Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:34

Роберт Блейк Бишкекка келди


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкнинг Қирғизистонга икки кунлик сафари чоғида Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит маркази ҳозирлик муддатини узайтириш масаласи муҳокама қилиниши тахмин қилинмоқда.

Роберт Блейк Бишкекка 16 январ куни етиб келди. Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Нуржигит Кадирбековнинг айтишича, Роберт Блейк қирғиз ҳукумати раҳбарлари билан учрашади ва Қирғизистон-АҚШ иқтисодий алоқаларига бағишланган кенгашда иштирок этади.

-16 январда жаноб Роберт Блейк давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев, ҳукумат раҳбари Жонтўра Сатибалдиев ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Жўўмарт Ўтурбаев билан учрашади. 17 январда эса иқтисодий алоқаларга бағишланган кенгаш ўтади. Кенгашда хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш, маданий-маърифий, сиёсий-дипломатик алоқалар муҳокама қилинади,-деди Нуржигит Кадирбеков.

Ташқи ишлар вазирлиги расмийси кенгаш йиғилишида Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит маркази ҳозирлигини узайтириш масаласи юзасидан гап бўлиши ҳозирча номаълум эканини билдирди. “Америка овози” радиоси тарқатган маълумотда айтилишича, Роберт Блейк Марказий Осиё сафари олдидан Қирғизистонда АҚШ ҳарбий транзит маркази ҳозирлигини узайтириш масаласини ҳам муҳокама қилиши ҳақида гапирган.

Бу мавзу бугунги кунда АҚШ-Қирғизистон муносабатларидаги долзарб масалалародан бири бўлиб турибди. Чунки президент Атамбаев бир неча маротаба нуфузли учрашувларда 2014 йилнинг июн ойигача АҚШ ҳарбийларининг Қирғизистондан чиқарилиши тўғрисида баёнот берган.

Баъзи таҳлилчиларнинг айтишларича, Бишкекда АҚШ ҳарбийларининг 2014 йилдан сўнг қолиш ёки қолмаслиги Вашингтоннинг Москва билан тил топиша олишига боғлиқ бўлади.

-Атамбаев ўз позициясини очиқ билдирган. У бу фикридан қайтмайди. Лекин АҚШ дипломатлари Бишкекда ўз ҳарбийларини қолдиришга ҳаракат қилади. Агар Россия ва АҚШ транзит маркази ҳозирлик муддати ўзайтирилсин, деган қарорга келишмаса, Қирғизистон бир тарафлама ўз позициясини ўзгартирмайди. Бу масала АҚШнинг Россия билан тил топиша олишига боғлиқ бўлади, -деди сиёсатшунос Марс Сариев.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк Қирғизистон ва Россия ҳарбий ҳамкорлик юзасидан лойиҳаларни амалга ошира бошлаган бир пайтда Бишкекка сафар қилмоқда. Масалан, Россия ва Қирғизистон ўртасида АҚШ ҳарбий транзит маркази ўрнида логистика маркази ташкил этиш юзасидан музокаралар бошланган. Бундан ташқари Россия Қирғизистонни ҳарбий техника ва қуроллар билан таъминлашини билдирган.
XS
SM
MD
LG