Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:10

Озодлик муштарийси 2012 йилда нима ўқиди?


Озодлик статистикасига кўра, муштарийларимизни энг кўп қизиқтирган мавзулардан бири Гулнора Каримова ҳақида бўлган.
Озодлик статистикасига кўра, муштарийларимизни энг кўп қизиқтирган мавзулардан бири Гулнора Каримова ҳақида бўлган.
2012 йилда Озодлик таҳририяти, муштарий ва тингловчилар майлларини инобатга олган ҳолда, қатор янги лойиҳаларни амалга оширди. OzodlikOnline, Пахта-2012, OzodJavob, Ўзбек Имомлари, Отасининг қизлари, Туркистон рассомлари, Муҳожир кундалиги каби янги дастур ва рукнлар Озодлик вэб-саҳифаси ва радиоэшиттиришларининг оммабоплашишига ҳисса қўшди.

Бундан ташқари, мухбирларимиз ҳар доимгидек тезкор, холис, ишончли хабарларни етказиш ҳаракатларини давом эттирди. Озодлик мухбирлари фаолияти самарасини оширишда эса муштарий ва тингловчиларимизнинг ҳиссаси ҳам ошди, ҳам муҳим рол ўйнади.

Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётда рўй берган воқеаларнинг бевосита иштирокчилари ва шоҳидлари бўлган ўзбекистонликлардан олинган хабарлар мухбирларимизнинг ишончли манбаларга таяна олиши ҳамда улардан ҳосил бўлган мақола ва лавҳаларнинг энг кўп ўқилган ва тингланганлар қаторидан жой олишига ҳисса қўшди.

Ўтган 2012 йил сарҳисобини чиқарар эканмиз, Сиз азиз муштарий ва тингловчиларимиз эътиборига бир йил давомида www.ozodlik.org сайтида энг кўп ўқилган мақолалар ЎНЛИГИни ҳавола қилишни лозим топдик.


Ўзбекистондаги оғир иқтисодий аҳвол боис кўп миллионлик меҳнат муҳожирлари армияси ўсишда давом этди. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари мушкул вазиятларга тушиб қолиши ҳоллари 2012 йилда аввалги йилларга қараганда кўпроқ кузатилди. Ҳар қалай Озодлик бу ҳақда кўпроқ хабар қилишига тўғри келди. Ўзбекистонлик муҳожирнинг кўнгилсиз саргузаштларига кўпинча ватандошлари сабаб бўлди. Сеулдаги ўзбек қизи ўз ватандоши зўрлаганини айтмоқда номли мақола қисқа вақт ичида 11715 марта ўқилиб, бу рўйхатда 10-ўринни эгаллади.

Энг кўп ўқилган мақолалар орасида 9-ўринни эгаллаган Россияда "ўзбекча" интим хизматлар таклиф қилиняпти мақоласи ҳам муҳожиратдаги ўзбеклар ҳаётига доир. 2012 йилда хорижда фоҳишалик қилишга мажбур бўлган ўзбек аёллари билан боғлиқ кўплаб воқеалар гувоҳи бўлдик. Апрел ойида эълон қилинган бу мақолани 11868 муштарий ҳижжалаб ўқиди.

2012 йилнинг 22 феврал куни Швециянинг Стромшунд шаҳрида ўзбекистонлик Таниқли уламо Обид қори Назаровга суиқасд уюштирилди. Озодлик бу ҳақда биринчилардан бўлиб хабар қилди ва бу ҳодисага оид илк мақолани 12485 муштарий ўқиди. 8-ўрин.

2012 йил Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова учун ҳодисаларга бой бўлди. Гулнора Каримованинг хориж ширкатларидан юзлаб миллион доллар миқдорида пора олгани иддао қилинган мақолалар хориж матбуоти сарлавҳаларидан тушмаган бўлса, ўзбек матбуоти президент қизининг саховатпешалиги, маданий-ижтимоий тадбирлар ташаббускори сифатидаги фаолиятини ёритиб борди. Озодлик таҳририяти Гулнора Каримова жўшқин ҳаётига оид барча ҳодисаларни холис ёритишга ҳаракат қилди. 12878 марта ўқилган Гулнора Каримовани севиб қолдим.... мақоласи 7-ўринда.

Озодликнинг 13439 муштарийсига манзур бўлиб, 6-поғонадан жой олган Гулнора Каримова: Менга “Ла Скала”да диагноз қўйишган номли мақола ҳам президентнинг тўнғичи ҳақида.

31 август куни байрам қилинган Мустақилликнинг 21 йиллиги тадбирларида Гулнора Каримова илк бор Ўзбекистон ТВси экранларидан тушмади. Энг кўп ўқилган мақолалар БЕШЛИГИни бошлаб берувчи мақола ҳам Каримовлар фамилияси билан боғлиқ: Каримов яна "Лазги"га ўйнади, Гулнора twit қилиб турди мақоласини 13672 муштарий ўқиди -- 5-ўрин.

2012 йили кўпчиликнинг ичига ғулғула солган воқеаларидан бири қадимги майалар тақвими тугаб, охирзамон бўлишига оид миш-миш билан боғлиқ бўлди. 2012 йилнинг 21 декабрига башорат қилинган "охирзамон" ҳатто Озодлик мухлисларини ҳам хавотирга солди шекилли, ўша кунлари OzodJavob рукнига келган саволларнинг кўпида бу ҳақда мутахассис ва уламоларнинг фикрини билиб бериш сўралди. 21 декабр куни охирзамон бўладими? мақоласи 15176 муштарийнинг диққатини тортиб, 4-ўринни эгаллади.

Ўзбекистонлик таниқли спорт шарҳловчиси ва диний воиз, икки йилдан бери қамоқда қолаётган Хайрулла Ҳамидов тақдири 2012 йилда ҳам Озодлик муштарийлари диққат марказида қолди. Хайрулла Ҳамидов Озодликка раддия берди мақоласи билан 15430 муштарий қизиқди ва у 3-ўринни эгаллади.

Озодликнинг янги OzodlikOnline интерактив дастури, унда қатнашган муштарий ва тингловчиларимизнинг сонидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, шубҳасиз муваффақиятли лойиҳаларимиздан бири бўлди. Бу рукн доирасида Каримовдан кейин ҳокимиятни ким олиши мумкин? деган савол муҳокамасида қатнашган ва уни радиода тинглаган саноқсиз мухлисларимиздан ташқари, www.ozodlik.org саҳифасида бу муҳокамани 17852 муштарий кузатди -- 2-ўрин.

Ва ниҳоят, Psiphon 3 ҳақида эшитдингизми? номли информацион материалнинг 22211 муштарий томонидан ўқилиб, 1-ўринни эгаллагани Озодлик таҳририятини, айниқса, хурсанд қилди. Чунки www.ozodlik.org сайтига Ўзбекистонда қўйилган тўсиқларни енгиб ўтиш учун Озодлик буюртмасига кўра Psiphon ширкати томонидан ишлаб чиқилган махсус дастурга билдирилган қизиқиш, ўзбекистонликларнинг холис ва ишончли ахборотга чанқоқликни Озодлик воситасида қондираётгани белгисидир. Бу эса Сиз азиз тингловчи томонидан Озодликка берилган энг юқори баҳодир.
XS
SM
MD
LG