Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:41

Ўзбекистон иқтисоди 7,5 фоизга ўсиши башорат қилинмоқда


Жаҳон Банки 2013 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга ўсишини башорат қилмоқда. Халқаро молия идорасининг башорати Ўзбекистон ҳукуматиникидан фарқ қилмайди. Айни пайтда, Ўзбекистон 2012 йилда ўз иқтисодини 8,2 фоизга ўстиришга муваффақ бўлгани ҳам айтилмоқда. Жаҳон Банки, Халқаро валюта жамғармаси каби ташкилотлар кейинги 5-10 йил давомида Ўзбекистон иқтисоди изчил ўсиб бораётганини тан олиб келади. Лекин мутахассислар бу рақамлар шубҳали экани ҳисобга олинмаганида ҳам, Ўзбекистон мисолида жиддий ютуқ деб кўрилмаслиги керак демоқда.



Жаҳон Банки эълон қилган “2013 йил глобал иқтисодий истиқболлар” номли ҳисоботда 2013 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга ўсиши айтилади. Бундан ташқари Жаҳон Банки 2014 ва 2015 йиллар учун ҳам прогнозларни бериб, Ўзбекистон иқтисоди изчил 7 фоиздан ўсишда давом этишини тахмин қилмоқда.

Жаҳон Банкидан ташқари, Халқаро валюта жамғармаси ҳам бошқа мамлакатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ўз прогнозларини тайёрлашда расмийлар тақдим қилган рақам ва маълумотларга таянади. Шунинг учун бу каби прогнозлар мустақил иқтисодчилар томонидан шубҳа билан қарши олинади.

Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ мулозими, ҳозирда Остонадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев ҳам халқаро молиявий идораларнинг Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятни мустақил таҳлил қилиш механизмлари йўқлигини айтади. Лекин шу билан биргаликда иқтисодчи Ўзбекистон ЯИМ 7-8 фоизга ўсаётганига оид иддаоларда асос борлигини эътироф этади.

- Масалан Ўзбекистон газ чиқаради, пахта экспорт қилади, ҳажмлари ҳар йил бир хил туриши мумкин. Лекин пахта баҳоси 20 фоизга халқаро биржада ўсиб кетадиган бўлса, бу албатта Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг пахтага нисбатан 20 фоиз, умумий ҳажмига 4-5 фоизга ўсганини кўрсатади. Албатта Ўзбекистонда пахта ҳажми кўпайиши деган гап эмас. Агарда баҳоси ҳам ўзгарса, бу ялпи ички маҳсулотнинг кўпайишига олиб келади. Газда ҳам худди шунақа. Газнинг баҳоси ўсаяпти. Шунақа бўлиши мумкин.

Айни пайтда, дея давом этади мутахассис, сўнгги 5-10 йил давомида бир тарафдан халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ЯИМ ўсиб бораётганини эътироф этаётганига қарамай, ўсиш асосан хом ашё экспорти ҳисобидан амалга ошаётгани бу ҳолатнинг аҳоли турмушида деярли экс этмаётганини кўриш мумкин.

- Жаҳон банки ҳам шуни кўрадида “тўғри, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ўсиши бор” дейди. Лекин унинг ижтимоий соҳага, одамларнинг ойликлари ўсишига таъсир қилиши бошқа нарса. Ўзбекистон ҳар йил ойликни кўтарадию 10-15 фоизга. Лекин у ички ялпи маҳсулотнинг ўсишига ëки бунисига таъсир қилмайди. Чунки у биржадаги инфляция билан, кейин баҳоларнинг ўзгариши билан, кейин валютанинг курси билан, ҳалиги дефлятор деган нарса бор макроэкономик кўрсаткичларда, шу дефляторига коррекция қилинадида, йўқ бўлиб кетади,- дейди Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон иқтисоди келаси уч йил давомида ўртача 7 фоиздан ўсиши айтилаётган бўлса, АҚШ, Германия, Франция каби дунёнинг ривожланган давлатларида прогнозлар 0 фоиздан 2 фоизгача деб берилмоқда.

Масалан, Қўшма Штатларда 2013 йилда ялпи ички маҳсулот 1,8 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда ва бу глобал иқтисодий инқироз давом этаётган шароитда дунёнинг иқтисоди энг қудратли мамлакат учун ижобий кўрсаткич, деб қабул қилинмоқда.

Сапарбой Жубаев, ривожланган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг 7 фоизлик ўсиши ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳалари ҳисобидан бўлмагани, унинг аҳоли турмушида акс этмаслигини тушунтиради, дейди.

- Европа 1,5-2 фоиз ўсишига, Япония 1 фоиз ўсишига хурсанд бўлиб турадиган бўлса, Монголия 25 фоиз ўсишига мақтанмаслиги мумкин деган. Озарбайжон охирги 2-3 йилда 18-19 фоиздан ўсиб келаяпти. Улар учун бу ҳали бундай даражага етдик деган масала эмас. Масалан Қозоғистон ҳам бу йил 5,5-6 фоизга ўсиш берди. Ҳамма хурсанд эмас. Биз 8 фоизни кутган эдик дегандек бўлаяптида. Шунинг учун 7 фоиз ҳам Ўзбекистон учун имкониятлардан ҳали жуда кам фойдаланиш деб айтса бўлади,- дейди иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган ҳафта 2012 йил якунларига бағишланган ҳукумат йиғинида қилган чиқишида, халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ютуқларини тан олаётганини таъкилади. Каримов 2012 йилда Британиянинг Легатум институти ўзининг Фаровонлик ва ривожланиш индексида Ўзбекистонни дунё мамлакатлари орасида 64-ўринга киритганини бунга мисол сифатида келтирди.

Айни пайтда АҚШдаги Heritage Foundation стратегик тадқиқотлар институти шу ой бошида эълон қилган 2013 йилги Иқтисодий эркинлик индексида 177 мамлакат орасида Ўзбекистонни 162 ўринга қўйди.
XS
SM
MD
LG