Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Olam.uz муассиси айбловлар тўғрисидаги хабарларни инкор этди


Интернет фойдаланувчилари орасида анча танилиб қолган Olam.uz янгиликлар портали муассиси – “Mobile Mass Media” масъулияти чекланган жамияти вакили сайтнинг 10 кундан зиёд вақтдан буён ишламаётганини техник носозликлар билан изоҳлади. У баъзи ахборот воситаларининг сайт муассиси бўлган ширкат ва унинг бош муҳарририга нисбатан қатор айбловлар илгари сурилаётгани тўғрисидаги хабарларни инкор этди.


Olam.uz сайтига оид хабар пайдо бўлиши биланоқ Озодлик радиоси сайт муассиси “Mobile Mass Media” масъулияти чекланган жамияти билан боғланди.

Ўзини ширкат раҳбариятидан эканлигини писанда қилган, лекин исмини айтишни истамаган вакили Olam.uz сайтининг “техник носозликлар туфайли ишламаётганини” билдирди.

Olam.uzнинг Facebookдаги саҳифасида эса мана бу хабар пайдо бўлди:

“Mobile Mass Media” МЧЖ (Ўзбекистоннинг OLAM.uz портали эгаси) хабар қиладики, ҳозирда сайтнинг вақтинчалик характерга эга бўлган ва ўз ечимини талаб қилаётган муаммолари мавжуд. Носозликлар бартараф этилиши мумкин бўлган муддатни ҳозир аниқлаш имконсиздир”.

Бу қисқа хабар Olam.uzнинг Facebookдаги саҳифасида 29 январ куни Тошкент вақти билан соат 13.00 атрофида, Olam.uz тўғрисида CA-NEWS ахборот агентлиги хабари эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач пайдо бўлди.

CA-NEWS ахборот агентлиги ўз манбасидан олинган маълумотга таяниб, портал муассиси бўлган ширкат ва унинг бош муҳаррири устидан ўтган йилнинг ноябрида жиноят иши очилганини хабар қилди.

Агентлик ўз хабарида ширкат ва унинг бош муҳарририга нисбатан қандай айбловлар илгари сурилаётганини ҳам бирма-бир санаб ўтган.

Бироқ Olam.uz сайти муассиси - “Mobile Mass Media” Озодлик саволларига жавоб берар экан, бу хабарни инкор этди ва “шу пайтгача ҳукумат томонидан бизга эътироз бўлмаган”, деди.

Лекин у ширкат раҳбарининг ким эканлиги тўғрисидаги саволга “Буни айта олмайман, бизда ҳозир раҳбар йўқ”, деган мавҳум жавоб билан чекланди.

Тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевичнинг фикрича, Olam.uz кейинги вақтларда Ўзбекистонда фаолият бошлаган, мундарижаси билан бир-бирига ўхшаб кетадиган ва нисбатан дадиллиги билан диққатни ўзига торта бошлаган янгиликлар ёритувчи бир неча сайтдан биридир.

-Мен, аввало, бу сайтларнинг тезкорлигини таъкидлаб ўтган бўлардим. Булар ўз бошларига ўзлари иш ошириб олишдан қочиб, информацияни имкони борича холис ёритишга ҳаракат қилсалар ҳам, одатда у ёки бу муҳим мавзуни доим кузатиб боришга уринади. Масалан, МТС ширкати билан боғлиқ можарони ёритар экан, можаро ортидаги турли сабабларни тилга олишди, шунга ўхшаш бошқа можароларни ҳам ёритишга уринишди. Бундан ташқари бу сайтларда муштарийлар шарҳларига жуда кенг ўрин беришди. Албатта, бу кенгликни ташқаридаги эркин сайтлар кенглиги билан қиёслаш қийин, лекин Ўзбекистон учун бу сайтларда босилган шарҳларни анча дадил, дейиш мумкин, дейди Алексей Волосевич.

Тошкентлик журналист айтаётган сайтлар қаторига Gazeta.uz, Anons.uz, Podrobno.uz, Kun.uz кабиларни киритиш мумкин.

Ўзбекистонда медиа соҳасидаги энг сўнгги шов-шувли иш 2012 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган эди.

26 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди (Тошкент шаҳри) “ORIAT” телерадиокомпанияси директори Алишер Холдоров ва унинг икки ҳамкасбини турли муддатларга озодликдан маҳрум қилган эди.
XS
SM
MD
LG