Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:46

МХХ Дўстлик туман Халқ таълими раҳбарини ҳибсга олди


Озодлик манбаларига кўра¸ Жиззах вилояти Дўстлик тумани Халқ таълими бўлими мудири Салоҳиддин Далиев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан порахўрликда айбланиб ҳибсга олинган.

Дўстлик туманида истиқомат қилувчи Озодлик манбасининг исми сир қолиш шарти билан маълум қилишича, Салоҳиддин Далиев туман Халқ таълими бўлими мудири лавозимига бундан атиги 8 ой аввал тайинланган:

- Бу йигит бизнинг хўжалигимиздан эди. Илгари Амир Темур номли 7-мактабнинг директори бўлиб ишлаган. Ўтган йил Халқ таълими бўлими мудирлигига тайинланган эди. Кеча унинг укаси билан гаплашдим. Қишлоқ фуқаролар йиғинидан справка қилиб юрган экан. Укасининг айтишича, Дўстлик туманидаги боғча мудираларидан бири Миллий хавфсизлик хизматига "мендан бир ярим миллион сўм пора олган", деб ёзиб берган экан. Мудир пул олаётганда ушланмаган экан, дейди Озодликнинг Дўстликдаги манбаси.

Дўстлик тумани Халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Мавлон Камолов Озодлик билан суҳбатда Салоҳиддин Далиевнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади:

- Воқеа тафсилотларидан тўла хабарим йўқ. Энди уни тергов органлари ўрганаяпти. Унга қўйилаётган айбларнинг қанчаси тўғри, қанчаси ёлғон, Худонинг ўзи билади, деди Мавлон Камолов.

Дўстлик туманидаги мактаблардан бирида ишлаётган ўқитувчи Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Салоҳиддин Далиевнинг боғча мудирасидан пора олишига ишонмаслигини айтади:

- Аслида бу боғча опа ўтган йили ҳам биттасини пора бердим¸ деб қаматиб юборганди. Салоҳиддин Далиев эса камбағал оиладан чиққан, камтарин, яхши бола эди. Ҳозир ҳеч ким ишонмаяпти, унинг пора олганига. Яна айтишларича, боғча мудираси гўёки бир ой олдин бўлган воқеани ёзиб берган экан, дейди ўқитувчи.

Сўнгги пайтларда Жиззах вилоятида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан мансабдор шахсларни ҳисбга олиш кампанияси авж олди.

Шу йилнинг 5 январ куни МХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан вилоят прокурори ўринбосари Баҳромжон Эрматов, прокурорнинг яна бир ўринбосари, юридик фанлари номзоди Рамазон Пўлатов, вилоят прокуратурасининг катта терговчилари Бахтиёр Аралов ҳамда Диёр Ахмедовлар ҳибсга олинган эди.

Янги йил арафасида МХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси тезкор вакиллари Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокими Ғофир Қаршибоевни маҳаллий фуқаролардан биридан пора олаётган вақтида хизмат хонасида ҳибсга олган эди.
XS
SM
MD
LG