Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:33

Қўйлар муборак!


Қирғизистон ахборот агентликлари кеча ўзбекистонликлар томонидан олабуқалик чўпондан олиб кетилган 101 қўйнинг 24 таси қайтарилмаганини хабар қилди.


Айтилишича, 14 январ куни ўзбекистонлик уч киши Жалолободнинг Олабуқа туманида маҳаллий чўпон Қапар Мўлдўбековни калтаклаб, у боқиб юрган 100 дан зиёд қўйни Ўзбекистонга ҳайдаб кетибди.

Қирғизистонлик воқеа гувоҳлари Қапар чўпон Кўксерек қишлоғида 355 та қўйни ўтлатиб юрган пайтда ўзбекистонликлар келиб, қўйларининг қарийб учдан бирини олиб кетишганини айтишибди. Улар аввалига ўзбекистонликлар бутун сурувни ҳайдаб кетмоқчи бўлишгани, фақат бошқа бир чўпон халақит бериб қолгани учун “борига барака” қилишганини қўшиб қўйишибди. Ҳозир чўпон касалхонада даволанаётганмиш.

Воқеадан кейин у ерга 50-60 одам йиғилиб, қўй ўғрилари гўрига ғишт қалашибди. Шундан кейин икки давлат чегарачилари учрашибди. Қирғиз зобитлари ўзбекистонлик ҳамкасбларига ўғрини ушлаб, таъзирини бериб қўйишни сўрашибди.

Ўғриларни тутган ўзбек погонлилари 77 қўйни қўшниларга қайтарибди. Қўйларнинг қолгани қаёқда қолгани ҳозирча маълуммасмиш.

Бунақа воқеалар пайтида йўтал аралаш овоз чиқариб қўядиган ўзбекнинг мутасаддилари бу гал оғзига талқон солиб олган – Ўзбекистондаги ҳеч бир хабарчи сайт бу ҳақида ёзмади. Фақат Узметроном деган сайт Қирғизистондан келган “24 қўй ўз юрти келажагига ишонч йўқлигини айтиб, Ўзбекистондан сиёсий бошпана сўраган”и ҳақида истеҳзо қилди.

Бу воқеадан кейин Ўзбекистон ҳақида “у ёқларда эркинлик йўқ бўлгани билан талончилик авж олмаган” деб бировга гап бермай юрган мендек нотавонлар тилини тишлаб қолди.

Ё тилни тишлаш ўрнига ўша тарафга қараб, баланд овоз билан: “Қўйлар муборак, бой ота, қўйлар муборак!” деб қичқирсаммикин? Қани, данданадан олинг, данданадан...

Хижолат махсум
XS
SM
MD
LG