Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:42

Болаларни асраб олиш суд орқали бўлади


Бола асраш жараёнининг судлар ваколатига ўтказилиши бу соҳадаги коррупцияга барҳам беришига умид қилинмоқда.
Бола асраш жараёнининг судлар ваколатига ўтказилиши бу соҳадаги коррупцияга барҳам беришига умид қилинмоқда.

“Адолат” социал демократик партиясининг парламентдаги фракциясида Ўзбекистонда бола асраб олишнинг қонуний аспектлари масаласи пайшанба куни муҳокама қилинди. Муҳокама қилинаëтган “Ўзбекистон оила кодекси ва фуқаровий процессуал кодексга ўзгартишлар киритиш” борасидаги қонун лойихаси болаларни асраб олиш жараёни суд орқали амалга оширилишини тақозо қилади.



Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Озодлик билан суҳбатда ҳали қабул қилинмаган қонунни расман изоҳламаган ҳолда¸ мамлакат фарзандлари истиқболи учун мустаҳкам қонуний асослар яратиш ҳаëтий зарурат эканлигини таъкидлади.

Суҳбатдошга кўра¸ “Оила йилида” қабул қилинган давлат дастури ва Ўзбекистон президентининг 2012 йил 15 ноябрдаги фармойиши асраб олиш масалаларини мукаммаллаштириш учун асос яратган.

“Адолат” социал демократик партиясининг Сурхондарëдаги фаоли Норбўта Қориевнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон тарихида ҳозирги кўринишдаги етимхоналар бўлмаган. Етим қолган болалар аксарият ҳолларда қариндошлар тарафидан асраб олинган.

Бу ўзбек зеҳниятига хос хусусият деб таъкидлаган суҳбатдош бу жиҳатларнинг ўзбек қонунчилигида акс этишини зарур деб билади.

Бола асраш масаласини суд ҳал қилиши жаҳонда қабул қилинган амалиëт¸ дейди Россиядаги “Права ребенка” ташкилоти раҳбари Борис Алтшулер.

- Аксарият мамлакатларда бола асраш суд қарорига кўра амалга оширилади. Ўзбекистонда ҳам шундай бўлса бу жуда яхши. Лекин бу борадаги коррупцияга суд жараëни барҳам берадими, йўқми бу бошқа масала. Бу энди Ўзбекистондаги суд тизими қанчалик мустақил деган савол жавобига бориб тақалади¸- дейди Алтшулер.

Ўзбекистонда бола асраш билан боғлиқ жиноятлар судларда кўрилган.

2011 йилда Тошкентнинг Шайхонтоҳур туман судида бола сотиш билан боғлиқ жиноят кўриб чиқилган эди.

Бу маҳкамада иштирок этган ва исми айтилишини истамаган тошкентлик адвокатга кўра, бола сотиш билан боғлиқ жанжаллар кам ҳоллардагина суд орқали кўрилади:

- 2011 йилги маҳкамада Тошкентдаги “Здоровье всем” ширкати гинекологи Лола Аҳмедова янги туғилган қизалоқни 5100 АҚШ доллари эвазига бошқа биров номига расмийлаштиришга уринганликда айбланди¸- дейди суҳбатдош.

Озодлик мухбири “Здоровье всем” ширкатига қўнғироқ қилиб¸ Лола Аҳмедованинг кейинги тақдири билан қизиқди.

Телефонга жавоб берган ширкат вакили Лола Аҳмедованинг “Здоровье всем” марказидан бўшаб кетганини айтди.

- Биз ҳозир бола асраб олиш масалалари билан шуғулланмаяпмиз¸- деди ширкат вакили Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ муаммони тафтиш қилган саноқли ҳуқуқшунослардан бири Турсуной Пўлатова ўтган йил охирида ҳибсга олинган эди.

Тошкентлик мустақил журналист Сид Янишевга кўра¸ адвокат касбий фаолияти боис ҳибсга олинган:

- Тошкентлик адвокат Турсуной Пўлатова 18 декабр куни қўлга олиниб, Миробод суди қарори билан вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жўнатилди. Бу қарор 14-декабр куни, Uznews.net сайтида Пўлатованинг Тошкентдаги эмизикли чақалоқни оталиққа олиш билан боғлиқ бюрократик машмашалар ҳақидаги интервьюсидан кейин чиқарилди¸- дейди Сид Янишев.

Бола учун яхшилик

“Адолат” социал демократик партиясининг Сурхондарëдаги фаоли Норбўта Қориевга кўра, Ўзбекистонда етим қолган болалар мамлакатнинг ўзида асралгани маъқул.

Россиядаги “Права ребенка” ташкилоти раҳбари Борис Алтшулер бу фикрга қўшилмайди:

- Энг мухими бола учун яхши бўлиши зарур. Болага Америкада яхши бўлса, Америкага берилсин¸ Ўзбекистонда яхши бўлса, Ўзбекистонда қолсин. Бу омил “Бола ҳуқуқлари конвенциясида” акс этган¸- дейди Алтшулер.

Суҳбатдошга кўра, етим қолган болага қаерда яхши бўлишини фақат суд ҳал қилиши керак.

Расмий маълумотларга кўра¸ кейинги 13 йил мобайнида 60 га яқин ўзбекистонлик бола АҚШга асраб олиш учун олиб кетилган.

Минтақа мамлакатлари орасида Қирғизистон ва Тожикистонда болаларни чет элликлар тарафидан асраб олинишига расман чек қўйилган.
XS
SM
MD
LG