандис конструктор Нуриддин Жуманиëзов Озодлик билан суҳбатда ¸ мардикорларнинг ҳуқуқлари ташкилот томонидан ҳимояга олинмаса¸ бу тоифа кишилар жамиятнинг энг ҳимоясиз ва ночор қатламига айланиб қолиши мумкинлигини таъкидлади.

Суҳбатдош Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қила олмаëтган вазифаларни бажаришга чоғланганини урғулади.

Жуманиëзовга кўра¸ айни пайтда Тошкент шаҳридаги 100 мингдан ортиқ мардикордан минг нафари янги тузилган "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси"га аъзо бўлишга мойиллик билдиришган.

- Ўзбекистон Конституциясининг 34-моддасига биноан ҳар бир фуқаро касаба уюшмасига аъзо бўлиши мумкин¸ дейди суҳбатдош
XS
SM
MD
LG