Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:43

Мухолифатга пул берди деб қамалган шоир оламдан ўтди


Бир нечта шеърий китоб, кўплаб телелойиҳалар муаллифи Қадам Саидмуродов 29 январ куни вафот этди. Бу ҳақдаги хабарни Озодликка шоир жанозасида қатнашган тошкентлик маълум қилди.



Суҳбатдошимизга кўра, 62 ёшли Қадам Саидмуродов 8 йиллик жазо муддатини ўташ жараёнида олган касаллигининг асорати сабабли вафот этган.

Мухбиримиз тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Қадам Саидмуродов 1990-йиллар ўрталарида ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳ билан алоқадорликда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Айблов ҳужжатларида Қадам Саидмуродовнинг мухолифат фаолияти учун пул берганлиги айтилган.

Жазо муддатини Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков билан бир камерада ўтаган шоир озодликка чиққанидан сўнг Назарбековнинг кўплаб қўшиқларига муаллифлик қилган.

Қадам Саидмуродов 1987 йил Ўзбекистонда хит бўлган, таниқли қўшиқчи Юлдуз Абдуллаева ижросидаги “Мен сизни азизим...” қўшиғига ёзилган шеър муаллифидир.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Абдуллаева Қадам Саидмуродов билан ҳамкорлик махсули бўлган бу қўшиқ ҳақида ўтган йили Озодликка гапириб берган эди.

- Мен ўзи шеър ëзиб турардим. “Мен сизни соғиндим” деган шеър ëзганман. Лекин бу шеърни қўшиқ қилиш ниятим йўқ эди. Ўша пайтларда Қадам Саидмуродов Ўзбекистон радиосида ишлар эди. Ўзбекистон радиосида оркестр билан кўп ëзувлар қилиб юрардик.

Ўша пайтларда Қадам акага “Бир шеър ëзган эдим. Бир кўриб беринг” деб кўрсатганман. Қадам ака шеърни кўрганлар ва шу шеърдан илҳомланиб “Мен сизни азизим...” деган шеър ëзганлар.

Кейин “Мен ҳам йўлда шунақа шеър ëздим”, деб кўрсатдилар. Мен бу шеърни кўрганимдан кейин менга куй келди. Кейин куй басталаганман. Ўша пайтда радиода композитор Дони Илëсов ишлардилар. Мен у кишига шу куйни “оркестр жўрлигида қилиб берсангиз”, деб кўрсатганман.

Шу билан бу қўшиқ оркестр учун басталанган ва оркестр билан ижро этганман. Мусиқаси ўзимники¸ оранжировкаси Дони Илëсовники¸ сўзи Қадам ака Саидмуродовники¸ дея эслаган эди Юлдуз Абдуллаева.

Қадам Саидмуродов вафотига ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида муносабат билдирган Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон назарида марҳум пок ва тўғри инсон бўлган:

-Қадам Сайидмуродов билан тенгдош, адабиётга бирин-кетин кириб келган эдик. Йиллар ўтиб, қўшни бўлиб бир неча йил ёнма-ён яшадик. Бир-биримиздан ёмонлик кўрмадик.

Радиода ишлагани учунми, кўпроқ қўшиқ ёзиш билан шуғулланди. Қадамнинг шеърларини қўшиқ қилиб айтмаган хонанда йўқ эди ўша пайтларда. Отажон Худойшукуров, Камолиддин Раҳимов, Нуриддин Ҳамроқулов, Ортиқ Отажонов, Охунжон Мадалиев, Султонпошша Ўдаева, Юлдуз Абдуллаева ва яна…яна…

Мендан кўра Усмон Азим ва Муҳаммад Раҳмонга яқин эди. Чунки улар ёшликда радиода бирга ишлашган эди.

Мустақиллик арафасида Ёзувчилар уюшмаси томонидан уй тақсимланганда болаларимиз билан сиғмай қолган уйларимизни топшириш эвазига янги уй беришди.

Кейин маълум бўлдики, мен билан Қадаму яна 2 кишидан бошқа бирон зот эски уйини топширмабди,эски уйларини ҳам сақлаб қолишибди,янги уйли ҳам бўлишибди.

Баъзилари ҳатто » Ўзи менга квартира керак ҳам эмасди, бергандан кейин ноилож олдим» деб керилиб юришди. Ҳолбуки,Қадамнинг 3 ўғли бирин-кетин бўй чўзиб келаётган эди,у эски уйини ҳам топширмаса бўларди. Аммо, тўғрилиги учун, поклиги учун уйини топширди. Янги уйга кўчиб келиб,4-5 йил ўтар ўтмай яна қисилиб яшашга мажбур бўлди¸ деб ëзди шоирнинг дўсти.

1951 йилда Хоразм вилоятида туғилган Қадам Саидмуродов Урганч педагогика олийгоҳини битирган.

1975-1990 йилларда Ўзбекистон радиотелевидениеси мусиқали эшиттиришлар бўлимида муҳаррир бўлиб ишлаган.

1984 йилда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига қабул қилинган.

Мана бу мисралар шоирнинг сўнгги тўплами “Аломат армонлар” китобидан ўрин олган.


ВИЖДОННИНГ АРМОНИ

Тишларингни тишларга ботқизиб,
Давлатини нақд қилиб қўйдинг.
Кўзларин кўр,
Қулоқларин кар,
Жимлигини бахт қилиб қўйдинг...


ИТНИНГ АРМОНИ

Қора ит деб,
Оқ ит деб,
Қилсалар ҳам киноя,
Одамлардан одамни
Итлар қилар ҳимоя...
XS
SM
MD
LG